21:05 / 24.01.2020
3 660

Хитойда коронавирусга қарши курашга армия жалб этила бошланди

Хитойда коронавирусга қарши курашга армия жалб этила бошланди
Фото: REUTERS / Aly Song
Хитойнинг марказий ҳарбий кенгаши Ухань шаҳрида тарқалган янги турдаги коронавирусга қарши курашга армияни жалб қилди. Шаҳарга 40 нафар ҳарбий шифокор жўнатилган. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳарбий кенгаш талаби билан ҳарбийларни коронавирус тарқалишига қарши курашга жалб қилиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Ҳарбий шифокорлар Уханнинг пульмонология госпитали интенсив даволаш бўлимига юборилган. Улар маҳаллий шифокорларга эпидемияга қарши курашда ёрдам кўрсатишади.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда 2019-nCoV коронавирусидан ҳалок бўлганлар сони 26 нафарга етди, касалланганлар сони эса 850 нафардан ошди.
“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, Хитой молия вазирлиги коронавирусга қарши кураш учун 1 млрд юан (145 млн доллар) маблағ ажратган.

Шунингдек, Хитой маданият ва туризм вазирлиги турагентликларга мамлакат бўйлаб саёҳатларга турпакетларни сотишни тўхтатишни буюрган. Бундан ташқари, Хитойнинг кўплаб диққатга сазовор жойларига ташрифлар тўхтатилган. Жумладан, Буюк Хитой деворининг бир қисми, Шанхайдаги Диснейленд кўнгилочар боғи ташриф учун ёпилган. Пекиндаги “Қуш уяси” номи билан маълум бўлган миллий стадион 30 январгача ёпилган. 25 январдан туристларга Мин сулоласи императорлари сағанасига ва Иньшань ўрмонига кириш тақиқланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда коронавирусга қарши курашга армия жалб этила бошланди