22:48 / 02.01.2018
4 446

Қаҳрамон прокурор. Ўзбекистонда порахўрликка қарши кураш учун руминча намуна

Қаҳрамон прокурор. Ўзбекистонда порахўрликка қарши кураш учун руминча намуна
Порахўрликка қарши қандай курашиш лозим? Агар бу ишни уддалаш саволга жавоб беришдан кўра қийин эканига ишонсангиз, қуйида руминиялик оддий прокурор аёлнинг фаолиятига назар ташланг. Ахир, Лаура Кьовеши уни прокурорликка тайинлаган Мирча Бэсескуга нисбатан жиноий иши қўзғатиб, мамлакат президенти Траян Бэсескунинг акаси бўлган бу амалдорни порахўрликда айбдор, деб топган.

Transparency International​ ташкилоти эълон қилган маълумотга кўра, 2016 йилги коррупциядан холи мамлакатлар рўйхатида Руминия 57-ўринда қайд этилган. Ўзбекистон эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистондан кейин, 156-ўринда кўрсатилган. Демак, коррупциянинг муаммоси Руминиядан кўра, Ўзбекистон жамиятида жуда оғир эди.

Лаура Кодруца Кьовеши Руминия тарихидаги энг ёш ва узоқ муддат прокурорлик лавозимида ишлаб қолган ягона кадр ҳисобланади. 2013 йил Руминия ҳукумати Европа Иттифоқи босими билан мамлакатда коррупцияга қарши курашувчи Директоратни ташкил этишга мажбур бўлганди. Ўша пайтда ҳеч ким Кьовешидан бунчалик самарадорликни кутмагани тайин. Негаки, у амалда бўлган бош вазирнинг коррупцияга оид жиноятини фош этади.

The Guardian нашрига интервью берган прокурор хоним 5 нафар парламент аъзоси, 2 нафар (айни пайтда собиқ) вазир ҳамда собиқ бош вазирга нисбатан иш очгани ҳақида гапириб ўтган. Рақамлар шундан далолат берадики, Лаура Кьовеши қисқа муддатли фаолияти давомида 3 нафар вазир, 6 нафар сенатор, 11 нафар депутат, 47 нафар шаҳар мэри, 21та йирик компания раҳбарларини порахўрлик, давлат мулкини ноқонуний ўзлаштиргани учун суд олдида жавоб беришга мажбур қилди.

Коррупцияга қарши курашиш Директорати тарқатган расмий хабарга кўра, ўтган 3,5 йил ичида 1,4 минг кишининг коррупцияга алоқадорлиги аниқланган. Улардан 100 нафарга яқини суд ва прокуратура тизимида ишлаган собиқ амалдорлар бўлиб, айбланганларнинг 20 фоизи ҳақиқий жазога тортилган.

Ҳокимият тепасида турган элитага прокурор хонимнинг фаолияти ёқмади. Оқибатда, парламент 48 минг АҚШ долларидан кам миқдордаги порахўрлик ишига аралашиб қолган амалдорни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. 2017 йил февраль ойида эса Бухарест марказига тўпланган 250 мингдан ортиқ кишилар Кьовеши фаолиятини қўллаб-қувватлаб, йирик намойишларни бошлаб юборди. Натижада қонун бекор қилинди. Шу билан руминияликлар коррупциядан қутулишга ҳаракат қилмоқда, аввало амалдорларнинг ушбу вазиятдаги иштироки катта мунозарага сабаб бўлади.

Ўзбекистонда вазият қандай?
2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни коррупцияга қарши курашиш бўйича йил давомида қилинган энг катта амалий қадам бўлди. Бир ой ўтиб, яъни 2 февралда Президент «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинишича, ўтган бир йилда 1 минг 300 дан зиёд коррупция ва иқтисодиёт асосларига қарши содир этилган жиноятлар аниқланган. Табиийки, коррупцияга оид жиноятлар қанча, унинг даражаси ва кимлар томонидан содир этилганига ойдинлик киритилмаган. Келтирилган рақамлар эса порахўрликдан ташқари, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш, талон-тарожлик ҳамда бошқа турдаги ҳолатларни ҳам ўз ичига олади. Ваҳоланки, айни пайтда Руминияда 120 нафар прокурор ёрдамчилари 6000та коррупцияга алоқадор бўлиши назарда тутилган иш устида иш олиб бормоқда.

Демак, бизга Лаура Кьовеши каби якка шахс ёки ишини сидқидилдан бажарадиган қаҳрамонлар зарур. Бу вазиятга бефарқ бўлмаслик учун коррупцияга қарши курашда барча огоҳ бўлиши, ҳеч бўлмаганда алоҳида порахўрликни тугатиш талаб этилади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қаҳрамон прокурор. Ўзбекистонда порахўрликка қарши кураш учун руминча намуна