
Фото: Павел Михеев / Reuters / Scanpix / LETA
27 декабрь куни Қозоғистоннинг Bek Air авиакомпаниясининг йўловчи самолёти Олмаота шаҳри аэропортидан ҳавога кўтарилиш вақтида ҳалокатга учради. Самолёт бортида 93 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган. Самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, 35 киши тан жароҳати олган. Авиаҳалокат сабабли Қозоғистонда 28 декабрь миллий мотам куни деб эълон қилинган.. «Медуза» ҳалокатдан омон қолган йўловчиларнинг воқеа тўғрисидаги ҳикояларини жамлади.
«Самолёт икки марта кўтарилди ва баландликни йўқотди. Кейин қўрқинчли товуш эшитилди» - Исмини айтмаган йўловчи
Мен кўп парвоз қиламан. Самолёт соат 07:05да ҳавога кўтарилиши керак эди. Аммо кечикди. Бизга хавфсизлик қоидаларини тушунтиришаётганида мен мудраётгандим. Кеч қоламан деб туни билан ухламагандим. Самолёт ҳавога кўтарилаётганида уйғониб кетдим. Самолёт икки марта кўтарилди ва баландликни йўқотди.
Сўнгра қўрқинчли товуш эшитилди — двигателданми, бошқа жойданми. Самолёт оғиб уча бошлади. Ҳаммаси худди кинолардагидек эди: чинқириқлар, дод-войлар, одамларнинг йиғиси. Буларнинг барчасини тасвирлай олмайман, жудаям қўрқинчли. Кейин эса зарба, гумбурлаш ва рўпарамда қандайдир темир олдимни тўсиб қўйди.
Кимдир «Чиқинглар!» деб бақирди. Мен гапириш қобилиятимни йўқотгандим. Мен самолёт қанотида ўтиргандим. Самолёт ерда эканлигини, портлаши мумкинлигини айтиб қичқиришди. Худди туш кўраётгандек эдим.
«Олд қисмда одамларни том қисиб қолди» - Аслан Назаралиев
Ҳаммамиз самолётга ўтирдик, у кўтарила бошлади. Кейин тебраниш бошланди: аввалига чап қанот, сўнгра ўнг қанот. Самолёт силкина бошлади, лекин юқорига кўтарилишда давом этди. Кейин эса пастга шўнғий бошлади ва ерга ёки бинога урилди. Шу пайтда олд қисмда, 14-қаторгача бўлган одамларни том қисиб қолди.
Менинг жойим ўнг тарафдаги қанот ёнида эди. Биз қанот устидаги ойнадан ташқарига чиқдик. Сўнгра қисилиб қолган одамларга ёрдам бердик. Олти-етти кишини олиб чиқдик. Омон қолган барча эркаклар ёрдам беришди. Қоронғи эди, дод-войлар, йиғи–сиғи атрофни тутиб кетганди.
«Самолёт иккига бўлиниб кетганини кўрдик» - Марал Ерман
Аввалига самолёт учишни бошлаганида силкинди. Кейин эса худди ерга қўнгандек бўлди. Биз бир нимага урилган эканмиз. Бортда ваҳима кўтарилмади. Бақир-чақирлар бўлмади. Мен шокка тушиб қолгандим, ҳаммасини эслай олмайман. Биз нима бўлганини тушунмадик.
Ўзимга келганимда олдим тўсилган эди. Мен самолёт қанотидаги ўриндиқда эдим. Стюард чиқиш эшигини очди ва ташқарига чиқдик. Шунда самолёт иккига бўлиниб кетганини кўрдик.
«Тез ёрдамни жуда узоқ кутдик» - Гулнора Кошенова
Эрталаб еттида самолётга ўтирдик, парвоз бошланди, самолёт қаттиқ силкинди. Кейин юқорига кўтарила бошладик, янада қаттиқ силкинди. Кейин эса тўқнашув бўлди. Мен хавфсизлик техникаси бўйича энгашиб олдим. Бошимни кўтарганимда тутун, яна қандайдир оппоқ нарса атрофни қуршаб олганди.
Бақир-чақирлар... Кимдир ҳалокат эшигини синдирди ва ҳамма ташқарига чиқди. Яраланганлар кўп эди. Ким ўлди, ким тирик қолди – буни кўрмадим. Ҳамма шокда югурарди, чунки у ерда бўлиш оғир эди.
Биз воқеа юз берганида 911га қўнғироқ қилдик. Кейин аэропортга, улар бу ҳодиса ҳақида ҳатто билишмабди ҳам. Аввалига аэропортнинг икки хавфсизлик ходими келди. Кейин ўт ўчирувчилар, ундан кейингина тез ёрдам келди. Биз тез ёрдамни жуда узоқ кутдик.
Совуқ, қоронғи эди, ҳеч нарса кўринмасди. Биз нималар бўлаётганини кўрмасдик. Ўт ўчирувчилар келиб атрофни ёритишганидан кейин самолётнинг бир қисми йўқлигини кўрдик. Ҳамма ўз яқинини изларди. Автобус келиб, ўзи юра олишга қодир йўловчиларни олиб кетди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар