Атамбоевга қарашли телеканал эфири тўхтатиб қўйилди

  • 08 август 2019, 16:23
  • 649
  • Дунё
  • Атамбоевга қарашли телеканал эфири тўхтатиб қўйилди
    Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга қарашли "Апрель" телеканали эфирдан олиб ташланди.
    "Қирғизистон ҳукумати телетомошабинлар учун ҳақиқий ахборот қамалини уюштирди. Кеча кечқурун, ҳужумдан бир ярим-икки соат ўтгач, "Апрель" телеканали эфирдан узиб қўйилди", дейилади телеканал баёнотида.

    Қайд этилишича, "Апрель" интернет-телевидение операторлари эфир жадвалидан ҳам олиб ташланган.
    "Апрель" телеканали бу ҳолатни сўз эркинлигини бўғиш деб баҳоламоқда.

    Шу билан бирга Қирғизистоннинг "24.kg" ахборот агентлигига DDOS-ҳужуми амалга оширилди. Натижада фойдаланувчилар вақти-вақти билан сайтга кира олишмаяпти.

    7 август куни Атамбоевни қўлга олиш учун махсус амалиёт ўтказилди. Унинг қароргоҳи жойлашган Қўй-Тош қишлоғига борган махсус бўлинма унинг уйига бостириб кирди, аммо ичкарида қаршиликка учради, қолаверса ташқаридан кириб келган собиқ президентнинг тарафдорлари уларни ўраб олгач, таслим бўлди. Улар Атамбоевнинг тарафдорлари томонидан қўлга олинди.

    Қўй-Тош қишлоғидаги тўқнашув оқибатида 50дан ортиқ киши жароҳатланди, бир нафар ҳарбий касалхонада вафот этди.
    Алмазбек Атамбоев Бишкекда муддатсиз митинг бошланганини эълон қилди.

    » » Атамбоевга қарашли телеканал эфири тўхтатиб қўйилди