19:33 / 23.07.2017
5 265

Эрдўған: Ислом дунёси бирлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлиб турибди

Эрдўған: Ислом дунёси бирлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлиб турибди
Туркия президенти Форс кўрфазининг уч давлатига уюштирадиган ташрифидан аввал матбуот анжумани ўтказди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Туркиянинг Форс кўрфазидаги дўстона давлатлар билан муносабатларида муаммо ва мураккабликлар бўлишини қабул қилиш қийин, деб ҳисоблайди, деган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Форс кўрфазининг уч давлатига ууюштирадиган ташрифидан аввал уюштирилган матбуот анжуманида.

Турне давомида Туркия давлат раҳбари аввал Саудия Арабистонида тўхтайди, кейин Кувайт ва Қатарга йўл олади.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Анқара минтақада содир бўлаётган сўнгги воқеалардан чуқур таассуфда.

«Бугунги кунда бутун дунё мусулмонлари бирлик ва ҳамжиҳатликка аввалгилардан ҳам кўра кўпроқ муҳтож бўлиб турибди. Сурия, Ироқ, Ливия ва Фаластин халқларининг тортаётган азобларини барчамиз кўриб турибмиз», дея таъкидлаган президент, ислом дунёсидаги мавжуд муаммоларга янада янгилари қўшилаётганидан чуқур афсусда эканини изҳор этиб.

«Бунга мисол қилиб Қудси шарифдаги Ал-Ақсо масжиди атрофидаги воқеаларни келтириш мумкин. Кейинги кунларда Ал-Ақсо масжиди билан боғлиқ ҳурматсизлик ислом дунёсида чуқур ташвиш келтириб чиқармоқда», — деган Эрдўған.

Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таъкидига кўра, Қудсдаги Ал-Ақсо масжиди нафақат Фаластин халқининг, балки 1,7 миллиард мусулмоннинг ҳам муқаддас даргоҳи ва шаъни ҳисобланади. «Мусулмон дунёси ушбу масжидга нисбатан жорий этилган чекловларга индамасдан қараб тура олмайди. Туркия ҳам бу воқеаларга кескин муносабат билдирди», — деган президент.

Туркия президентининг қайд этишича, Қудсда ҳуқуқларнинг топталиши мусулмонлар томонидан ноқонуний ҳаракатларни бошлаш учун асос бўлмаслиги керак.

«Исроилнинг хатти-ҳаракатларига реакция мутаносиб ва қонунга мувофиқ бўлмоғи лозим. Ислом бизни эътиқод эркинлиги ва барча дин вакилларини ҳурмат қилишга чорлайди. Шу сабабли биз Қудсдаги, шу жумладан Ал-Ақсо масжиди тарофидаги таранг вазият тезроқ юмшаши учун қўлдан келган барча имконни ишга соламиз», деган Туркия етакчиси.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) нинг амалдаги раҳбари сифатида Эрдўған Исроилни «тарихий анъаналар ва инсон ҳақлари»ни ҳурмат қилишга чақирди.

«Минтақада кескинлик янада тарқалишининг олдини олиш керак. Туркия ҳар доимгидек минтақада тинчлик барқарор бўлишига ўз ҳиссасини қўшишга интилади ва биродар-фаластинликларнинг курашини қўллаб-қувватлашга тайёр», дея таъкидлаган президент.

Ҳеч ким Туркиянинг ички ишларига аралашишга ҳақли эмас

Президент Эрдўған Туркияга четдан туриб, жумладан, Берлин томонидан босим уюштиришга йўл қўйиб бўлмаслигини айтиб ўтган.

«Туркия — демократик, ижтимоий йўналган ва ҳуқуқий давлат. Ҳеч ким бизнинг ички ишларимизга аралашишга ҳақли эмас», — деган давлат раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, шубҳасиз, Туркия давлати хорижий давлатларнинг дипломатик миссияларидан фойдаланиб уюштириладиган провакацияларнинг олдини олиш учун керакли ҳаракатларни амалга оширади.

Эрдўған Фатҳуллоҳ Гуленнинг террористик оқими (FETÖ) нинг кўплаб аъзолари Германияда эркин фаолият кўрсатаётганига эътибор қаратган.

«Анқара Берлинга ўша шахсларнинг рўйхати ва исмларини берди. Гарчи жиноятчиларни экстрадиция қилиш ҳақида давлатлараро шартнома борлигига қарамасдан, Германия FETÖ террорчиларини Туркияга топширишдан бош тортди. Лекин Германия Туркияда бири қўлга олинган, иккинчиси ҳукм қилинган икки фуқароси билан боғлиқ ишларда учун норозилик билдириб келмоқда», — деди президент.

Давлат раҳбари бу шахслар билан боғлиқ ишларда мустақил турк суди қарор чиқаришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Немис сиёсатчилари бу мавзудан сайловолди пропагандаси далили сифатида фойдаланишмоқда. Маълумки, октябрда Германияда сайлов бўлиб ўтади ва бир қатор сиёсатчилар мамлакат ичидаги кайфиятдан фойдаланиб қолишмоқчи. Лекин бунинг бизга тегишли жойи йўқ», — деди турк етакчиси.

«Мен Германия ТИВ раҳбарига, унинг сиймосида бу мамлакатнинг барча дипломатларига Анқара ва Берлин НАТО доирасида ҳамкор эканлиги борасидаги фактни ҳисобга олиш кераклигини бир неча маротаба айтганман. Туркия шунингдек, ЕИга қўшилиш учун номзод мамлакат ҳисобланади. Яъни, давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорлик узоқ муддатларга мўлжалланган. Шу сабабли бизнинг ўзаро ҳамкорлигимизгна раҳна солувчи хатти-ҳаракатлардан қочиш керак», — дея қўшимча қилган Эрдўған.

Президентнинг огоҳлантиришича, агар Берлин Туркиядан қочган террорчиларга бошпана бериб, бошини силаса, ҳаттоки перзидентлик маъмурияти даражасида уларни қабул қилса, шубҳасиз, улар Анқаранинг жавоб ҳаракатига ҳам тайёр бўлиб туришлари керак бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған: Ислом дунёси бирлик ва ҳамжиҳатликка муҳтож бўлиб турибди