
Москвадаги Домодедово аэропортидан таксига чиққан ҳамюртимизни ўзбек таксичилари тунаб кетишди.
— Мен Тошкентдан Москвага учиб келдим, — дейди 25 ёшли Давронбек исмли ҳамюртимиз. — Домодедово аэропорти ичкарисидан таксилар турадиган жойга чиқиб бордим. Таксичилар манзилгача йўл ҳақи 800-1000 рубл атрофида бўлишини гапириб туришганди. Бир маҳал 35-37 ёш атрофидаги эркак келиб менга ўзбек тилида мурожаат этди. Метрогача 100 рублга олиб бориб қўйишини ҳам қистириб ўтди. Рози бўлдим. Ёнида яна бир ўзбек бор эди. Афтидан у мастга ўхшади. Айланма йўллардан бирига етганда, таксичи негадир рулни бошқа тарафга бурди. Мен дарров ҳайрон бўлиб тўғрига кетишимиз лозимлигини айтдим. У эса ёқилғи қуйиб олиши зарурлигини рўкач қилди. Ёқилғи қуйиш шоҳобчасига киргач, ёнидаги мен маст деб ўйлаган эркак уйғонди-ю, пича пул бериб туришимни сўради. Майли деб 100 рубл пул бердим. Аммо у мен жами 6750 рубл пул тўлашим зарурлигини дўқ аралаш баён қилди.
Шу тобда орқадан ДАН ходимлари ўтирган машина келиб қолди. Мен ичкаридан туриб ойнани тақиллатганча ёрдам сўрай бошладим. Афсуски, полициячилар мени кўришса-да, хотиржамгина жўнаб кетишди. Таксичининг ёнидаги эркак эса қўлимдаги сумка ва ҳужжатларни тортиб олди. Қачон айтилган пул тўланса сумка ва ҳужжатлар қайтарилишини айтди. Илож қанча. Дўстларим кейинроқ улар айтган карточкага 1000 доллар пул ташлаб беришди. Шундан кейин сумкам ва ҳужжатларимни қайтариб беришди.
Мен жуда хафа бўлиб кетдим. Ахир, улар ҳамюртларим-ку! Нега бу қадар ифлосликка боришяпти? Наҳотки, уларнинг қалбида заррача ватандошлик ҳисси бўлмаса?
Манба: Hordiq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар