08:54 / 17.08.2017
5 083

Тожикистонлик аёл Россияга ишлаш учун кетган эрига рус аёли билан турмуш қуришига рухсат берди…

Тожикистонлик аёл Россияга ишлаш учун кетган эрига рус аёли билан турмуш қуришига рухсат берди…
Ёруғ дунё шундай тузилганки, ҳеч бир аёл эрининг бошқаси билан учрашишини, яқин муносабат юритишини хоҳламайди. Бунга ёввойи рашк йўл бермайди. Аммо тожикистонлик 38 ёшли Мавлуда ўрталарида тўрт фарзанд бўлишига қарамай, эрининг рус аёлига уйланишига кўнди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор экан албатта.

«Мен эрим рус аёлига уйланишига розиман…»
Маълум бўлдики, эри пул топиш, оиласини боқиш ниятида Россияга жўнаб кетган. Яқинда уйига қайтгач, Мавлудага Россияда рус аёлига уйланса, фуқаролик беришларини, бусиз у ўзга мамлакатда бемалол ишлай олмаслиги ва пул топа билмаслигини баён қилди.
— Анча йилдан бери эрим рус аёлига уйланиш, кейин Россия фуқаролигини олиш учун мен билан ажрашишни мўлжаллаб юрарди, — дейди Мавлуда. — Аммо мен рози бўлмадим. Яқинда у Россиядан қайтиб келди. Бир сўм ҳам пул топмабди. Эрим менга чекларни кўрсатди. Топган пули ўша ёқларда ишлаш учун тўпланадиган ҳужжатларни тўғрилашга кетибди…

Шу воқеа Мавлудага туртки бўлди. Ниҳоят ажрашишга розилик билдирди.
— Рашкни бир четга суриб қўйишни хоҳладим, — деди Мавлуда. — Тўрт боламнинг отасига жуда ачиниб кетдим…
Мавлуданинг эри 2006 йилдан бери Россияга қатнайди, ишлайди, бола-чақасини боқади. Аммо ўзининг тан олиб айтишича, кейинги пайтларда Россияда муҳожирлар учун ишлаб пул топиш жуда оғир кечмоқда. Муҳожирлик тўғрисидаги қонунларни кескинлаштириб қўйишди, патент нархи қимматлашиб кетди.

Яқинда у Мавлуда билан ажрашиб, (албатта улар вақтинчага ажрашишди.) ёлғиз эркак кўринишида яна Россияга кетди. Мавлуда эрига ишонаркан. У ишларни ўзи хоҳлагандек битиргач, катта пул топиб тағин тўрт фарзанди, оиласи бағрига қайтаркан. Шунга қарамасдан, тез-тез Мавлуданинг юрагига шайтон оралайди. “Рус аёлига уйланиб, Россия фуқаролигини олгач, уйга қайтмаса-чи?”, деган савол бағрини эза бошлайди. Бироздан кейин яна ишонч устун келиб ўзини босади.

Ҳар йили Россияда 12 мингга яқин тожик рус аёлига уйланади…
Россияда тожикистонлик муҳожирлар учун рус аёлига уйланиш одатий ҳолга айланиб қолди. Улар шу йўл билан ўзга мамлакатдаги аҳволини яхшилашга умид боғлашмоқда. Россия адлия вазирлигига қарашли ЗАГС бошқармалари мутасаддиларининг гапига кўра, ҳар йили Россияда 12 мингга яқин тожикистонлик муҳожир рус аёлига уйланади. Аммо Россия қонунларига биноан маҳаллий корчалонлар муҳожирдан ҳақиқатан ватанида оиласи йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишади. Бундай ҳужжат Тожикистон адлия вазирлиги тарафидан берилади. Бу мамлакат адлия вазирлиги биноси ёнига ҳар куни юзлаб эркаклар, аёллар ҳужжатни қўлга киритиш, тезроқ Россия фуқаролигини олиш илинжида ташриф буюришади.

“Мен рус аёлига пул туфайли уйланмаганман…”
Тўғри, тожикистонлик муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам ўз манфаатини деб рус аёлига уйланмайди. Баъзиларни кутилмаган муҳаббат туйғуси шу мақсад сари етаклайди.
Масалан, Россиядаги тожик муҳожирлар диаспораси вакили Анвар Бақоевни олайлик. У 14 йил бурун рус аёлига уйланган.

— Кўпчилик барча тожикистонлик муҳожирлар рус аёлига ўз манфаатини кўзлаб уйланади деб ўйлайди, — масалага аниқлик киритди Анвар. — Йўқ, ҳамма ундай эмас. Мисол учун мен ҳозирги рус хотинимга муҳаббат туфайли уйланганман. Биз анча вақт учрашиб юрдик. Кунларнинг бирида у ҳомиладорлигидан хабар топдим-у, биз дарҳол ЗАГС бўлимига бориб муносабатларимизни қонунлаштирдик. Ҳозир уч фарзандимиз бор. Мен жуда бахтлиман.

Анварнинг ҳозирги рафиқаси Полина айтдики, маданият, дин ва миллати бошқа бўлишига қарамай, эри билан жуда бахтли умр кечиришмоқда. Анвар меҳнаткаш, хиёнат қилмайди. Улар муҳаббати ҳаққонийлиги, рамзи сифатида бир-бирларига “Қуръон” ва “Библия” китобларини совға қилишган.

Вақтинчалик никоҳ учун ким жавобгар?..
Свердловск вилоят ЗАГС бошқармаси раҳбари ўринбосари Лариса Никонова тожикистонлик муҳожирларнинг аксарияти рус аёлига уйланиб, Россия фуқаролигини олгач, оиласи билан ажрашиш ҳаракатига тушишини айтиб қолди. Сўнгги 6 ой мобайнида ЗАГС бошқармасига 38 киши шу мазмунда ариза тақдим этибди.

Ўтган йили Калуга вилоят депутатларидан бири Давлат Думасига мурожаат этиб, вақтинчалик никоҳларга нисбатан жазо чораси кескинлаштирилиши, бунинг учун 300 минг рубл миқдорида жаримага тортиш ёки уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазолари қўлланиши ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини илтимос қилганди. Думадагилар бу илтимосни қондиришмади.


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонлик аёл Россияга ишлаш учун кетган эрига рус аёли билан турмуш қуришига рухсат берди…