Атамбоев: «Путиндан кафолат сўраганим йўқ, мен фақат Аллоҳдан сўрайман» (фото, видео)

  • 26 июль 2019, 10:15
  • 1 216
  • Дунё
  • Атамбоев: «Путиндан кафолат сўраганим йўқ, мен фақат Аллоҳдан сўрайман» (фото, видео)
    Кеча ўз бортига Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевни олиб Россия пойтахти Москва шаҳрига парвоз қилган RusJet авиакомпаниясининг Sukhoi SuperJet-100 самолёти «Внуково» аэропортидан учиб, Бишкекка етиб келган. Самолёт Россиянинг Қирғизистондаги Кант авиабазасида қўнган.

    24.kg хабарига кўра, ҳарбий базадан чиқаверишдаги назорат ўтказиш пункти олдида Атамбоевни Қирғизистон социал-демократик партияси байроқларини ҳилпиратганча унинг уч юзга яқин тарафдорлари кутиб олишган.

    Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Москвада Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан учрашувидан қониққанини изҳор этган.

    «Мен у билан собиқ президент сифатида учрашдим. Владимир Путин — менинг яқин дўстим. У мени таклиф этиб самолёт жўнатди, мен қандай буни рад қилишим мумкин? Бу мамлакат ички ишларига аралашиш эмас. У қайғураяпти, мен ҳам қайғураяпман. Барча инқилобларни ҳокимият қилади. Мамлакатни ривожлантириш ўрнига ҳокимият турли интригаларни вужудга келтириб, ўз қариндошларини жойлаштирмоқда», — деган Атамбоев ўзининг Москвага ташрифини шарҳлар экан.

    Алмазбек Атамбоевнинг сўзларига кўра, токи ҳокимият ҳуқуқий майдонга ўтмас экан, у милицияга сўроқ бериш учун бормайди.
    Атамбоев Қўйтошдаги қароргоҳи олдидан қонунсизликка қарши тузилган халқ штабини тарқатмаслигини айтиб ўтган.

    Унинг сўзларига кўра, бу штабни у тузмаган ва унинг аъзоларига ҳам ҳеч қандай буйруқ бера олмайди. Штабнинг ўз раҳбари бор. «Биз ҳокимиятга хатоларни тўғрилаш учун муддат бердик, халқ штаби берди, сентябргача. Парламентни истеъфога чиқариш талабларига тўхталадиган бўлсам, бу талабни биргина халқ штаби илгари сураётгани йўқ», — деди Алмазбек Атамбоев.

    Собиқ давлат раҳбарининг ўзи ва унинг тарафдорлари президент Сооранбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қиладими, дея берилган саволга Атамбоев жавоб бермаган.

    Атамбоев шунингдек, ўз рафиқасига Қирғизистондан чиқиш тақиқланган ёки йўқлигидан бехабарлигини айтган.

    Унинг сўзларига кўра, рафиқаси Раиса Атамбоеванинг мамлакатдан чиқа олиши масаласини ундан эмас, тергов органларидан сўраш керак. Эслатиб ўтамиз, собиқ президентнинг рафиқаси у билан бирга Москвага учмаган.

    Журналистлар хусусий SuperJet самолётида парвоз нархи қанча туришига ҳам қизиқишган. Атамбоев тўловни таклиф этган томон амалга оширганини таъкидлаб, «ким таклиф қилганини билиб турибсизлар-ку», деган.

    Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, SuperJet каби бортларда парвоз қилиш нархи 100 минг евро туради.

    Эслатиб ўтамиз, Россия пойтахтида Алмазбек Атамбоев Владимир Путин билан учрашган. РФ президенти қирғизистонликларни амалдаги давлат раҳбари атрофида бирлашишга чорлаган.

    Алмазбек Атамбаевга кўра, Владимир Путин ҳокимият 2020 йилги парламент сайловларига бамайлихотир тайёргарлик кўриш учун томонларга имконият яратиши ва собиқ олий мартабали мансабдорларни сиёсий таъқиб остига олмаслик борасида Сооранбай Жээнбеков билан гаплашиб кўришга ваъда берган. «Бу юзма-юз учрашув бўлди. Лекин мен ҳеч қандай кафолат сўраганим йўқ. Ҳеч қачон сўрамайман. Фақат Аллоҳдан сўрайман», — дея таъкидлаган собиқ президент.

    » » Атамбоев: «Путиндан кафолат сўраганим йўқ, мен фақат Аллоҳдан сўрайман» (фото, видео)