date
views 3 228

Таиландлик шифокорлар коронавирусдан қутқарувчи дорилар «коктейли»ни тайёрлашди

Таиландлик шифокорлар коронавирусдан қутқарувчи дорилар «коктейли»ни тайёрлашди
Фото: AFP
Таиландлик шифокорлар вирусларни даволашда қўлланадиган анъанавий препаратларни ОИВга қарши дори-дармонлар билан аралаштириш орқали янги коронавирусга қарши курашда катта натижаларга эришганликларини даъво қилишмоқда, дея хабар беради Рейтер агентлигининг Бангкокдаги мухбири.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, бундай коктейлни қабул қилгандан сўнг, ҳатто оғир ҳолатдаги беморларда ҳам вазият 48 соат ичида яхшиланади.

Ушбу усул Бангкокдаги касалхоналардан бирида бир неча беморда синовдан ўтказилган, улар орасида Ухандан келган 70 ёшли хитойлик аёл ҳам бор. Унинг 10 кунлик қон таҳлилларида вирус борлиги кетма-кет аниқланган ва аҳволи оғирлиги тасдиқланганди.
Тўғри, беморлардан бирида аллергик реакция кузатилган, аммо шифокорларнинг фикрига кўра, бу аҳамиятсиз ва унинг умумий аҳволи яхшиланмоқда.

Дори таркибига ОИВни даволовчи препаратлар, яъни лопинавир ва ритонавирга вирусга қарши қўлланилувчи осельтамивирнинг катта дозаси қўшилган ҳолати киради.
Коронавирусни даволаш учун ушбу компонент қисмларини ишлатиш ғояси янгилик эмас. Ўтган ҳафта Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги лопинавир ва ритонавирдан фойдаланишни таклиф қилганди, аммо унда яна бошқа икки дори ҳам санаб ўтилганди.

Бироқ, Россиянинг RNC Pharma таҳлилий компанияси мутахассислари ушбу таклифга шубҳа билан қарашди ва таркибий қисмларнинг ҳар бири кўплаб ножўя таъсирга эга эканлигини таъкидлашди.

Асосий компонент

Таиландда коронавирус 19 кишида аниқланган / EPA
Таиландлик шифокорлар, ўз навбатида, аввалдан тахмин қилинган оселтамивирни асос сифатида танлаб олишди.

«Биз халқаро миқёсда қабул қилинган тажрибага амал қилдик, аммо шифокорларимиз битта дори дозасини оширишди холос», - дея тушунтиради Таиланд тиббий хизмат кўрсатиш департаменти бош директори Сомсак Аккслим.

Таиландлик шифокорларнинг сўзларига кўра, уларнинг хитойлик ҳамкасблари ушбу янги даволаш усулини аллақачон қўллаб кўришган.
Бангкок касалхонаси пульмонологи Криангска Атипорнваничнинг айтишича, «Прогноз қониқарли, ушбу воситани ҳақиқатан ҳам коронавирусга қарши деб тан олиш учун кенг қамровли тадқиқотлар талаб этилади».

Таиландда шу кунгача коронавирус юқтириш билан боғлиқ 19та ҳолат қайд этилган. Саккиз бемор тўлиқ соғайиб, шифохонадан чиқарилди, 11 киши тиббий назоратда қолмоқда.

Сомсак Аккслимнинг сўзларига кўра, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 70 ёшли беморни муваффақиятли даволашга эришишни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказади, аммо давонинг янги усулидан барча ҳолатларда фойдаланиш мумкин, дейишга ҳали эрта.

«Ҳозирча биз бу усул билан фақат энг оғир ҳолатдаги беморларни даволашимиз мумкин», - дейди Аккслим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Таиландлик шифокорлар коронавирусдан қутқарувчи дорилар «коктейли»ни тайёрлашди