Қаерда ипотека кредитини 20 йилга фоизсиз олиш мумкин?

  • 08 август 2019, 18:13
  • 1 631
  • Дунё
  • Қаерда ипотека кредитини 20 йилга фоизсиз олиш мумкин?
    Данияда ипотека ставкалари тарихдаги энг паст даражага тушди. Мамлакат тарихида биринчи марта маҳаллий банк 0 фоизли ипотека кредитини 20 йилга таклиф қилмоқда. Бошқа бир кредитор 10 йиллик кредитлар учун манфий ставка белгилади – яъни қарздорлардан фоиз олиш ўрнига уларга пул тўлашга рози бўлди.

    Bloomberg агентлигининг ёзишича, Даниядаги Nordea Bank Abp 20 йилга нул фоизли ипотека кредити беришини эълон қилган. Агентликнинг қайд этишича, бу мамлакат банклари тарихидаги биринчи шундай ҳодисадир. Бу ҳақда Мinbar.uz хабар берди.

    Бунгача, август ойининг бошида Даниядаги энг йирик ипотека кредитори бўлган Realkredit Danmark 30 йилга йиллик 0,5 фоизлик ипотека кредити беришни йўлга қўяётганини маълум қилган эди. Ўтаётган ҳафтада эса Даниядаги энг катта учта банкнинг бири бўлган Jyske Bank тез орада манфий ставкада (йиллик -0,5 фоиз) 10 йилга ипотека кредити бера бошлашини эълон қилди, яъни банк берган ипотека кредити бўйича мижоздан фоиз олиш ўрнига унга фоиз тўлайди.

    Дания марказий банкининг кредит ставкаси 2015 йил январдан бери 0,05 фоиз бўлиб турибди.

    «Ипотека кредити бўйича Дания тарихидаги энг паст ставкалар бизда. Тарихда бунақаси бўлмаган», – деди «Realkredit Danmark»нинг бош иқтисодчиси Кристин Хилигсой Хейниг The Copenhagen Post газетасига. «Бу ипотека тарихидаги янги саҳифадир. Бир неча ой олдин биз бундай бўлиши мумкин эмас деган бўлардик, лекин вазият бизни ҳайрон қолдираяпти», – деди Jyske Bank иқтисодчиси Миккел Хег.

    «Пул қарз олиш ҳеч қачон арзонга тушмаган. Биз бу чорамиз уй нархи ошишига ёрдам беради деб умид қилаяпмиз», – деди Bloomberg агентлигига Nordea банкининг катта таҳлилчиси Лисе Нютофт Бергманн. Унинг айтишича, ставкаларнинг туширилиши уй сотиб олувчилар учун яхши янгиликдир.

    Шу билан бирга у бозордаги аҳволни «деярли даҳшатли» деб атади. «30 йилга қарз берадиган ва эвазига атиги ярим фоиз ҳақ оладиган инвесторлар борлиги одамни таажжублантиради», – дейди Бергманн.

    Дания – дунёдаги энг катта ипотека облигациялари бозори мавжуд мамлакат. Bloomberg ёзишича, бу облигациялар дунёдаги энг ишончли ҳужжатлардан бири ҳисобланади – ҳатто қироллик ўз мажбуриятлари бўйича дефолт эълон қилган Наполеон урушлари вақтида ҳам ипотека облигациялари бозори жиддий тўхталишларсиз фаолият кўрсатишда давом этган. Ипотека кредити бўйича фоиз ставкаси инвестор оладиган купон қийматига тенг.

    Бергманнинг сўзларига кўра паст ва манфий ставкалар инвесторлар молия бозоридаги вазиятдан хавотирланаётганидан дарак беради. «Улар вазият ўнглангунча кўп вақт ўтади деб ўйлашмоқда», – дейди таҳлилчи.

    Хейниг «The Local»га ҳозирги ставкалар жаҳон иқтисодиётидаги вазиятни акс эттиришини айтди. «Асосий сабаб жаҳон иқтисодиёти ўсиши билан боғлиқ ноаниқлиқ, шунингдек АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо урушининг қайталаниши билан боғлиқ мавҳумликдир», – деди у.

    Хейнигнинг тан олишича, узоқ келажакда паст фоиз ставкалари уй бозорида пуфак пайдо бўлишига олиб келиш хавфи бор. Аммо ҳозирча бунинг аломатлари йўқ.

    Вазиятга бошқа томондан қараганда банклар ҳозир аксарият омонатлар бўйича фоиз тўламаяпти. Марказий банкнинг депозитлар бўйича фоиз ставкаси -0,65 фоизга тенг. Дания марказий банкининг маълум қилишича, мамлакат аҳолиси банкларда 921 млрд крон ($139 млрд) пулини сақламоқда, бу пулларнинг деярли 55 фоизи нул фоизли омонатларга қўйилган.

    » » Қаерда ипотека кредитини 20 йилга фоизсиз олиш мумкин?