Путин ва Зеленский Парижда учрашди: нималарга келишилди ва қандай масалалар бўйича келишувга эришилмади

  • 10 декабрь 2019, 09:45
  • 1 374
  • Дунё
  • Путин ва Зеленский Парижда учрашди: нималарга келишилди ва қандай масалалар бўйича келишувга эришилмади
    Фото: Ludovic Marin/Pool via REUTERS
    Парижда «Норманд шакли»даги бир неча соатлик музокаралардан сўнг, Россия ва Украина президентлари Франция ҳамда Германия етакчилари иштирокида йил охирига қадар асирлар алмашинуви ва тўрт ойдан кейин янги учрашув тўғрисида келишиб олдилар.

    Учта муҳим масала бўйича келишувга эришишнинг имкони бўлмаган: чегарадаги назоратни Украинага топшириш, назорат остида бўлмаган туманларда сайловлар ўтказиш ва Россия газининг транзити. Учрашувнинг асосий натижаси: томонлар «келишишга келишиб олишди».

    Париждаги учрашув - Владимир Путиннинг Владимир Зеленский билан биринчи шахсий танишуви, бундан олдин улар фақат телефон орқали гаплашган, шунингдек, 2016 йилдан бери ўтказилган биринчи «Норманд шаклидаги» саммит.

    «Биз Россия билан мулоқотни очдик, бу ижобий ҳолат», - дея Украина президенти учрашув якунларига изоҳ берди.
    «Қандайдир ижобий ўзгариш, илиқлик борми? Менимча, бор», - деди Путин.

    Макрон «Норманд саммити»ни самарали деб атади, Меркель эса натижалардан мамнун эканлигини айтди: «Яхши ният ва ижобий муносабат бор».

    Россия ва Украина президентларининг икки томонлама учрашуви олдидан Франция президенти Эммануэл Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель иштирокидаги музокаралар бўлиб ўтди, шундан сўнг тўртта давлат раҳбарлари тушлик қилишди.

    «Норман шаклидаги» музокаралар 2014 йилдан бери қарийб 13 000 киши ҳалок бўлган Украина шарқидаги тинчлик жараёнини қайта тиклашга уриниш бўлди. Украина Россияни «Донецк ва Луганск халқ республикалари»ни қўллаб-қувватлашда айблайди. Украина расмийларининг маълум қилишича, Россия армиясининг мунтазам бўлинмалари мамлакат шарқида жойлашган. Кремль Россия ҳарбийларининг ушбу можарога алоқадорлигини рад этиб, ихтиёрий равишда ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Россия фуқаролари у ерда бўлиши мумкинлигини билдириб келди.

    Нималарга келишиб олинди

    - "Норман шаклидаги" янги учрашув тўрт ой ичида ўтказилиши керак;
    - Асирларни «барчаси учун барчаси» шаклида алмашиш;
    - Йил охиригача ўт очмаслик режимини жорий этиш;
    - Украина шарқида кучларни олиб чиқиш учун учта янги ҳудудни ташкил этиш (Украина ОАВнинг Украина делегациясидаги манбаларга таяниб хабар қилишича, Путин бутун алоқа чизиғи бўйлаб кучларни жойлаштиришни таклиф қилган, аммо Киев бунга рози бўлмаган);
    - Украина қонунчилигида «Штайнмайер формуласи»ни мустаҳкамлаб қўйиш, у «ДХР» ва «ЛХР»га алоҳида мақом беришни тартибга солиши зарур;
    - Украина шарқида ЕХҲТ миссиясининг ваколатларини кенгайтириш тўғрисида.

    Нималар ҳақида келишувга эришилмади: Украина чегараси назорати, сайловларни ўтказиш ва газ транзити
    Киевнинг ўз чегараси устидан назорат ўрнатиши тўғрисида. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина чегарани тўлиқ назорат қилиш масаласига қайтади. Путин чегара масаласида томонларнинг позициялари фарқ қилишини тасдиқлади. «Биз «Минск келишувлари» амал қилишининг тарафдоримиз», - деди Путин. Минск келишувларига кўра, чегарани назорат қилишни Украинага ўтказиш «ДХР» ва «ЛХР»даги сайловлардан кейин амалга оширилиши керак.

    Россия газини Украина орқали транзит қилиш тўғрисида ҳам ҳеч нарса ҳал қилинмади. Зеленский айтганидек, муаммо ечимига йўл очилиши мумкин. «Президент билан икки томонлама учрашувда биз бу ҳақда гаплашдик. Менимча, биз бу масалани ҳал қилиш учун йўл очдик. Энди маслаҳатчилар даражасида газ транзити тўғрисидаги битимнинг имконияти, шакли, ҳажми, нархи ва бошқа тафсилотлар муҳокама қилинади, чунки бу ҳамма учун жуда муҳимдир», - деди Зеленский.

    » » Путин ва Зеленский Парижда учрашди: нималарга келишилди ва қандай масалалар бўйича келишувга эришилмади