11:20 / 11.10.2018
6 531

Имомнинг маникен қизи (11-қисм)

Имомнинг маникен қизи (11-қисм)
Фотима ишига бориб келар эди-ю, аммо тўғри йўлни хоҳлаётган Фотима билан Исломнинг изн берган йўлидан боришни истамаган Фотима орасида тинимсиз кураш борар эди.

Орадан ойлар ўтган бўлса ҳам, у бу ҳаётга қисмангина кўниккан эди. Чунки ён-атрофида содир бўлаётган воқеаларни ҳазм қила ололмади. Уйларига эркаклар келиб, қизлар билан маишат қилишар, ичкилик ичишар эди.

Фотима Лайлога гиёҳванд моддадан қутулиши учун қўлидан келган ёрдамини кўрсатаётган, ишлаётган жойидан ҳам мамнун эди. Ниҳоят ундан бошқа ниятларда фойдаланишни мақсад қилиб олмаган жойни топган эди. Бир куни кечаси Лайло ва Нежланинг йигитлари икки эркак билан келган эдилар. Яна дастурхон тузалиб, албатта, ичкилик қўйилган эди.

Бу ҳолат Фотимага хуш келмаса ҳам уларнинг ёнида ўтирар, қахқахалари билан уларга қўшилар эди.

Нежланинг йигити Фикри ўртоғига Фотимани кўрсатиб деди:

– Қара Турон, мана бу қиз сенга мос экан, Нажмига эса Бону. Бугун бир кўнгилхушлик қилайлик.

Фотимага бу гап бошига гурзи билан ургандай қаттиқ таъсир қилди. Қизлар ҳам буни дарров пайқаб, унга қарашди.

Фотима ғазаб билан ўрнидан сакраб туриб кетди ва уларга бақира бошлади:

– Бу нима деганинг? Биз нима сенга анавинақа бўлиб кўриняпмизми? Бу ердан қорангларни ўчиринглар, йўқолинглар... Тарбиясиз, уятсиз, пасткашлар... Сизлар ҳар қандай аёлга кўнгилхушлик назари билан қарайсизларми? Ҳар қандай аёлнинг ўзига яраша ор-номуси бўлади. Буни билмайсизларми?

– Нима деб алжираяпти бу? Сизлар бирор нарса тушундингларми? Кечгача ҳамманинг кўз ўнгида оёғини сонигача очиб юриб, хаёлини ўғирлайди-ю, номусдан гапирганига ўлайми? Маникенларнинг ҳам номуслиси бўлармишми?

Бу гап Нежлага ҳам оғир ботди.

– Бу нима деганинг, Фикри? Биз номуссизмизми?

Фикри эса бу саволни эшитиб янаям ҳайратланди:

– Сенми? Сен-а Нежла? Сен ҳам номуслимисан?

– Албатта номуслиман, бирор марта ҳам пулни деб эркак киши билан бўлмаганман.

– Яъни текинидансан. Йилига ўн марта эркак алмаштирмасангиз кўнглингиз жойига тушмайди-ю, яна номуслиман дейсиз. Номус нима эканлигини билмайсизми ёки унутиб юбордингизми?

Бу гал Лайло асабийлашиб кетди:

– Биз тўғри келган эркак билан кетаверадиганлардан эмасмиз. Ўртоқларимни ҳам мени ҳам хақорат қиляпсан, бу гапинг менга ҳечам ёқмади.

Фикри баттар қайсарлашиб хақорат қилишда давом этаверди:

– Нима сени билмасмидим. Анавини отиб олган кунингдаёқ уйимга ўз оёқларинг билан келгансан, меники бўлгансан. Ўшанда исмимни ҳам билмас эдинг-ку.

Лайло Фикрига нафрат кўзлари билан қараб бақира кетди:

– Номуссиз! Ўзинг, ахир ўзинг ичирган эдинг-ку. Мен нима қилаётганимни билмас эдим. Ўша захарга ўргатиб олгунингча менга доим тарбияли, яхши қиз эканлигимни айтардинг. Энди нималар деяпсан? Ўзинг-ку, мендан фойдаланиб қанча пул топдинг, мени ҳам ўргатиб олдинг. Энди эса мени расман номуссиз деб эълон қиляпсан. Мен сен билан бўлганимда фоҳишамишману, сен мен билан бўлганингда ўшанақанинг эркаги бўлмайсанми? Мени хақорат қилиб ўзингни оппоқ кўрсатмоқчимисан? Дархол бу уйдан чиқиб кет, бўлмаса сени нимта-нимта қилиб ташлайман.

Ҳамма бараварига алланималар дер ва ким нима деётганини тушуниб бўлмас эди. Лайло ўзини йўқотиб қўйган, бақириб-бақириб йиғлай бошлади:

– Бу муҳитдан нафратланаман, нафратланаман. На севгилингга ишониб бўлади, на дўстингга. Мен бу гапларни эшитиш учун маникен бўлмаган эдим. Мен подиумларга эркакларнинг кўзини ўйнатиш учун чиқмаган эдим. Жин урсин ҳаммасини... Бизни сиз каби пасткашларнинг қучоғига отдилар.

Эркаклар ўринларидан туриб эшик томон йўл олишганда ҳам Фикри ҳалиям бақирар эди:

– Шарманда...Фоҳишалар...

Лайло ҳам бор овози билан қичқирар эди:

– Ўзларингиз биздан ҳам баттарсизлар. Эркак фоҳишалар, номуссизлар. Бу уйга яна қадам босадиган бўлсаларинг ўлдим деяверинглар.

Фотима деразанинг олдига келиб, аламидан йиғлар эди. Уйнинг ичида жимжитлик ҳукм сурар, ҳамма хаёлга чўмиб қолган эди.

Лайло фарёд ура бошлади:

– Мен интилган, хоҳлаган ҳаёт шумиди? Аллоҳ жазосини берсин... Нега ҳамма азобни биз тортамиз.

– Уф-уф. Етар-етар. Маникенлар деганда фоҳишаларни кўз олдимизга келтирадиган бўлиб қолганмиз. Кимдир бунга ниҳоя ясаши керак.

Фотима эса отасининг сўзларини эслади:

“Болажоним, улар қизларимизни эркакларга яланғоч кўрсатиш учун ич кийимнинг номини ўзгартириб, сузиш кийими, мода деб саҳнага чиқара бошлашди. Бу нарсаларга шунчалик кўникиб кетишдики, авваллари болдирларини кўчада очиб юра олмаган қизларимиз, энди жури қаршисида бемалол ечинадиган ҳолга келишди. Ёшлик шунақа бўлади деб, гўзаллик танловлари ҳам уюштирилди. Ҳаммаси кўзларимизни ўргатиб олиш учун эди. Асосий масала Исломнинг амри ҳижоб кийишга қарши бўлган авлод етиштириш эди. Муродларига ҳам етишди. Энди эса мусобақалар пул учун уюштириляпти”.

Сўнгра хаёл дунёсидан чиқиб Лайлога ўгирилди:

– Лайло жудаям асабийлашдинг, юр хоҳласанг тоза ҳавода айланиб келамиз.

Лайло эса унга қараб аламини ундан оладигандай бақириб:

– Қайси ҳаво, қанақа ташқари, нима улар кўчада юришмайдими? Суюқоёқлар билан тўлага ўхшайди-а ҳаммаёқ. Лекин эркаклар камми? Нега фақат бизники кўринади?

Фотима ҳайратланиб сўради:

– Нима? Сен ўшанақамисан?

– Ҳа, айтдим-да. Фикрига ўхшаган пасткашларга биз... Ширин сўзлари билан бошимизни айлантириб олишади-да, ўйинчоқ қилишади. Кейин эса ахлоқсизга чиқариб хақорат қилишлари хиқилдоғимга келди. Жуда тубанлашиб кетдим, буни миямга сингдира олмаяпман, Демет. Ташқаридан олиб қараганда булар жуда чиройли, жозибадор бўлиб кўринади. Лекин Эй Аллоҳим, қанчалар тубан, зулмат олам эмиш. Ёш қизлар буларни билиб қўйишлари керак... Нимадир қилиб бу ернинг нақадар чиркин ер эканлигини тушунтиришимиз керак.

Бону ҳам уларнинг суҳбатига қўшилиб:

– Жуда тўғри гапни айтдинг, Лайло. Мен ҳам худди шундай алданиб қолдим. Бу ифлос ҳаётни бизга безатиб, жимжимадор қилиб кўрсатишди. Лекин уларнинг дардларини, ёлғиз эканликларини, кимсасиз бир бурчакда ўлим топишлари ҳақида айтишмади. Шунинг учун хақ гапни айтдинг, дедим. Бизга имкон беришса-ку, телевизорларда чиқиб гапирсак. Ёшларга чекаётган азобларимизни гапириб берсак. Айниқса, мен бошимдан ўтганларни гапирсам, дунё жойидан қўзғаб, ҳеч бир эркак аёл бўлишни истамасди.

Фотима яна отасининг сўзларини ёдга олди:

“Болам, Хақиқий ҳаёт телевизордагидай эмас. Сен кўраётган артисту, маникенларнинг ҳаётини бахтли, жилвакор деб ўйлама. Улар аслида ёлғиз қолган, дўстлари бўлмаган инсонлардир. Бахтсиз инсонлардир. Ишонган ҳеч кимлари йўқ. ”

Ўша пайтда у отасининг айтган ҳар бир сўзини жонли тарзда ёнгинасида кўраётган эди.

Лайло ҳеч ўзига кела олмаётган, Нежла ҳам тинчлана олмаётган эди:

– Бундан кейин қаршимдан чиққан ҳар бир эркакдан ўчимни оламан. Улар билан маишат қилиб, кейин тарсаки тортиб кетаман.

Бону бу гапга қахқаха отиб жавоб берди:

– Нонига сарёғ суриб, яна уларнинг фойдасига ишлайман, яна уларнинг кўнглини хушлайман, дегин. Товуқ мия, шунақаям ўч олинадими?

– Бону, овозингни ўчир. Жаҳлимни чиқаряпсан.

Фотима ҳам Бонунинг гапларини тасдиқлади:

– Бонунинг гапларида жон бор. Ўч оламан деяпсан-ку, лекин аслида буларнинг ҳаммаси уларнинг фойдасига ҳал бўляпти.

Шу тарзда гап гапга уланиб кетаверди.

Эртасига бу гаплардан асар ҳам қолмаган, мавзу яна мода, ким нима қилгани, кўрган билганлари бўлди. Фотима эса тинмай китоб ўқир, баъзан уларнинг олдига келиб ўтирар эди.

Нежла қўлидаги газетани кўрсатиб, уларга хушхабари борлигини эълон қилди:

– Қизлар кўрдингларми? Гунеш газетаси Туркия гўзали танловини эълон қиляпти, ўзимизни синаб кўрмаймизми?

Лайло газетани қўлига олиб ўқий бошлади:

– Хўш, яхши мусобақага ўхшайди, кўпгина таниқли маникенларни шулар танлаган эканлар, қатнашамизми?

Бону ҳам уларни қўллади:

– Қатнашинглар, омадингизни синаб кўринглар. Тўғрисини айтсам, мениям қабул қилишганида қатнашган бўлар эдим.

Фотима эса миқ этмас эди. Бу ҳолатни Нежла пайқади:

– Демет, сен нега индамай ўтирибсан?

– Билмадим, кайфиятим йўқ, чарчадим. Бугун ишхонада қанча кийим бўлса ҳаммасини менга кийдириб кўришди. Кийиб-ечиб, кийиб-ечиб ҳолдан тойдим. Гаплашаверинглар, сизларни эшитяпман.

– Майли-ку, қатнашайликми, йўқми? Бирор нима дегин.

– Мени аралаштирманглар, лекин сизларга тавсия ҳам қилмайман.

– Сен ҳам қатнаш, ҳаммамиз бир омадимизни синайлик.

– Аллоҳ асрасин.

Фотиманинг гаплари Нежлани ҳайратда қолдирди:

– Нега бундай деяпсан? Оиланг қаршилик қилармиди?

Фотима эса яна ёлғон тўқишда давом этди:

– Йўғ-е, нима деяпсан. Улар қайтанга хурсанд бўлишади-ку. Ўзим хоҳламаяпман.

Нежла Фотимага бошдан оёқ разм солгач, деди:

– Тушунарли, ўзингга ишонмаяпсан.

– Тўғри, ўзимга ишонмаяпман,- деди Фотима паришон ҳолатда.

Фотима яна ўзи билан ёлғиз қолгач кундалигига ёзишда давом этди:

“Сохтакор Фотима. Жирканч, ёлғончи... Аллоҳ жазоингни берсин. Ҳалиям ёлғонларингдан воз кечолмаяпсан. Кўзларинг кўр бўлсин. Бошқалар йўлдан озган онасини уялмай гапиришар экан, сен имом отанг-у, диндор онангдан уяляпсан. Юзингга тупурса ҳам кам аслида, сохтакор.”

* * *

Эртаси куни дам олиш куни эди. Қизлар иш жойларидаги дугоналари билан кўришиб, дискотекага боришмоқчи эди. Фотима ҳам боргиси келар эди-ю, лекин ичидаги Фотима бунга йўл қўймас эди. Бу ҳолат уни янаям қийнар, нима қилишини билмас эди.

Ўзини диндан чиқариш учун қўлдан келганча тиришар, лекин кейин йиғлаб Аллоҳга ёлворар эди:

“Сен билан бўлмаяпти, Аллоҳим. Гуноҳимни ҳам бемалол қила олмаяпман. Қалбимдан чиқ, Аллоҳим. Ёлвораман чиқ. Сен бор экансан, бу ерларда яшашнинг иложи бўлмаяпти. Иложи бўлса ҳам бахтли бўла олмаяпман.”

Кейин бирдан қўрқиб кетар эди:

“Эй, Аллоҳим. Нималар деяпман ўзи? Сенга бўлган ишончим қалбимдан чиқадиган бўлса кофир бўламан-ку. Ё Роббим. Гуноҳкор бўлсам ҳам, ўзинг асра мени. Динсизлардан бўлишимга изн берма. Охиратимни йўқотишни истамайман.”

Бурчак-бурчакда йиғлаб олар, лекин бу ҳаётдан ажраб кета олмаётган эди. Бу ҳаётнинг жозибадор тарафлари кўриниб қолар эди.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (11-қисм)