Мактаб буфетида қайтимга олинган танга 1,65 млн долларга сотилиши мумкин

  • 10 январь 2019, 22:30
  • 2 054
  • Дунё
  • Мактаб буфетида қайтимга олинган танга 1,65 млн долларга сотилиши мумкин
    1943 йилда зарб қилинган ноёб мис танга эгаси ўлимидан кейин аукционга қўйилмоқда. Бу ҳақда Fox News телеканали маълум қилди.

    Иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШда тангалар мисни ўқ-дорилар ва бошқа ҳарбий мақсадларда тежаш учун пўлатдан зарб қилинган. 1943 йилда зарбхоналарда хатолик туфайли бир нечта мис танга зарб қилиб юборилган. Тахмин қилинишича, бундай тангалардан 40 тача бўлган: улардан 10-15 таси Филаделфияда, яна бир нечтаси Сан-Францискода ва Денверда бир дона зарб қилинган.

    АҚШ ҳукумати мис тангалар борлигини узоқ вақт рад этиб келган. Бу эса ақл бовар қилмас миш-мишларга сабаб бўлган. Айтишларича, миллиардер Генри Форд шундай танга учун янги автомобил беришга тайёр бўлган. 1943 йилда зарб қилинган биринчи мис танга урушдан кейин топилган. 70 йилдан кейин шундай тангалардан 12 та борлиги тасдиқланган.

    Улардан бири Дон Лютес исмли шахсда сақланган. У бу тангани 1947 йилда мактаб буфетидаги қайтим ичида аниқлаган. Шундан кейин Лютесга тангани сотиб олиш истагида ёнган нумизматлар тинчлик бермай қўйган. Лютес танга ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаб, АҚШ молия вазирлигига хат ёзган. Бунга жавобан 1943 йилда зарб қилинган мис тангалар йўқлиги маълум қилинган. Лютес натижада тангани ўзида сақлаб қолишга қарор қилган.

    2018 йил сентябрда Лютес вафот этган, унинг мис тангасини эса сотишга қарор қилинган. Мутахассисларнинг тахминича, танганинг нархи 1,65 млн долларгача етиши мумкин.

    2018 йилда Америка нумизматлар уюшмаси жаҳон ярмаркасида дунёдаги энг камёб тангалардан бири – 1913 йилда зарб қилинган 5 центлик танга сотувга қўйилган. Савдолар вақтида танганинг нархи 4,5 млн долларгача етган.

    » » Мактаб буфетида қайтимга олинган танга 1,65 млн долларга сотилиши мумкин