Қатар делегацияси самолёти Швейцарияда кучли шамолда ёнбошлаб қўнди (видео)

Қатар ҳукумати делегацияси аъзоларини олиб кетаётган Airbus A320 самолёти Швейцариянинг Берн шаҳрида кучли ёнлама шамол сабаб ғайриоддий тарзда қўнишга мажбур бўлди. Самолётнинг гўё ёнбошлаб учаётгандек кўринган ҳолати акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда People хабар берди.
Ҳодиса 17 ноябрь куни Берн яқинидаги Белп аэропортида содир бўлган. Маълум қилинишича, самолёт Қатар пойтахти Доҳа шаҳридан учиб келган. Қўниш вақтида шамолнинг тезлиги соатига 65 километргача етган.
Кучли ёнлама шамол самолётни учиш-қўниш йўлагидан четга суриш хавфини юзага келтирган. Шу сабабли учувчилар авиацияда «краб» (crab landing) деб аталадиган қўниш усулидан фойдаланган.
Бунда учувчилар самолёт бурнини шамол эсиб келаётган томонга бурган ҳолда учади. Қўнишдан бироз олдин эса унинг йўналишини учиш-қўниш йўлагига мослаштиради. Натижада самолёт ёнбошлаб ҳаракатланаётгандек кўринади.
Самолётни тасвирга олган авиация ишқибози Маттиас Хэннининг айтишича, шамолнинг кучли эсиши сабаб у учувчилар қўнишни бекор қилиб, қайта айланиб келишга қарор қилади, деб ўйлаган. Шунга қарамай, самолёт муваффақиятли қўнган.
Қайд этиш жоиз, ушбу самолётда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний бўлмаган. Унинг мамлакатга давлат ташрифи 18–19 ноябрь кунларига белгиланган бўлиб, амир Швейцарияга алоҳида ташриф буюрган.
Қатар делегацияси самолётининг мураккаб об-ҳаво шароитида қўниши акс этган кадрлар интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…