Олтинсимон жун, мовий кўзлар: отларнинг ноодатий ранглари сири нимада?

Отлар орасида оддий ранглардан тортиб, олтинсимон, кумушранг, доғ-доғ ёки металлсимон жилога эга бўлган ниҳоятда ноодатий кўринишдагилари ҳам учрайди. Бундай ўзига хос ташқи кўриниш ҳайвонларнинг генетик хусусиятлари ва организмида пигментларнинг ҳосил бўлиш жараёни билан боғлиқ.
Отларнинг жуни, териси ва кўз рангини асосан меланин деб аталадиган пигмент белгилайди. Унинг икки асосий тури мавжуд: эумеланин — қора ва жигарранг тусларни, феомеланин эса қизғиш ва сарғиш рангларни ҳосил қилади. Ушбу пигментларнинг миқдори ва тақсимланиши бир нечта генларнинг ўзаро таъсири орқали бошқарилади.
Масалан, Champagne деб аталадиган ранг генетик варианти отларнинг жунига олтинсимон ёки шампань ранг тус беради. Бундай отларнинг кўзлари кўпинча кўкимтир ёки яшилроқ, териси эса пушти тусда бўлиши мумкин. Cream гени эса мавжуд рангни очартириб, отларда оч олтин, крем ёки деярли оқ рангли кўринишларни юзага келтиради.
Яна бир қизиқарли хусусият — Leopard комплекси. У Аппалуза зотига мансуб отларда учрайдиган доғ-доғ жун қопламини ҳосил қилади. Сабино варианти эса тананинг айрим қисмларида, айниқса оёқлар ва бош атрофида оқ рангли майдонларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Бу рангларнинг шаклланишида меланотситлар — пигмент ишлаб чиқарувчи махсус ҳужайралар ҳам муҳим роль ўйнайди. Уларнинг ривожланиши, тери ва жун фолликулаларига тарқалиши ҳамда меланин ишлаб чиқариши генетик механизмлар билан тартибга солинади.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бундай ноодатий ранглар альбинизм ёки лейтсизм билан бир хил ҳодиса эмас. Масалан, ҳақиқий альбинизмда меланин ишлаб чиқарилиши кескин камаяди ёки деярли тўхтайди. Лейтсизмда эса пигмент ҳужайраларининг ривожланиши ёки тарқалиши бузилиши мумкин.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…