14:24 / 30.03.2018
5 819

Нариги дунёда туриб ҳам болам дейдиган арвоҳ

Нариги дунёда туриб ҳам болам дейдиган арвоҳ
— Бир пайтлар Волинск губерниясида бир руҳоний яшаган, — дея ҳикоя қилади россиялик Владимир Петровс­кий исмли қария. — Менинг отам раҳматли руҳоний билан қалин дўст эди. Кунларнинг бирида унинг завжаси рихлат қилиб қолди. Бўй етган қизи бор эди. Етим қолди шўрлик. Отам дўстига, унинг қизи Надяга азбаройи ачинганидан синглим Варварани руҳонийникига тез-тез жўнатиб турар, синглим Надяни турли суҳбатлар билан чалғитишга уринарди. Бир куни Варвара ҳадеганда қайта қолмади. Соат кундузги бешлардан ошганди. Отам иккимиз хавотир олиб руҳонийникига жўнадик. Келсак, Варвара ва Надя хона ичкарисида мусиқа тинглаб ўтиришган экан. Руҳоний эса ибодат қилиш учун ўз хонасига кирибди. Отам ҳам у билан бирга ибодат қилиш ниятида ичкарига кириб кетди. Мен бўлсам ҳовлидаги ўриндиққа чўкдим. Шу маҳал нарироқда қора кийинган бир аёл пайдо бўлди. Олдинига танимадим ҳам, қўрқиб кетдим. Сал ўзимни қўлга олиб қарадим-у, тош қотиб қолдим. Қора кийимдаги аёл яқиндагина оламдан ўтган руҳонийнинг завжаси Анастасия хола эди. Мен ўзимни идора эта олмадим. Дуч келган тарафга қараб қочдим. Бироқ узоққа бормадим. Ҳовлининг бошқа бурчагигача бориб таққа тўхтадим ва ортимга ўгирилдим. Қора кийинган аёл ғойиб бўлибди…

Жонҳолатда ичкарига кириб Варварани аста четга тортим-да, кўрганларимни айтдим.

— Мен Настя холанинг арвоҳини кўрдим, — дедим шивирлаб. — Ҳозиргина ҳовлида менинг рўпарамга келиб тўхтаганди, жилмайди ҳам. Кейин йўқолиб қолди…

Сал ўтиб отам ҳам ибодатни тугатиб ташқарига чиқди. Мен унга ҳам кўрганимни тўкиб солдим. Аммо отам ишонмади. Кулиб қўя қолди…

Шу куни отамнинг хоҳишига кўра руҳонийникида ётиб қолдик. Билмадим… Кечаси тахминан соат иккига яқинлаганди. Беихтиёр уйғониб кетдим. Аста ўрнимдан турдим-у, ўзим сезмаган ҳолда хона эшигини очдим. Шунда эркак ва аёл товушлари қулоғимга чалинди. Яхшироқ қулоқ тутдим. Бу руҳоний ва Настя холанинг товуши эди.

— Нега бугун кеч келдинг? — сўради руҳоний.

— Мен эрта келувдим, — бу аниқ Настя холанинг овози эди. — Меҳмонларингиз бор экан. Боғда Влад ўтирган экан. Бир эркалаб қўяй деб тўхтасам, қочиб кетди. Кейин ичкарига кириб Варварага қизимиз билан бирга эканидан қувониб миннатдорчилик билдирай девдим. Уям қўрқиб кетди.

— Олдин руҳан тайёрлаб қўймайсанми унда? — деди руҳоний. — Қўққисдан кириб борсанг, қўрқади-да!

— Йўқ, биз марҳумларга қўрқадиган одамга қайтиб кўриниш тақиқланган. Тақиқловни бузсак, кейин яқинларимиз билан учрашиш бахтидан маҳрум қилишади…

Бу мен учун даҳшатнинг ўзи эди. Бу марҳума эканига тўлиқ амин бўлгач, ҳовлиққанча отам ётган каравот томон юрдим. Мени ҳайрон қолдириб, отам ҳам шу суҳбатни тинглаётган экан. Миқ этмаслигимни та­йинлади-ю, ухлашга ётишимни талаб қилди. Мен итоат билан қайта каравотга чўзилдим. Лекин анча пайтгача ухлай олмадим. Кўзимни юмсам, қора кийимдаги Настя холанинг арвоҳи кўринаверди…

Эртаси куни отам нонушта пайтида тунги суҳбатдан сўз очди. Руҳоний эса сира ҳайрон бўлмади.

— Ҳа, сен илгаридан ишонмасдинг, — деди у отамга синчков тикилиб. — Ибодат қиласан-у, аммо нариги дунё, руҳлар, арвоҳлар борлигига ишонмайсан. Ўзинг биласан. Бироқ мен яширмайман. Руҳоний бўлганим боисми, билмадим, марҳум ва марҳумалар билан тез-тез тиллашиб тураман. Қўрқмайман. Хотиним ҳам ўшаларнинг бири. Марҳум, марҳумалар дуога муҳтож бўлиб қолсалар, келиб менга мурожаат этишади. Мен илтимосларини сўзсиз адо этаман. Чунки оламдан ўтганлар фақат дуо кучи билангина яшайди. Настя эса қизим иккимиздан хавотир олгани-олган. Деярли ҳар куни келиб биздан хабар олади. Мен кузатиб қўяётганимда уни дуо қиламан. Йўқ, у бир умр уйимизга қатнамайди. Бунга ишонаман. Насиб бўлса, келгусида дуолар ёрдамида унинг руҳини тинчлантириш пайида бўламан, ўз дунёсида муқим қолишига ёрдам бераман. Худо хоҳласа, у ёқдаги ҳаётини кечира бошлайди. Бизни безовта қилмайди…

Отам иккимиз ҳам руҳонийнинг сўзларини худди эртакдек қабул қилгандик. Лекин шахсан мен Яратганнинг қудратига яна бир карра қойил қолдим. Ўша ҳодисадан сўнг руҳонийга шогирд тушдим. Билганимча ўтганлар ҳақига дуо қиладиган бўлдим.
«Совершенно секретно» сайтидан олинди

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нариги дунёда туриб ҳам болам дейдиган арвоҳ