Зеленский Трампга: “Сиз биз учун буюк устозсиз”. Улар нимани суҳбатлашишган эди?

  • 27 сентябрь 2019, 13:20
  • 939
  • Дунё
  • Зеленский Трампга: “Сиз биз учун буюк устозсиз”. Улар нимани суҳбатлашишган эди?
    Оқ уй АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасидаги суҳбатнинг стенограммасини эълон қилди.

    25 июл куни бўлиб ўтган ушбу суҳбат Америка раҳбарининг Киевни ўз сайловолди кампаниясига тортишга уринишда айблашларига олиб келди. Оммавий ахборот воситалари Трамп Зеленскийга босим ўтказгани ва Демократик партиядан президентликка номзод Жо Байденнинг ўғли устидан тергов олиб борилишини талаб қилганини айтиб келишди.

    Шу сабабли улар ҳатто Трампга қарши импичмент жараёнини бошладилар.

    Бунга жавобан АҚШ президенти Зеленский билан суҳбатнинг стенограммасини нашр этишни буюрди. Бундан келиб чиқдики, Трамп Байден ва унинг ўғлини ва унга қарши тергов тўхтатилганини бир неча бор Зеленскийга эслатган ва Украина раҳбаридан Бош прокурор Уилям Барр ва адвокат Руди Жулиани билан ҳамкорлик қилишни сўраган.

    Трамп ва Зеленский ўртасидаги телефон суҳбати матни:

    Трамп: Буюк ғалабангиз билан табриклайман. Барчамиз Америка Қўшма Штатларида сизнинг ажойиб ишингизни томоша қилдик. Минимал имкониятлар билан ютқазадиган ҳолатда бўлиб, осонгина ғолиб бўлдингиз. Бу фантастик натижа. Табриклаймиз.
    Зеленский: Сиз ҳақсиз, жаноб Президент. Биз ҳақиқатан ҳам ғалаба қозондик ва бунинг учун кўп ишладик. Биз жуда кўп ишладик, лекин мен сиздан кўп нарса ўрганганимни тан олишни истардим. Биз сизнинг кўп кўникмаларингиз ва билимларингиздан фойдаландик ва улардан бизнинг сайловларимизда намуна сифатида фойдалана олдик – ва албатта, бу ноёб сайлов бўлди.

    Биз ғалаба қозонишимиз, ютуқларга эришишимиз мумкин бўлган ноёб вазиятга дуч келдик. Сизга қуйидагиларни айтиб бера оламан: биринчи марта сиз мени президентлик сайловидаги ғалабам билан табриклаш учун қўнғироқ қилдингиз, иккинчи марта эса менинг партиям парламент сайловларида ғолиб бўлганида қўнғироқ қилдингиз. Мен тез-тез ғалаба қозонишим керак деб ўйлайман, шунда сиз менга тез-тез қўнғироқ қилишингиз ва биз тез-тез телефонда гаплаша оламиз.

    Трамп: Бу жуда яхши фикр. Менимча, мамлакатингиз бундан жуда хурсанд.
    Зеленский: Ҳа, ҳақиқатан ҳам биз қўлимиздан келганича ҳаракат қилмоқдамиз, чунки биз мамлакатимизда коррупцияга қарши курашмоқчимиз. Биз кўплаб янги одамларни олиб келдик. Эски сиёсатчилар эмас, оддий сиёсатчилар ҳам эмас, чунки биз янги формат ва янги ҳукумат турини яратмоқчимиз. Сиз бунда ҳам биз учун буюк устозсиз.

    Трамп: Хўш, сиздан бу гапларни эшитиш жуда ёқимли. Мен Украина учун жуда кўп иш қиляпмиз деб айта оламан. Биз кўп куч ва кўп вақт сарфлаяпмиз. Биз Украина учун Европа мамлакатларидан кўра кўпроқ нарса қиляпмиз, улар сизларга ҳозир қилаётганларига қараганда кўпроқ ёрдам бериши керак аслида. Германия сизлар учун деярли ҳеч нарса қилмаяпти. Уларнинг барчаси фақат гапиряпти ва менимча сизда уларга нисбатан саволлар бўлиши керак. Мен Ангела Меркел билан суҳбатлашганимда, у Украина ҳақида гапирди, лекин ҳеч қандай чора кўрмади. Кўплаб Европа мамлакатлари ҳам худди шундай. Шунинг учун, сиз бунга эътибор беришингиз керак деб ўйлайман. АҚШ Украинага яхши муносабатда. Мен албатта муносабатлар икки тарафлама яхши дея олмайман, чунки ёмон ишлар ҳам юз бермоқда, лекин АҚШ Украинага жуда яхши муносабатда.

    Зеленский: Ҳа, сиз мутлақо ҳақсиз. Фақат 100% эмас, балки 1000%. Мен сизга қуйидагиларни айтиб беришим мумкин. Мен Ангела Меркел билан гаплашдим ва у билан учрашдим. Мен Макрон билан ҳам учрашдим ва гаплашдим. Мен уларга санкциялар билан боғлиқ масалаларда етарлича ҳаракат қилмаётганликларини айтдим. Улар санкцияларни қўлламадилар. У санкциялар, Украина учун ишлаши керак бўлган даражада ишламайди. Мантиқан, Европа Иттифоқи бизнинг энг катта шеригимиздир, лекин аслида Америка Қўшма Штатлари Европа Иттифоқидан анча каттароқ шерикдир ва мен бунинг учун сиздан жуда миннатдорман, чунки АҚШ Украина учун Европа Иттифоқидан кўра кўпроқ иш қилмоқда.

    Айниқса Россия Федерациясига қарши санкциялар бўйича. Мудофаа соҳасидаги катта ёрдамингиз учун ҳам сизга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Келгуси қадамлар учун ҳамкорликни давом этдиришга тайёрмиз. Хусусан, биз АҚШдан мудофаа мақсадлари учун кўпроқ Жевелинлар (Javelin – АҚШ томонидан ишлаб чиқарилувчи танкга қарши кўчма ракета комплекси) сотиб олишга тайёрмиз.

    Трамп: Сиздан бизга бир яхшилик қилишингизни истардим, чунки бизнинг мамлакатимиз кўп нарсаларни бошдан кечирди ва Украина бу ҳақда жуда кўп нарсаларни билади. Crowdstrike билан Украинадаги барча вазият нима бўлганини билишингизни истардим. Эҳтимол сиз ўзингизнинг одамларингиздан бирини жалб қилишингиз мумкин. Сервер, улар айтишича, Украинада. Ушбу вазият атрофида кўп нарса қилинмоқда. Ўзингизни худди шундай одамлар билан ўраб олгансиз деб ўйлайман. Бош прокурор сизни ёки сизнинг одамларингизни чақиришини ва сиз бундан хабардор бўлишингизни истардим. Кеча кўрганингиздек, барча чалкашликлар Роберт Мюллернинг муваффақиятсизлиги билан якунланди, бу ҳалокатли чиқиш бўлди, аммо улар кўп нарса Украинадан бошланган деб айтишади. Иложи бўлса, қўлингиздан келган ҳамма нарсани қилиш жуда муҳимдир.

    Зеленский: Ҳа. Сиз айтиб ўтган барча нарсалар мен учун жуда муҳимдир. Президент сифатида мен учун бу жуда муҳим ва келгусида ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз. Биз АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатларда ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга тайёрмиз. Бунинг учун мен яқинда АҚШдаги элчимизни чақириб олдим ва унинг ўрнига халқларимизни яқинлаштириш учун ишлайдиган жуда малакали ва жуда тажрибали элчи тайинланади. Шунингдек, у сизнинг ишончингизни қозонишига, сиз билан яхши муносабатлар ўрнатишига ва янада кўпроқ ҳамкорлик қилишимизга умид қиламан. Сизга шахсан айтаманки, менинг ёрдамчиларимдан бири жаноб Жулиани билан яқинда гаплашган ва биз умид қиламизки жаноб Жулиани Украинага ташриф буюради ва биз у билан учрашамиз.

    Мен шунчаки яна бир бор ишонтирмоқчи эдимки, бизни орамизда фақат дўстларингиз бор. Мен ўзимни энг яхши ва тажрибали одамлар билан ўраб олганимга аминман. Мен ҳам сизга дўст эканлигимизни айтмоқчи эдим. Биз жуда яхши дўстмиз жаноб Президент, бизнинг юртимизда дўстларимиз бор, шунинг учун стратегик шериклигимизни давом эттиришимиз мумкин. Шунингдек, ўзимни ажойиб инсонлар билан ўраб олишни режалаштирмоқдаман ва ушбу тергов ҳақида гапирар эканман, мен Украина Президенти сифатида, сизни ишонтириб айтаманки, унинг очиқ ва ҳалол бўлишига кафолат бераман.

    Трамп: Яхши, мен сизнинг яхши прокурорингиз борлигини эшитдим, кейин у тўхтатилди ва бу ҳақиқатан ҳам адолатсиздир. Кўп одамлар сизнинг яхши прокурорингизни тўхтатдилар ва бу ишда жуда ёмон одамлар иштирок этишди. Жаноб Жулиани жуда ҳурматли инсон. У Ню-Йорк мэри эди, буюк мэр бўлган ва мен унинг сизга қўнғироқ қилишини истардим. Мен ундан Бош прокурор билан бирга қўнғироқ қилишни сўрайман. Руди (Рудольф Жулиани) нима бўлаётганини жуда яхши билади ва у жуда қобилиятли йигит. Агар сиз у билан гаплаша олсангиз, бу жуда яхши бўлар эди.

    АҚШ даги собиқ элчи, аёл киши - бу ёмон хабар, у Украинада бирга иш қилган одамлар ҳам ёмон хабар бўлди. Мен шуни билишингизни истайман. Бошқа томондан, Байденнинг ўғли ҳақида, Байден суд жараёнини тўхтатганлиги ҳақида кўп гаплар бор ва кўп одамлар бу ҳақда билишни хоҳлашади, шунинг учун сиз Бош прокурор билан бу ишни қила олсангиз яхши бўлар эди. Байден таъқибларни тўхтатгани ҳақида гап тарқата бошлади, шунинг учун агар ўйлаб кўрсангиз ... бу менга даҳшатли туюлади.

    Зеленский: Мен сизга прокурор ҳақида айтмоқчи эдим. Аввало, вазиятдан яхши хабардор эканимни тушунаман. Парламентимизда мутлақ кўпчилик ўринни қўлга киритганимиз сабабли кейинги бош прокурор 100 фоиз менинг одамим бўлади, у парламент томонидан маъқулланиб, сентябр ойида ўз вазифаларини бажаришга киришади. У вазиятларни кўриб чиқади, айниқса сиз айтиб ўтган ушбу масала бўйича, компанияга нисбатан. Ушбу ишни тергов қилиш билан боғлиқ бўлган савол аслида ҳалолликнинг тикланишини таъминлаш масаласидир, шунинг учун биз бунга эътибор берамиз ва ишни тергов қилиш устида ишлаймиз.

    Бундан ташқари, сиздан сўрамоқчиман, агар сизда ушбу масалада бизга қўшимча маълумотингиз бўлса, бу Украинанинг АҚШдаги элчисига нисбатан адолатни ўрнатиш учун жуда катта ёрдам беради. Эсимда, унинг исми Иванович эди. Сиз менга у ёмон элчи бўлганлигини биринчи бўлиб айтганингиз жуда яхши, чунки мен сизга 100% қўшиламан. Унинг менга бўлган муносабати яхши эмас эди, чунки у аввалги президентни севар эди ва у унинг тарафида эди. У мени янги президент сифатида яхши қабул қилмаган.

    Трамп: Хўш, у баъзи нарсалар билан келишиб олишга мажбур бўлади. Мен жаноб Жулианига сизга қўнғироқ қилишни айтаман ва Бош прокурор Барр ҳам менга қўнғироқ қилиши керак ва биз ҳақиқатнинг тубига етамиз. Ишонаманки, сиз ҳам бу билан шуғулланасиз. Прокурорга жуда ёмон муносабатда бўлинганини ва у жуда ҳалол прокурор бўлганини эшитдим. Иқтисодиётингиз яхшиланишини тахмин қиламан. Сизда жуда кўп активлар бор. Бу ажойиб мамлакат. Менинг кўплаб украиналик дўстларим бор, улар ақл бовар қилмайдиган одамлар.

    Зеленский: Сизга шуни айтмоқчиманки, менинг ҳам АҚШда яшайдиган бир қанча украиналик дўстларим бор. Аслида, охирги марта АҚШга борганимда, Ню-Йоркда Марказий Парк яқинидаги ва Трамп Тауэрда қўним топганман. (Бу ерда Зеленский менимча Трампга ялтоқлик қилиб, унинг меҳмонхонасида қолганини билдириб ўтмоқда)

    Мен улар билан гаплашаман ва келажакда яна кўришга умид қиламан. Штатларга, хусусан Вашингтонга ташриф буюриш таклифи учун сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бошқа томондан, мен ҳам сизни ишонтириб айтмоқчиманки, биз бу масалани жуда жиддий қабул қиламиз ва уни тергов қилишга ҳаракат қиламиз. Иқтисодий масалага келсак, мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга ва Украина учун ниҳоятда муҳим масалалардан бири бу - энергия мустақиллиги.

    Америка Қўшма Штатлари билан энергия мустақиллиги соҳасида ҳамкорликда катта ютуқларга эриша олишимизга ишонаман. Биз аллақачон буни устида ишламоқдамиз. Биз Америка нефтини сотиб оляпмиз, лекин мен келажакдаги учрашувни жуда кутяпман. Ушбу имкониятларни муҳокама қилиш ва бир-биримизни яхшироқ танишиш учун кўпроқ вақт ва имкониятларга эга бўламиз. Қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга раҳмат айтаман.

    Трамп: Яхши. Сизга катта раҳмат ва мен буни қадрлайман. Мен Руди ва Бош прокурор Баррга қўнғироқ қилишни айтаман. Раҳмат Оқ уйга келишни хоҳлаган вақтингиз қўнғироқ қилинг, уялманг. Санасини айтинг - биз ҳамма нарсани уюштирамиз. Сиз билан учрашишни орзиқиб кутаман.

    Зеленский: Катта раҳмат. Мен АҚШга ташриф буюришдан ва сиз билан шахсан танишишдан жуда хурсанд бўламан. Сиз билан учрашишни сабрсизлик билан кутяпман ва сизни ҳам Украинага ташриф буюришга ва Киевга келишга таклиф қилмоқчиман, бу жуда чиройли шаҳар. Бизнинг гўзал мамлакатимизда сизни кўришдан хурсанд бўламиз. Бошқа томондан, сентябр ойида биз Польшада бўламиз ва умид қиламанки, у ерда учрашишимиз мумкин. Польшада учрашишга умид қиламиз. Шундан кейин сизнинг Украинага сафарингиз жуда яхши фикр бўлиши мумкин. Биз Украинага ё мени самолётимга ўтириб ёки эҳтимол меникидан анча яхши бўлган сизнинг самолётингизда учишимиз мумкин.

    Трамп: Яхши, буни аниқлаймиз. Мен сиз билан Вашингтонда ва эҳтимол Польшада учрашишни орзиқиб кутаман ва иккаламиз бир вақтнинг ўзида ўша ерда бўламиз деб ўйлайман.
    Зеленский: Катта раҳмат, жаноб Президент.

    Трамп: Сиз қилган ажойиб ишингиз билан табриклаймиз. Бутун дунё сизга қараб турди. Ўйлайманки, умидсизликлардан кўра табриклар кўпроқ эди.
    Зеленский: Раҳмат жаноб Президент, хайр.
    * * *
    Бу ҳужжатни ҳар ким ўзича ўқийди. Демократик партия ва либерал шарҳловчилар "шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламаслиги"га ишора қилишса, Трампнинг консерватив тарафдорлари эса бу суҳбатнинг ҳақиқий таркиби айбловлар учун асоссизлигини таъкидлайдилар.

    Олдинда - янги шкафдаги скелетларни чиқариш ва эски ахлат қутисини титиш билан давом этувчи, иккала томоннинг сиёсатчилари ва шарҳловчилари ўртасида шиддатли мунозаралар серияси бизни кутиб турибди.

    Доналд Трампга қарши импичмент жараёнининг бошланиши нимани англатади?

    Хусусан, юқоридаги суҳбатдан келиб чиққан ҳолда Трампнинг ўзи олдинроқ тасдиқлаганидек, собиқ вице-президент Жозеф Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга қарши тергов мавзусига мурожаат қилиб, Зеленскийдан ўз юристи Рудолф Жулиани ва АҚШ Бош прокурори Уилям Барр билан боғланишини сўради. Бундан ташқари, Трамп махсус прокурор Роберт Мюллернинг тергови қандай бошланганлиги ҳақидаги ҳақиқатни топишда ҳам ёрдам сўради. Унинг фикрига кўра, Украинада бу терговларнинг илдизлари бор эди. Украина Президенти эса мамлакатнинг янги бош прокурори, буни "ҳалолликни тиклаш учун" амалга оширишини ваъда қилди.

    Шу билан бирга, олдинроқ демократлар сизиб чиқарилган маълумотлар асосида, Трамп Зеленскийга босим ўтказган ва терговни АҚШнинг Киевга кўрсатаётган ҳарбий ёрдами билан боғлаган деган гапларни тарқатишган эди. Суҳбатда эса бу ҳақда ҳеч қандай сўз йўқ. Бундан келиб чиқадики, Доналд Трамп яна бир марта демократларни “бурнини ерга ишқаб қўйиш”га эришди деб ҳисоблаш мумкин.

    АҚШ Адлия вазирлиги Трамп ва Зеленский ўртасидаги суҳбат мазмунини ўрганганини ва унда Трампнинг аноним манбаалар таъкидлаган қонуннинг бандлари бузилиши аниқланмаганини айтди.

    Шунга қарамай, демократлар эълон қилинган суҳбат матни Трампнинг айбини тасдиқлашини таъкидламоқда, чунки уларнинг фикрига кўра, унинг сўровлари АҚШнинг манфаатларига эмас, балки фақат ўзининг шахсий сиёсий манфаатларига тегишли. Аниқроғи, Оқ уй раҳбари, Байденнинг остидан "қазишни" Зеленскийдан атайлаб сўраган, чунки у Демократик партиядан президентликка номзодларнинг лидерларидан бири бўлиб, 2020 йилги сайловларда Трампга қарши чиқади.

    Аммо республикачилар буни бемаънилик деб ҳисоблайдилар ва демократлар Байденнинг Украина билан боғлиқ “қора ишлари”ни оқлашга ҳаракат қилмоқда деб ҳисоблашади. Улар Байденнинг ўғли Ҳантерни, катта суммали иш ҳақи эвазига, Украинанинг Burisma Holdings компаниясида "тасодифий" ишга жойлашгани ҳақида эслатиб туришади.

    Яқин кунларда, ушбу барча воқеалар натижалари бўйича демократлар импичмент процедурасини расмий бошлаш тўғрисида қарор қабул қиладилар.

    Шунга қарамай, агар импичмент процедураси бошланса, бу мамлакат тарихидаги тўртинчи ҳолат бўлади. Шунинг учун, бу катта бир воқеа бўлиб, қолган йилларда Трампнинг сиёсий йўналишини белгилайди ва 2020 йилдаги президент сайловлари натижаларига бевосита таъсир қилиши мумкин.

    Зеленский эса “қовун туширди”. Унинг катта сиёсатда тажрибасизлиги, “катта ака” унинг елкасини қоқиб қўйишидан ўзини йўқотиб қўйгандан билиниб қолди назаримда. Трампни “буюк устоз” деб аташи ва унга яқинлашиш йўлида мана шундай Трампнинг “нозик” сўровини ҳам балки соддаларча қабул қилгани, ўз навбатида Украина президентининг ҳар бир қадамини пойлаб турган Россия ОАВ лари учун, яна унинг устидан кинояли кулишга баҳона бўлиб қолди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Зеленский Трампга: “Сиз биз учун буюк устозсиз”. Улар нимани суҳбатлашишган эди?