10:23 / 12.11.2019
3 650

Франция президенти Марказий Осиё бўйича янги таклиф билан чиқди

Франция президенти Марказий Осиё бўйича янги таклиф билан чиқди
Президент Эманнуэль Макрон.
Фото: «Reuters»

Франция президенти Эманнуэль Макрон Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни янада жонлантириш лозим деб ҳисоблайди. Француз етакчиси, хусусан, Франция ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ўртасида мулоқот платформаси ташкил этишни таклиф этмоқда. Мазкур таклиф Елисей саройида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда билдирилди.

«Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш кузатилмоқда, жадал тараққий этаётган минтақа дунё эътиборини тортаётир. Биз Марказий Осиёдаги дўстларимизга улар билан ҳамкорликдан манфаатдор эканимизни кўрсатишимиз керак», – дейди президент Э.Макрон.

Франция етакчиси, шунингдек, минтақадаги муаммоларни ҳал этиш борасида кўмак кўрсатиш имкони ҳақида гапирган.
Таъкидлаш жоизки, бу – сўнгги бир ҳафта ичида расмий Париж томонидан Марказий Осиё давлатларига билдирилган иккинчи хайрихоҳлик изҳоридир.

4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси томонидан тушлик ташкил этилди. Маросимда Марказий Осиё элчилари билан бирга Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири ҳузуридаги давлат котиби Жан-Батист Лемуан қатнашди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Франция ўртасидаги икки томонлама ҳамда Европа иттифоқи доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, иқлим ўзгариши, Афғонистондаги вазият ва бошқа минтақавий масалалар муҳокама этилди.

Франция ташқи сиёсат маҳкамасига кўра, расмий Париж сўнгги уч йил ичида Марказий Осиё давлатлар ўртасида робиталар мустаҳкамланаётганини олқишлайди. Фаранг давлати Марказий Осиёда иқтисодий, маданий ва илмий жабҳадаги ўрнини янада кучайтириш ниятида.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Франция билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йил 17 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентда Франция ташқи сиёсат маҳкамасининг Марказий Осиёда иқтисодий дипломатия бўйича махсус вакили Паскаль Лоро билан учрашувда Франция Ўзбекистоннинг Европадаги биринчи сиёсий ва иқтисодий ҳамкорларидан эканини таъкидлаган эди.
С.Салим

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Франция президенти Марказий Осиё бўйича янги таклиф билан чиқди