Трамп энг кўп қидирилувчи террорчилардан бири йўқ қилинганини тасдиқлади

  • 07 январь 2019, 06:00
  • 946
  • Дунё
  • Трамп энг кўп қидирилувчи террорчилардан бири йўқ қилинганини тасдиқлади
    АҚШ президенти Дональд Трамп энг кўп қидирилувчи террорчилардан бири, 2000 йилда “Коул” эсминецига қарши терактга алоқадор бўлган Жамол Аҳмад Муҳаммад Али ал-Бадавийнинг йўқ қилинганини тасдиқлади. Ал-Бадавий “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг энг қидирилувчи аъзоларидан бири бўлган.

    “Ажойиб ҳарбийларимиз “Коул” эсминецига қарши ҳужумда ҳалок бўлган ва жабрланган қаҳрамонларимизга нисбатан адолатни тиклашди. Бу ҳужум етакчиси Жамол ал-Бадавийни ҳозиргина ўлдирдик. “Ал-Қоида”га қарши ишимиз давом этади. Биз террорчиликка қарши курашни ҳеч қачон тўхтатмаймиз”, деб ёзган Трамп твиттерда.

    Террорчи ФҚБнинг энг кўп қидирилувчи террорчилари рўйхатида бўлган. Унинг қўлга олинишига олиб келувчи ахборот учун 5 млн доллар мукофот пули тайинланганди. Террорчи Яманнинг Мариб муҳофазасида 1 январда авиазарба натижасида ўлдирилган. Террорчи ҳужум вақтида бир ўзи машинада кетаётган бўлган.

    2000 йил 12 октябрда террорчи-худкушлар портловчи моддалар ортилган кичик қайиқда Яманнинг Адан портида ёнилғи қуйиш учун тўхтаган “Коул” эсминецига ҳужум қилган. Ҳужум оқибатида 17 нафар америкалик денгизчи ҳалок бўлган, 39 нафари жароҳат олган.

    ОАВ маълумотларига кўра, ал-Бадавий 2004 йил мартда Яман мутасадди идоралари томонидан ушланган, бироқ 2006 йил февралда турмадан қочишга муваффақ бўлган. У ва яна бир неча маҳбус супурги ва синган вентилятор бўлаклари ёрдамида турмадан яқин орадаги масжидга олиб борувчи туннел қазишга муваффақ бўлишган.

    » » Трамп энг кўп қидирилувчи террорчилардан бири йўқ қилинганини тасдиқлади