23:02 / 08.07.2017
4 890

Владимир Путин «Катта йигирмалик» саммити якунлари бўйича чиқиш қилди

Владимир Путин «Катта йигирмалик» саммити якунлари бўйича чиқиш қилди
Россия президенти Владимир Путин Ҳамбургда ўтган матбуот анжуманида америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан учрашуви ҳақида айтиб берди, шунингдек, у Суриядаги вазият ҳамда Россия ва Украина муносабатларига тўхталиб ўтди, деб ёзади Kun.uz нашри.

Путиннинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида Трамп Россиянинг АҚШдаги сайловларига «аралашуви» масаласини кўтарган ва Россия етакчиси бундай деб ўйлаш учун асос йўқлигига уни ишонтиришга ҳаракат қилган.

«У менга бу хусусда жуда кўп савол берди. Мен имкон қадар унинг саволларига жавоб бердим. Менимча, у жавобларимнинг барчасини маълумот ўрнида қабул қилди ва қониқди», — деди президент. Путиннинг қўшимча қилишича, у Трамп билан шахсий муносабатлар ўрнатиб олган.

«Билмадим, бу қандай янграйди, лекин қандай кўринган бўлса шундай баён қиламан: Трампнинг телевизордагиси ҳақиқийсидан жуда кескин фарқланар экан, у ўта конкрет инсон экан. У ҳамсуҳбатини мутлақо, мутлақо адекват қабул қилади, қўйилган саволларни ёки мулоқот давомида пайдо бўладиган қандайдир янги элементларни етарли даражада тез таҳлил қилиб, уларга жавоб қайтарар экан», — дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди президент Россия-Америка муносабатларини инқироз ёқасидан чиқаришдан умид қилаётганини билдира туриб.

Журналистлар Путиндан Россияда Германиядаги сайлов жараёнларига аралашиш режаси бор-йўқлигини ва канцлер Ангела Меркель билан бу борада суҳбатлашганини сўрашди.

«Аллақандай провокацион саволларни беряпсиз. Мен ахир АҚШдаги сайловларга ҳам аралашмаганмиз, деб айтиб ўтдим. Нега энди бу ерда ҳам қандайдир муаммо яратишимиз керак. Биз Германия Федератив Республикаси билан дўстона алоқаларга эгамиз», — деди у.

Путин, шунингдек, Россия Ҳамбургда ўтган «Катта йигирмалик» саммитида рақамли иқтисодиёт ва киберхавфсизликнинг умумий қоидалари хусусида ўз ғоясини тақдим этганини айтиб ўтди. Россия президентининг таъкидлашича, бу масалаларда ноаниқ вазият ҳукм сурмаслиги керак ва унинг айтишича, Россия ва АҚШ келажакда қандайдир гап-сўзларнинг олдини олиш учун ишчи гуруҳи тузади.

Украина ҳақида гапирар экан, Путин бу мамлакатнинг ҳозирги раҳбарияти русофобия ва Россиядан узоқлашиш, икки халқни гиж-гижлаш сиёсатини қўллаётганини таъкидлаб, бу ҳол «Ғарбда кимларгадир ёқаяпти шекилли», ҳар қандай шароитда бу икки халқни бир-бирига яқинлаштирмаслик керак, деб ҳисобловчилар бор, деди. Президент ҳар икки халқнинг манфаатлари муштарак эканлигини ҳам қайд этиб, Украинанинг ҳозирги раҳбарияти ва Киевдаги айрим сиёсий доиралар бундан мустасно, деди.

Путин, шунингдек, АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг Сурия президенти Башар Асад мамлакат сиёсий ҳаётида келажакка эга эмас, деган сўзларини ҳам изоҳлаб ўтди.

«Жаноб Тиллерсон — ҳурматли инсон, у Россия ордени соҳиби, биз уни жуда ҳурмат қиламиз, лекин барибир у Сурия фуқароси эмас. Суриянинг келажагини ҳам, сиёсий арбоб сифатида президент Асаднинг тақдирини ҳам фақатгина Сурия халқи ҳал этиши керак», — деди Путин.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Сурия бўйича тутган ўрни бироз прагматиклашмоқда, улар кучларни бирлаштириб, кўпроқ нарсаларга эришиш мумкинлиги тушуниб етишмоқда.

«Пировард натижада — қуролли можарони сусайтиришнинг жанубий ҳудуди бўйича кечаги битимга эришдик. Ким бунга қандай муносабат билдирмасин, айтишим мумкинки, бу президент Трамп билан биргаликда ишлаш давомида эришган катта ютуқларимиздан бири бўлди», — дея қўшимча қилди Путин.

«Энди томонлар қуролли можароларнинг тугатилиш ҳудуди чегаралари, у ерларда хавфсизлик қандай таъминланиши ҳақида бир тўхтамга келиб олишлари лозим. Бу жуда қунт билан амалга ошириладиган, бироқ ўта муҳим иш саналади», — деди Россия етакчиси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Владимир Путин «Катта йигирмалик» саммити якунлари бўйича чиқиш қилди