21:00 / 26.01.2018
8 291

Фанда тўнтариш: Исроилда қадимий одам қолдиқлари топилди

Фанда тўнтариш: Исроилда қадимий одам қолдиқлари топилди
Исроилдаги ғорда қадимий инсоннинг жағ суяги ва турли хил буюмлар топилди. Бу ҳақда “Qalampir.uz” нашри хабар бермоқда.

Ушбу тадқиқот олимларни энг қадимги одамларнинг миграцияси борасидаги қарашларини қайта кўриб чиқишга мажбур этади. Чунки Исроилнинг Мислия ғоридан топилган инсон жағ суяги Африкадан ташқари ҳудудда топилган одам қолдиқларидан қадимийроқдир.

Бу пайтгача олимлар қадимги одамларнинг Африка ҳудудидан Евроосиёга 100 минг йиллар олдин тарқалганини таъкидлаб келарди. Исроилдаги топилма ҳақида Тель-Авив университети профессори Ҳершковиц шундай дейди: “Замонавий одамлар Африкадан 100 минг йиллар олдин эмас, балки 200 минг йиллар аввал тарқалган. Бу топилма шу пайтгача бўлган назарияни ўзгартириб юборди”.

Мислиядан топилган бу топилма Homo sapiens’га тегишли экани аниқланди. Ғор яқинида леваллуаз техникаси бўйича ясалган тош асбоблар ҳам топилган. Археологларнинг айтишича, тошга бундай ишлов бериш усули Яқин Шарқнинг бу қисмида анча замонавий кўринишдаги жамият вакиллари яшаганини кўрсатади. Ғорда аниқланган бошқа қадимий буюмлар одамлар орасида йирик ҳайвонлар – буғу, жайрон ва бошқаларни овловчилар бўлганига ишора қилади.

Профессори Ҳершковиц ўз фикрини давом эттириб: “Мен қадимги одамларнинг 100 минг йиллар олдин оммавий тарзда Африкадан бошқа жойларга кўчишганига ишонмайман. Бу топилма шуни исботлайдики, улар 100 минг йиллар олдин бемалол бошқа ҳудудларга бориб-келиб турган”.

Бундан аввал Африкадан ташқарида топилган энг қадимий одам қолдилари 90-120 минг йил аввалги даврга тегишли бўлган. Олимлар жағнинг қайси даврга оидлигини аниқлаш мақсадида 3 хил усулни қўллаб, у 177-194 минг йил аввал яшаган Homo sapiens’га тегишли эканини аниқлашган.

Бу топилмалар замонавий одамлар Африкадан аввал тахмин қилингандан 50 минг йил аввал миграция қилганларини англатади ва қадимги одамлар ўртасида биологик ва маъданий алоқалар тарихи олдинроқ бошланганини билдиради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фанда тўнтариш: Исроилда қадимий одам қолдиқлари топилди