“Тахтлар ўйини” режиссёри фильмни суратга олиш майдонида “гестапоча” интизом бўлганини айтди

  • 30-11-2018, 14:36
  • 460
  • Дунё
  • “Тахтлар ўйини” режиссёри фильмни суратга олиш майдонида “гестапоча” интизом бўлганини айтди
    “Тахтлар ўйини” фильми режиссёри Дэвид Наттер АҚШнинг “Huffington Post” нашрига берган интервьюсида фильм жуда қаттиқ “гестапоча” интизом асосида суратга олинганини айтди.

    Айтиш жоиз, “Тахтлар ўйини” фильмининг саккизинчи фасли ўта махфий шароитда суратга олингани ҳақида сериал иштирокчилари бўлган актёрлар ҳам маълум қилган эди.

    Ижрочилар суратга олиш жараёнида уларга сценарий фақат рақамли форматда берилгани ва съёмка тугаши билан ўчириб ташлангани ҳақида ҳам айтишган.

    Фильм режиссёри Дэвид Наттер актёрлардан бири Лиам Каннигэмнинг ўз сценарийсини, ҳатто ҳимояланган шахсий "iPad" орқали ҳам топа олмаганини изоҳлар экан, шундай деган:

    “Баъзан папараццилар суратга олиш жараёнларидан бирор кадр олишга ҳаракат қилиб операторлик крани-ю хаёлингга келмаган бошқа жойларга яшириниб олишади. Улар ҳамма жойда бор эди. Бу гал суратга олиш майдонида ҳеч қандай қоғоз, босма матндан фойдаланмадик. Сериал қаҳрамонларининг тақдири қандай кечишини ҳеч ким билиб қолмаслиги учун шу даражада қаттиқ назорат қилинди. Оқибатда бу гестапоча назоратга ўхшаб қолди”.

    Шунингдек, у сериалнинг шов-шувга ўч фанатларини чалғитиш учун бир нечта сохта лавҳалар ҳам суратга олинганини ошкор этди. Аммо уларнинг тафсилотларига тўхталмади.

    “Тахтлар ўйини” фильмининг сўнгги фасли 2019 йил апрель ойида намойиш этилиши режалаштирилган. У ҳар бири 90 дақиқалик олти сериядан иборат.

    » » “Тахтлар ўйини” режиссёри фильмни суратга олиш майдонида “гестапоча” интизом бўлганини айтди