Қирғизистоннинг собиқ президенти Жээнбековни қўллаб-қувватлаганидан афсусда

  • 12 декабрь 2018, 18:00
  • 2 532
  • Дунё
  • Қирғизистоннинг собиқ президенти Жээнбековни қўллаб-қувватлаганидан афсусда
    Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев президент сайловида номзод сифатида Сооронбай Жээнбековни (амалдаги президент) танлаб хато қилганини айтди. Бу ҳақда собиқ президент 10 декабрь куни “Апрел” телеканалига берган интервьюсида айтган.

    “Фақат битта одамга ишониб, катта хатога йўл қўйдим. Бу менинг айбим”, – деган Атамбаев.

    2017 йил 15 ноябрь куни социал-демократлар партиясидан номзод Сооронбай Жээнбеков Қирғизистонда бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонган.

    Атамбаев нима сабабдан Жээнбековни танлаганини айтган. Унга кўра, собиқ президент СДПдан президентликка номзод сифатида халқнинг розилиги ва бирлиги учун жанубий номзод кўрсатилиши керак деб ўйлаган.

    “Жанубий номзод ким бўлиши ҳақида ўйлаганимда, хаёлимга Сооронбай Жээнбеков ва Асилбек Жээнбеков келган. Бир йилдан бери қаерда хато қилганимни ўйладим, кейин билдимки, жанубий номзод сифатида Сооронбай Жээнбековга кўп ишониб юборган эканман. Қадрдон дўст каби ишонибман. Янги президентни танлашда унга кўпроқ эътибор қаратиб, кимнидир бўлса-да сотганми ёки йўқлигини билишим керак эди. Ёнимда ишлайдиган одамлар мендан кўпгина маълумотларни яширишган, афсуски, уларни энди билаяпман”, – деган Атамбаев.

    2017 йилги президент сайловида Атамбаевнинг вориси сифатида Сооронбой Жээнбеков ушбу лавозимни эгаллаган. Бироқ у давлат идораларини собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг яқинларидан "тозалаш" ишларини амалга оширди.

    Алмазбек Атамбаев президентлиги даврида хизмат қилган собиқ бош вазир Сапар Исҳоқов, Жонтўра Сотиболдиев коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган. Апрелда Жээнбеков Атамбаев иттифоқчиларидан бош прокурор ва миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларини ишдан бўшатган. Июлда Бишкекнинг собиқ мэри Алибек Ибраимов ҳам коррупцияда айбланиб ишдан олинган.

    Фикрлар

    » » Қирғизистоннинг собиқ президенти Жээнбековни қўллаб-қувватлаганидан афсусда