07:45 / 26.06.2019
2 316

19 долларлик нонушта. 9 йил аввал Обама Медведевни бургер билан меҳмон қилганди

19 долларлик нонушта. 9 йил аввал Обама Медведевни бургер билан меҳмон қилганди
Дональд Трамп келганидан сўнг АҚШ халқи янада қадрлаётган мамлакатнинг 44-президенти Барак Обама ўзининг мамлакат раҳбарлари учун фавқулодда камтар ҳаёт тарзи билан ажралиб турарди. Чикагода кредитга уй олган Обама ҳамон ўша қарзларини тўлаётгани айтилади. Президентликдан бошини баланд кўтарган ҳолда кетган Обама дунёнинг энг қудратли мамлакатини бошқарган вақтида ҳам оддий ҳаёт тарзидан воз кечмаган.

2010 йилда ўша вақтдаги Россия президенти Дмитрий Медведев расмий ташриф билан Америкага борганди. Бундан роппа-роса 9 йил олдин, 2010 йил 25 июнда АҚШ президенти Барака Обама россиялик ҳамкасбини ҳаётидаги энг унутилмас нонуштага таклиф қилади.

Одатда расмий ташриф давомида мамлакат раҳбарлари алоҳида машиналарда юришади, лекин Обама Медведевни ўз машинасида юришга таклиф қилганди. Ўшанда «биринчи рақамли» лимузинга журналистлар ҳам киритилган ва уларга суратга олишга рухсат берилганди (демократияни шу қадар таъминлаб қўйган АҚШ кейин бошқаларга демократия, эркин фикр ҳақида ваъз ўқийди-да, дегинг келади киши).

Обама ҳамкасбини Вашингтондаги ўзи бориб турадиган «Ray's Hell Burger» емакхонасига таклиф қилганди. Жуда оддий бўлган бу кафеда ўтирганлар дунёнинг энг катта икки давлат етакчиларини кўриб ҳайрон қолишганди. Президентлар айнан ўша ерда нонушта қилишлари ҳақида фақат АҚШ хавфсизлик хизматларигина билишган. Емакхона эгалари ва хизматчилари ҳам АҚШ ҳамда Россия етакчиларининг нонуштаси айнан уларнинг кафесида ўтишидан бехабар бўлган.

Обама «Ray's Hell Burger»ни ўзининг энг ёқтирган тамаддихоналаридан бири эканини айтиб, Медведевга нимани танлашни таклиф қилади. Россия етакчиси ўзига пиёзли, «Чеддер» пишлоғи ва қўзиқорин қўшилган бургер буюртма қилади. Обама эса бургер билан бирга помидор ва бодринг ҳам буюртма қилганди. Ичимлик сифатида Обама яхна чойни танлайди, Медведев эса кока-колани маъқул кўради.

Обаманинг таклифига кўра президентлар бир порция қовурилган картошкани (фри) тенг бўлиб ейишади. Медведев ҳисобни тўлашни таклиф қилади, лекин Обама у меҳмон эканини айтиб, 19 доллардан кўпроқ ҳисобни ўзи тўлайди. Қайтимни эса АҚШ президенти касса олдидаги хайрия қутисига ташлайди.

Президентлар умумий 20та столи бор тамаддихонанинг ичкарисида ўтиришади. Чунки ташқарида жуда иссиқ эди. Ўша куни Вашингтонда ҳаво 38 даража иссиқ бўлган ва бундай жазирама АҚШ пойтахтида салкам юз йилдан буён кузатилмаганди.

Кафедаги икки президент келганидан ҳайрон қолган официантлар уларга хизмат қилишни ҳам унутиб телефонларида суратга ола бошлашади. Телевидениеда кетган лавҳада одамлар яқинларига қўнғироқ қилиб, уларнинг ёнида Обама ва Медведев бургер еб ўтирганини айтиб, мақтанишгани ҳам эшитилганди.

Бу учрашувдан сўнг Медведев твиттердаги саҳифасида шундай деб ёзганди: «Анчадан буён гамбургер емагандим».

Кафедан чиққан раҳбарлар Оқ уйга борган ва Медведевнинг расмий ташрифи бўйича якуний матбуот анжуманида қатнашишганди. Обама жумладан шундай деганди: «Мен ўтган йил Россияга борганимда жуда илиқ кутиб олишганди. Кремлдаги қишки боғда чой ичганимизни оиламиз ҳамон илиқ хотиралар билан эслайди. Умид қиламанки бизнинг бургер ҳам сизга маъқул бўлди».

Медведев эса бу таом Американинг руҳини ҳис қилиш имконини беришини айтганди: «Унутилмас овқатланиш бўлди. Бу таом соғлиққа фойдали бўлмаса ҳам, жуда мазали. Унда Американинг руҳи яширинган».

Президентларнинг бу учрашуви жаҳон матбуотида кенг муҳокама қилинганди. Газеталар «Бургер дипломатияси», «Икки президентга бир порция картошка» қабилидаги сарлавҳалар билан чиққанди. Ҳар куни бирор мамлакат президенти бошқа ҳамкасби билан учрашади.

Уларнинг ҳар хил дабдабали маросимларда қатнашгани, шоҳона дастурхонларда ўтирганлари ҳақида ўқиймиз, лекин фалон миллион доллар сарфланган дабдабали маросимлар тезда унутилиб кетади. Обама россиялик ҳамкасбини 19 долларга оддий чизбургер билан меҳмон қилгани эса ҳамон одамларнинг ёдида.

Америкада оддийликни хушлашади. Бу ажойиб мамлакатнинг президентлари бир доллар ойликка ишлашади, оддий тамаддихоналарда овқатланишади, кредитга уй олишади. Улар бу ишларни кимнингдир эътиборини тортиш учун қилишмайди, бу шунчаки америкача ҳаёт тарзига айланиб кетган. У ерда оддийлик жуда қадрланади, ҳамма бир хил ҳаёт кечириши керак деб ўйлашади.

Бошқа мамлакатдан ишлагани борганлар ҳам маҳаллий америкаликлар каби даволаниш, таълим олиш каби ҳуқуқларга эга. Ҳаммага бир хил қарашади. Балки шу учун ҳам бутун дунё Америка томон интилар. Балки шунинг учун бутун дунёда «грин кард» ўйнашар...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 19 долларлик нонушта. 9 йил аввал Обама Медведевни бургер билан меҳмон қилганди