16:43 / 23.10.2018
3 790

Эрдўған Қошиқчи ўлимида Саудияни расман айблади ва сирларни очишни талаб қилди

Эрдўған Қошиқчи ўлимида Саудияни расман айблади ва сирларни очишни талаб қилди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши аввалдан пухта режалаштирилгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда The Guardian'га таяниб Kun.uz хабар бермоқда.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, бу қотиллик Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюришидан бир неча кун олдинроқ режалаштирилганди. Унинг айтишича, бу қотиллик амалга оширилишида Саудия Арабистонидан келган икки гуруҳ иштирок этган, бу гуруҳлар таркибида саудиялик генераллар ҳам бўлган.

Туркия президенти бу ҳодисани шафқатсизлик ва қолоқлик деб баҳолади ҳамда Саудия Арабистони ҳукуматидан журналистнинг ўлими бўйича саволларга жавоб беришни талаб қилди.

У Истанбулдаги қотиллик учун жавобгарлар топилиб, Истанбулда судга тортилиши кераклигини таъкидлади.

Шу билан биргаликда, Эрдўған бу қотилликдан бехабар бўлганини айтаётган Саудия Арабистони қироли Салмоннинг сўзлари ростлигига шубҳа қилмаслиги, ҳозирда асосий масала қотилликни ким буюртма қилганини аниқлаш эканини айтиб ўтган.

Эрдўған журналист ўлими тўғрисидаги барча ҳақиқатларни фош этишга ваъда берган.

Саудия ҳокимиятини танқид остига олиб келган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетганидан кейин изсиз ғойиб бўлганди.

17 октябрь куни оммавий ахборот воситалари журналист консуллик биносида қийноққа тутилгани ва боши танасидан жудо қилинганини хабар қилишди. Уни сўроқ қилиш чоғида бош консул ўзи ҳам иштирок этгани тахмин қилинди.

20 октябрь куни Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлимини тасдиқлади. Лекин Саудия Арабистони бош прокуратураси маълумотида, консулхонада жанжал келиб чиқиши оқибатида журналистни бехосдан ўлдириб қўйишгани айтилганди.

Бироз аввалроқ Haberler порталида Жамол Қошиқчининг жасади бўлаклари Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳудудида жойлашган қудуқдан топилгани ҳақида хабар берилганди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған Қошиқчи ўлимида Саудияни расман айблади ва сирларни очишни талаб қилди