22:32 / 12.10.2017
11 068

Дубайдан гапирамиз... Ўзбекистонлик мигрантлар учун Амирликларда қандай муаммолар бор?

Дубайдан гапирамиз... Ўзбекистонлик мигрантлар учун Амирликларда қандай муаммолар бор?
Коллежда ёки университетда ўқиётган ёшларимиз билан уларнинг келажакдаги режалари ҳақида ҳеч суҳбат қурганмисиз? Ўйлайманки, жавобингиз — «Ҳа», энг камида ана шундай режалар қулоғингизга чалинган. Эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти чет элга бориб ўқиш, ишлаш ва келажакда етук мутахассис бўлиб қайтишни, мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшишни ният қилишади. Бундай инсонларнинг борига шукр.

Аввал иқтисод, кейин сиёсат деганларидек, тан олиш керак, бу масалада ҳам моддий манфаат муҳим роль ўйнайди, чунки одамларимизда шундай фикр шаклланганки, чет элга чиқдими, у одам қисқа фурсатда катта маблағга эга бўлади ҳамда яшаш шароитлари тубдан яхшиланади.

Шу боисдан ҳам кўп йиллардан буён фуқароларимиз Россияга серқатнов бўлиб қолишди. Сўнгги пайтларда эса Жанубий Корея ва араб мамлакатлари, хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Қатар каби давлатларга бориб ишлаш оммалашди. Россия ва Жанубий Кореядаги вазият, шароитлар, иш ва маош қандайлиги ҳақида ҳар биримиз озми-кўпми фикрга эгамиз. Араб мамлакатлари ҳақида эса ҳар ким турли фикр билдирганлиги туфайли бундай дея олмаймиз. Келинг, ҳозир БААдаги (хусусан, Дубайдаги) ўзига хос тажрибамга таянган ҳолда бу ердаги шароит, муҳожирлар учун яратилган имкониятлар ҳақида гапириб берсам.

Дубай… Дунёдаги энг баланд бино, энг катта савдо маркази, денгиз сатҳидан энг баландда жойлашган ресторан, инсоният томонидан яратилган сунъий орол, «етти юлдузли» дея аталадиган елкан шаклидаги энг машҳур меҳмонхона кабиларни (рўйхатни давом эттириш мумкин) ўз бағрига олган шаҳар; кўпчилик айтадигандай, бу алоҳида давлат эмас, балки, БААдаги етти амирликнинг бири.

Бу шаҳарда туризм ўта ривожланган, ҳар қадамингизда ҳашаматли беш юлдузли меҳмонхоналар, Michelin-Star’га эга ресторанлар, барлар, кўнгилочар жойлар, кўз кўриб қувнайдиган йирик савдо марказлари ва албатта, қишин-ёзин чўмилиш мумкин бўлган бепоён денгиз бор…

БАА ислом маданияти ҳумкрон ўлка бўлса-да, пойтахт Абу-Даби ва Дубай етарлича очиқ, замонавий, европалашган шаҳарлар. Биз тасаввур қиладиган кондура ёки абая (арабларнинг миллий либоси) кийган, беш маҳал намозни канда қилмайдиган, спиртли ичимлик нима эканлигини билмайдиган арабларнинг очиқ-сочиқ кийиниши, айш-ишратга берилганлигини кўриш табиий ҳол. Абу-Даби Дубайдан фарқли равишда, ўзининг миллийлигини оз бўлса ҳам сақлаб қолганига қарамай, вазият деярли бир хил. Амирликлардан фақатгина Шаржа ўзининг қатъий қоидалари билан ажралиб туради: бу ерда спиртли ичимликлар сотилмайди ва истеъмоли тақиқланади.

Бу давлатда расмий тил араб тили, лекин аксарият аҳоли инглиз тилида сўзлашади. Бундан ташқари, ҳинд, урду ва тагалог тиллари кенг тарқалган. Хуллас, инглиз тилида сўзлаша олсангиз, кўчада қолмайсиз.

БААда дунёнинг турли бурчакларидан келган муҳожирларни учратишнинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Мамлакат умумий аҳолиси қарийб 9,5 миллион киши бўлиб, унинг бор-йўғи 11,5 фоизи маҳаллий аҳоли вакиллари ҳисобланади, қарийб 40 фоизи эса ҳиндлар ва покистонликлар; шунингдек, филиппинликлар, шри-ланкаликлар, бангладешликлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шу боис шаҳарнинг эски қисми бўлган Дейра томонларга йўлингиз тушса, ўзингизни араб мамлакатида эмас, Ҳиндистонда юргандай ҳис этасиз.

Ҳозирда МДҲ мамлакатларидан, айниқса, Украина ва Ўзбекистондан ҳам ташриф буюрган муҳожирлар сони ҳам ортиб бормоқда (интернетдан олинган 2016 йил маълумотларига кўра, 14 минг киши атрофида).

Сабаби — давлатнинг чет эл фуқаролари учун очиқлиги, виза олиш у қадар қийин эмаслиги, инглиз тилини билганларга маълумотидан қатъи назар иш (хизмат кўрсатиш соҳасида) топиш қулайлигидир. БААда ишлаётган ўзбекларни шартли равишда тўрт гуруҳга бўлиш мумкин:

• Меҳмонхона ва ресторан бизнесида — reception, hostess (ресторанда меҳмонларни кутиб олувчи), concierge (меҳмонларга турли маълумотлар берувчи), официант, бармен каби лавозимларда ишлаётганлар. Уларнинг бир ойлик даромади 700–1200 АҚШ доллари атрофида бўлиб, яшаш жойи, озиқ-овқат, транспорт, коммунал тўлов каби харажатлар компания ҳисобидан. Яъни, фақат шахсий эҳтиёжларингиз учун чўнтагингиздан пул ишлатасиз.

• Йирик савдо марказларида sales assistant, sales executive бўлиб ишлаш — сотувчилик. Бундай соҳада ишлаётганларда маош 1200–3000 доллар атрофида бўлиб, компания ўз ишчисига яшаш учун ҳеч қандай шароит яратиб бермайди, яъни ҳаммаси ишчининг ўз ҳисобидан.

Дубайдаги вазият билан қисқача таништириб ўтсам. Бир хонали хонадонни бир ойга 800–1500 доллар эвазига топишингиз мумкин, албатта, ким биландир биргаликда ижарага олишингиз мумкин. Бундан ташқари, коммунал тўловлар ҳам сизнинг зиммангизда. Озиқ-овқат ва транспорт учун 500 доллар атрофида (ўзингизга боғлиқ) сарфлайсиз. Мазкур гуруҳга сайёҳлик агентликларида фаолият юритаётганларни ҳам киритиш мумкин, уларда ҳам деярли худди шундай вазият.

• Fly Emirates, Fly Dubai, Air Arabia каби авиакомпанияларда ёки аэропортда турли лавозимларда ишлаётганлар. Уларнинг ойлик даромади 2000–4000 доллар атрофида бўлиб, яшаш жойи билан таъминланадилар, қолган нарсалар эса ишчининг ўз ҳисобидан.

• Сайёҳлик визаси билан юрган ҳамда турли хил майда-чуйда ишлар билан шуғулланаётганлар, доимий иш қидираётганлар ва бошқалар. Дубайнинг эски шаҳар қисмидаги Дейра бозорига борсангиз, худди Тошкентдаги «Малика»га келиб қолганга ўхшайсиз — электроника маҳсулотларининг аксарият сотувчилари Марказий Осиёдан келган муҳожирлар. Бундан ташқари, шунга ўхшаш сотувчиларни аэропортга борганингизда ҳам учратишингиз мумкин. Ўзбекистонга қайтаётганингизда сиз орқали телефон ёки ноутбук жўнатмоқчи бўлишади. Уларнинг иши барқарор эмас, даромади эса ишбай ва ҳамма нарса ўз ҳисобидан.

Бундан ташқари, бармоқ билан санарли ватандошларимиз кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб боради. Уларнинг даромади ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман, шуниси аниқки, уларнинг ойлик маоши камида 4000–5000 долларни ташкил этади ҳамда ҳар бир сотилган кўчмас мулкдан маълум миқдорда фойда олади. Бундай ишларга жойлашиш учун кўп йиллик хорижий тажриба талаб этилади.

Ўзбекларнинг аксарияти юқорида айтилган биринчи ва иккинчи гуруҳлардаги каби ишларда фаолият юритади. Сабабини бундай соҳаларда иш кўплиги, ишга жойлашиш учун чет эл тажрибаси талаб қилинмаслиги (ўз ходими учун катта имкониятлар яратиб берган компанияларда аксинча) билан изоҳлаш мумкин.

Учинчи гуруҳдагиларни эса омадлилар деб аташ мумкин. У ерда яратилган шароит мақтовга сазоворлиги туфайли кўпчилик ҳаво йўлларига ишга киришга ҳаракат қилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, омад, кейин инглиз тилини мукаммал билиш ва, албатта, хорижий тажриба талаб қилинади.

Юқорида дастлабки учала гуруҳнинг ўртача маошлари ҳақида маълумот бергандим, эслатиб ўтай, Дубайда яхшигина карьера қилиш мумкин, шунга қараб маош ҳам ошиб боради.

Тўртинчи гуруҳ ҳақида фикр юритганда эса, бир қатор муаммоли ва оғриқли вазиятларга дуч келишингиз мумкин. Яъни инглиз тилини билмайдиган, майда-чуйда иш билан шуғулланаётганлар ҳамда иш тополмай сарсон бўлиб юрганлар. Энг ачинарлиси, ўз қадрини билмай, танасини сотиб юрган аёллар… Баъзида шундайларни учратиб қолсам, Ўзбекистондан эканликларини айтишдан уялиб, мен билан русча ёки инглизча гаплашадилар. Ўша пайт уларга нималардир дегим келади, лекин…

Келинг, дўппини бир четга қўйиб ўйлаб кўрайлик, мазкур гуруҳнинг шаклланишига Ўзбекистон ва БАА ўртасида ишчи кучи миграцияси бўйича қандайдир тизим йўқлиги қайсидир маънода сабаб бўлмаяптимикан? Чунки, Ўзбекистонда туриб араб мамлакатларидан иш топиш анча мушкул: омади кулганлар интернет орқали иш топади, барча ҳужжатларни онлайн расмийлаштиради. Бу йўлда уларга тажрибаси бор танишлар ёки маълум ҳақ эвазига «танишларнинг танишлари» кўмак берадилар. Омади кулмаганлар эса сайёҳлик визасини олиб, бир неча ойга иш қидириш учун ташриф буюради. Албатта, бу жараённинг турган-битгани харажат, чипта нархларини қўшиб ҳисоблаганда дастлабки икки ойда 2000 доллар атрофида сарф қилишингиз керак. Иш топсангизку, хўп-хўп. Тополмасангиз, дардингизни кимга айтасиз (айтганча, энг камида Дубайда айланиб кетганингиз қолади).

Қирғизистон ва Украина фуқаролари иш топишда у қадар қийналишмайди, чунки улар ўз жойларидан туриб иш топадилар ва тайёр ишга келиб жойлашадилар. Чунки ушбу давлатларда БААдаги компаниялар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйган, ишга жойлашиш учун кўмаклашадиган ва консультациялар берадиган расмий агентликлар мавжуд.

Тўғри, бизда ҳам Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги чет элда ишлашни хоҳлаган одамларни хусусий шартнома орқали бошқа давлатга юборади, лекин агентликнинг фақатгина Россия, Жанубий Корея, Япония ва Польша билан шартномаси бор, холос. Менимча, БАА билан ҳам шундай шартнома имзоланса, бу давлатдаги ишлаш шароитлари ўрганилса (ваҳоланки, шароитлар Россия ва Жанубий Кореядагидан яхшироқ) ёки алоҳида бир агентлик тузилса, фойдадан холи бўлмасди. Ўйлайманки, ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши чет элда иш излаб юрган фуқароларимизга бир қатор енгилликлар берилишига ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда туризм йўналишида мутахассислар тайёрловчи беш олий ўқув юртида таълим олаётган талабаларни Intership тарзида малака оширишга юбориш мумкин. Дубайда ана шундай амалиёт ўтаётган Европа, Корея, Япония ҳамда Хитой талабаларини кўп учратаман. Аминманки, Ўзбекистон шундай ташаббус билан чиқса, иккинчи тараф ҳам қўллаб-қувватлайди.

Куни-кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари ҳамда амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири эканлиги, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ушбу тармоқни янада такомиллаштириш зарурлиги, бу йўлда туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини мукаммал ўзлаштириш зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.

Айниқса, 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонининг самарали ижро этилишида туризм соҳасида кескин суръатлар билан ривожланаётган мамлакатдан нимадир ўрганишимиз ҳамда уларни юртимизда татбиқ қилишимиз миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мен фуқароларимиз араб мамлакатларига келиб «гастарбайтер» сифатида ишласин, деган фикрдан йироқман. Келиб, тажриба алмашсин, ўргансин ҳамда ватанга қайтиб, туризмни ривожлантирсин, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшсин.

Мен Дубайда юрган ўзбекларга кўпинча шундай савол бераман: «Ўзбекистон ривожи учун ҳеч бўлмаса бир ғишт қўйганмисиз?». Бу саволдан сўнг кимдир ўйланиб қолади, кимдир эса «Сен кимсан ўзи, менга бундай савол берасан?» деб, устимдан кулгандай бўлади.

Нима бўлганда ҳам ҳар биримиз юртимиз равнақи учун жавобгармиз ва масъулмиз. Давлатимиз раҳбари томонидан татбиқ этилаётган ислоҳотларни тўла англаб етган ва амалга оширсаккина олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз.

Ўтган 26 йил давомида «Ўзбекистон — келажаги буюк давлат» дея бонг урдик. Ўйлайманки, мустақиллигига чорак аср бўлган Ўзбекистондек давлатнинг нафақат келажаги, балки бугуни ҳам буюк бўлиши керак. Бугунимизни буюк қилайлик, эртага бунданда буюк давлатга айланамиз! Бу йўлда барчангизга омад! Саломат бўлинг!

Бекзод Қодиров

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубайдан гапирамиз... Ўзбекистонлик мигрантлар учун Амирликларда қандай муаммолар бор?