11:30 / 22.10.2018
2 736

Гитлернинг ядровий режаларини бузган шахс вафот этди

Гитлернинг ядровий режаларини бузган шахс вафот этди
Иккинчи жаҳон уруши пайтида «Ганнерсайд» амалиётига раҳбарлик қилган норвегиялик Йоахим Реннеберг 99 ёшида вафот этди. Унинг ўлими ҳақида Reuters'га таяниб Kun.uz хабар бермоқда.

1943 йилда Реннеберг Норвегиядаги Веморк гидроэлектрстанциясида оғир сув ишлаб чиқаришни йўқ қилишга қаратилган қўпорувчилик ҳаракатига бошчилик қилган. Унинг ишлаб чиқарилиши атом бомбаларининг кейинги ривожи учун жуда муҳим эди. Норвегиялик амалиётга раҳбар этиб тайинланганида атиги 23 ёшда бўлган.

Норвегия ҳукумати Реннебергни «нацистлар Германиясининг ядровий амбицияларини йўқ қилиши лозим бўлган жасур рейд етакчиси», деб атаган. Гарчи тарихчилар учинчи Рейх ўша пайтда ядро қуроли ишлаб чиқара олиши мумкин бўлганига шубҳа қилишса-да, улар 1943 йилда хатарларни аниқлаш қийин вазифага айланганини тан олишади, дея қўшимча қилган агентлик.

«Ганнерсайд» амалиёти Веморкка ҳужум қилиш учун иккинчи уриниш эди. Биринчиси муваффақиятсизликка учраган: қийин об-ҳаво шароитлари туфайли қўпорувчиларнинг бир қисми ерга тушишда қояларга урилган, бошқалари эса гестапо томонидан асирга олинган. Иккинчи уринишда ҳарбийлар вазифани уддалашди. Қўпорувчилик ҳаракатидан кейин завод қайта тикланмади, қолган сув Германияга олиб чиқиб кетилди.

Реннеберг 1919 йилда Норвегиянинг Олесунн шаҳрида туғилган. 1940 йилда Германия Норвегияга бостириб киргач, Буюк Британияга қочиб кетган, у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган ва Веморкдаги миссияни бажаришга тайинланган. Иттифоқчилар ғалабасидан кейин у радиомухбир бўлиб ишлаган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)