Излашда давом этяпмиз. Ўзга сайёраликларни қачон топамиз?

  • 22 ноябрь 2019, 18:41
  • 1 180
  • Дунё
  • Излашда давом этяпмиз. Ўзга сайёраликларни қачон топамиз?
    Фото: Google Images
    Ўзга сайёраликларни топишимиз учун яна неча йил керак? 10 йилми? 20 йилми? Ёки ундан ҳам кўпроқми?
    Шу йилнинг 22 октябрида Вашингтонда бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгресси иштирокчилари шу савол юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Уларнинг аксарияти Ердан ташқарида ҳаёт аломатларини топишга унча кўп вақт қолгани йўқ, дея эътироф этган.

    Сўзга чиққанларнинг аксарияти анча йиллардан бери Ердан ташқарида ҳаёт нишоналарини излаш билан машғул бўлиб келаётган кишилар бўлиб, улар илмий асосланган ва дадил умидларни қамраб олган тахминларини баён қилган.

    Хўш, одамзот қачон Ердан ташқарида ҳам ҳаёт мавжудлиги ҳақида аниқ далил ва фактларга эга бўлади?
    Саҳнадаги мунозаралар мувофиқлаштирувчиси Клер Вебб ўз сўзини ўзга сайёраликларни қидириш йўлидаги энг обрўли шахслардан бири Фрэнк Дрейкдан иқтибос келтириш билан бошлади: «2024 йилда биз Ердан ташқарида ҳаёт борлигини исботловчи биринчи далилни қўлга киритамиз».

    Ўз нутқи давомида Клер Вебб Дрейкка ишониш мумкинлигини эътироф этди.
    Албатта, бу гап ўринсиз, муболағали ва оптимистик руҳга эга. 2024 йилга эса озгина вақт қолди. Бироқ барибир бунга ишониш бироз қийин.

    Яна бир маърузачи – Буюк Британиядаги Ёрдел Бенк расадхонаси директори Майк Гаррет эса бу воқелик ҳақида «5, 10 ёки 15 йилдан кейин Марсда ҳаёт нишонасини топиш учун яхши имконият бор» дейди. Унинг таъкидлашича, бу масала юзасидан жиддийроқ иш олиб бориш керак, чунки у бизга кейинги тадқиқотлар учун катта имкониятлар эшигини очиб беради.

    Маърузачиларнинг аксарияти ўзлари берган жавобларини тайинли изоҳлай олишмаган. Масалан, Берклидаги SETI тадқиқот маркази директори Эндрю Симон «2036 йилнинг 22 октябрида» дея аниқ сана келтиришга ҳам журъат қилган бўлса-да, фикрига ҳеч қандай илмий асос келтира олмайди. Чикагодаги Адлер планетарийси астрономи Люсианна Валковиц эса шунчаки «15 йил ичида» деб қўя қолган.

    Экзосайёраларни қидириш билан машғул бўлган астроном Сара Сигер эса Ердан ташқарида ҳаёт нишонасини топиш илинжи кўп жиҳатдан ҳали энди-энди лойиҳалаштирилаётган илмий тадқиқот дастурларига ва айниқса, қурилиши режалаштирилаётган космик телескоплар имкониятига боғлиқ эканини очиқ айтган ва бу борада бирор тахминий муддатни айтишдан ўзини тийган.

    Албатта, юқоридаги фикрларнинг барчаси шунчаки шахсий фикри ва тахминлар холос. Биз Ердан ташқаридаги ҳаётни жуда яқин вақт ичида кашф қилишимиз ёки яна юз йилдан кейин ҳам топа олмаслигимиз мумкин (ҳеч қачон топа олмаслигимиз эҳтимоли ҳам йўқ эмас). Шунга қарамай, ўзга сайёраликларни қидиришга вақт сарфлаётган кишиларнинг аксарияти илинж аралаш оптимистик кайфият билан турли хил сана ва муддатларни келтиришдан андиша қилишмаяпти. Уларнинг ичидаги энг кекса олим – SETI институти президенти 70 ёшли Билл Даймонд эса «Шу кашфиётни кўриб, кейин ўлсам дея умид қиламан» дейди. У бу кашфиёт яқин 10 йил ичида, яъни ўзи 80 ёшга тўлгунига қадар амалга ошишига умид билдирган.

    Музаффар Қосимов тайёрлади.

    Манба: Daryo.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Излашда давом этяпмиз. Ўзга сайёраликларни қачон топамиз?