17:28 / 06.02.2020
3 930

Фактларни яшириш ва чақув учун тўлов: Хитой коронавирусга қарши қандай курашмоқда?

Фактларни яшириш ва чақув учун тўлов: Хитой коронавирусга қарши қандай курашмоқда?
Ухандаги бўш кўча
Ухан маъмурлари яқинлашиб келаётган коронавирус эпидемияси ҳақида январь ойи бошида хабардор бўлишган, аммо бу маълумотни бор куч билан яширишга ҳаракат қилишган. Буни Ли Вэньлян исмли хитойлик шифокор ҳикояси тасдиқлайди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу вирусдан 565 киши вафот этган, 28 мингдан ортиқ одам касалланган. Вирусни юқтириб олганлар асосан Хитой аҳолисидир, бироқ вирус бутун дунёга тарқалмоқда.

Хитойдан ташқарида 201та юқтириш ҳолати тасдиқланган. Материкдан ташқаридаги биринчи ўлим 2 февраль куни Филиппинда, сешанба куни Ҳонгконгда юз берган.

Доктор Ли ҳикояси

Доктор Ли Вэньлян шифохонада олинган суратини Weibo’даги саҳифасига жойлаганди.
У эпидемия ҳақида у тарқала бошлашидан бир неча ҳафта олдин огоҳлантирган.

Ҳалокатли вирус тарқалишидан бир оз олдин Ухан марказий касалхонасининг офтальмологи Ли Вэньлян ҳамкасбларини етилиб келаётган муаммо ҳақида огоҳлантирган, аммо кўп ўтмай полициячилар унинг олдига келиб, «оғзини ёпишган».

Бир ой вақт ўтгач, январь ойи охирида доктор Ли касалхонадалигида Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғидаги пости орқали бу воқеани батафсил баён қилди. Унда коронавирус аниқланганди.

Маълум қилишича, у ўтган йилнинг декабрь ойида касалхонада 2003 йилги глобал эпидемияни келтириб чиқарган атипик пневмонияга (SARS) ўхшаш вирусни юқтириб олган етти беморни пайқайди.
Уларнинг барчаси карантинга олинади. Шифокорлар касалланиш ҳолатлари у ёки бу йўл билан Ухандаги балиқ бозори билан боғлиқ деб ўйлашади.

30 декабрда Ли Вэньлян шифохона шифокорларининг умумий чатида хабар ёзиб қолдиради. У ҳамкасбларини яқинлашиб келаётган эпидемия ҳақида огоҳлантириб, уларга ҳимоявий кийим кийишни маслаҳат беради.

Ўша вақтда у дунё яқин орада мутлақо янги коронавирус турига дуч келишини билмас эди, шунчаки авж олиш яқинлашаётганини англаб етганди.

Тўрт кун ўтгач унинг олдига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари келиб, шифокорга у жамоат тартибига зарар келтирувчи ёлғон миш-мишларни тарқатишда айбланган ҳужжатни имзолашни буюришади.

«Биз сизни огоҳлантирамиз, агар ўжарлик билан қонунга зид хатти-ҳаракатларни давом эттирсангиз, судга тортиласиз. Ҳаммаси тушунарлими?», - улардан иқтибос келтиради доктор Ли. У қуйига «Ҳа, ҳаммасига тушундим» деб ёзишга мажбур бўлади.

«Умид қиламизки, сиз ўзингизни босиб оласиз ва ўз ҳаракатларингизни ўйлаб қиласиз»,
дея ёзилган полициячилар доктор Лини имзолашга мажбурлаган номада

Ли Вэньлян ушбу ҳужжат нусхасини Weibo'даги постига илова қилган. Ухан маъмурлари уни таъқиб қилгани учун ундан узр сўрашди, шунингдек, у ҳукумат расмийлари томонидан зарарли миш-мишлар тарқалишида гумонланиб текширилган саккиз кишидан бири экани маълум бўлди.

Доктор Лининг эслашича, январь ойининг биринчи ҳафталарида Ухан амалдорлари одамларни касалхонага келишга мажбур қилаётган вирус одамга фақатгина ҳайвонлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш орқали юқиши мумкинлигини таъкидлашган. Шунинг учун ҳам шифокорларга касалликдан ўзларини қандай ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилмаган.

Полициячилар унинг олдига келганидан бир ҳафта ўтгач, у глаукома билан оғриган, аммо вирус аломатлари кузатилмаган беморни қабул қилади, у вирус ташувчиси бўлган.

10 январь куни шифокор Ли йўтала бошлайди, эртаси куни унинг ҳарорати кўтарилиб, икки кундан кейин касалхонага ётқизилади. Кўп ўтмай, унинг ота-онаси ҳам касалхонага ётқизилди.
Яна 10 кун ўтиб шифокор Weibo’даги постида Хитой ҳукумати вирус ёйилишини расман тан олгани ва фавқулодда ҳолат эълон қилгани ҳақида ёзди.

30 январь куни Ли Вэньлян ижтимоий тармоққа яна бир қисқа хабар ёзди, унда унинг ташхиси - коронавирус келтириб чиқарган касаллик тасдиқлангани айтилган. Минглаб одамлар ушбу ёзув остида қўллаб-қувватлаш сўзлари ва тикланишни тилаб изоҳлар қолдиришган.

Фойдаланувчилардан бири шифокор Лини қаҳрамон деб атаган ва унинг ҳикояси Хитойдаги хавотирли вазиятни акс эттириши ҳақида ёзган: «Юқумли касаллик аломатларини сезувчи келажак шифокорлари ваҳима уйғотишдан қўрқиб қолишади. Умумий саломатлик соҳасидаги ҳолатни яхшилаш учун ўн миллионлаб Ли Вэньлянлар керак».

Нафрат кампанияси

Карантин ҳолатига ўтишидан олдин Уханни тарк этганларга бошқа ҳудудларда нафрат билан қарашмоқда
Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюросининг Доимий қўмитаси хокимиятнинг ҳалокатли коронавирус тарқалишига хато муносабатда бўлганини тан олди. Бу каби тан олиш ҳолатлари Хитой сиёсий элитасида камдан-кам кузатилади. Политбюро фавқулодда вазиятларга қарши туриш тизимини такомиллаштиришга ундади.

New York Times газетасининг ёзишича, шу орада Хитой ҳукумати фуқароларни ўз қариндошлари ва қўшниларига касаллик белгилари ҳақида хабар беришга ундаб мамлакатда шубҳа ва адоват муҳитини атайин қўзғаган.

Ҳатто бирор аломатларга эга бўлмаганлар ҳам ёқимсиз вазиятга тушиб қолишади.
Шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганидан кейин меҳмонхонадан ҳайдаш ҳолатлари маълум бўлди. Хавотирдаги аҳоли бошқа бировни қишлоқдан ҳайдаб юборган. Яна бир одам шахсий маълумотларини ҳокимиятга топширганидан сўнг улар интернетда очиқ оммага ҳавола этилганидан хабар топган.

«Буларнинг барчаси эпидемия тарқалиши олдини олиш учун қилинмоқда, аммо фақат авторитар режимлар шундай йўл тутишади», деб ёзади NYT.
Касаллик авж олганидан сўнг Ухан коллежларидан бирининг талабаси Хармо Тан ўз она шаҳри Линьхайга қайтиб келди. Беш кун ўтгач унга маҳаллий хавфсизлик ходимлари мурожаат қилишади.

У уларга ташқи дунё билан алоқадан узилганлиги ва уйда бўлганлигини айтади, аммо ундан барча шахсий маълумотлари, шу жумладан паспорт рақами ва Ухандан қайтган кунини ҳам сўрашади.
Кўп ўтмай, унинг маълумотлари Уханга ташриф буюрган Линьхайнинг бошқа аҳолиси маълумотлари билан бирга тармоққа тарқатила бошлади.

Бир неча кундан кейин полиция Хармо Тан эшигини муҳрлаб қўйди ва «бу ерда Ухандан қайтган одам яшайди» деган ёзув осиб қўйилади. Ёзувда шунингдек, қўшнилар Тан ёки унинг оила аъзоларини квартирадан чиқиб кетишаётганини кўришса, қўнғироқ қилишлари керак бўлган телефон кўрсатилган.

Чақув учун мукофот
Хитой ҳукумати мамлакатда фавқулодда вазият юзага келгани ва юзлаб кишилар коронавирусдан вафот этганини ҳисобга олиб, бу каби чораларни тушунишни талаб қилмоқда.
Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаолларнинг вирус тарқалиши бошланган Хубэй вилояти аҳолисига қарши мақсадли кампания олиб борилаётганига ишончи комил.

Мамлакатнинг шимолий вилоятларидан бири бўлган Хэбейда (Хубей билан адаштирмаслик керак) маҳаллий аҳолига Уханга қилган ҳар ташрифлари тўғрисида маълумот учун минг юан (тахминан 140 доллар) миқдорида мукофот ваъда қилинган.

Цзянсу шаҳрида маъмурлар яқин орада Уханда бўлган бир оила хонадонининг эшигини қамоқхона камерасига ўхшаган темир панжара билан тўсиб қўйишди, деб ёзади New York Times. Қўшнилар озиқ-овқат маҳсулотларини арқонга боғлаб, юқоридаги балкон орқали етказиб беришмоқда.

Ухандаги техник ускуналар ишлаб чиқарувчи компания ходими оиласини ижарага олинган машинада шаҳардан олиб чиқиб, Пекиндаги қариндошлари томон йўл олади. Аммо йўлда бошқа вилоятлардаги меҳмонхоналарда тўхташнинг иложи бўлмайди.

Фақатгина Наньцзиндаги бир қимматбаҳо меҳмонхона уларни рўйхатдан ўтказишга рози бўлади ва Энди Ли маҳаллий маъмурлар уларни ва бошқа қочоқларни Ухандаги махсус карантинли меҳмонхонага кўчирмагунча оиласи учун тўрт кунлик карантинни уюштиришга эриша олади, холос.

«Улар уханликларни Наньцзин аҳолисидан ажратиб туришни исташяпти холос ва Ухандаги одамлар ушбу меҳмонхонада бир-бирларига юқтиришлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаяпти», — деди Энди Ли ҳатто асосий чоралар ҳам кўрилмаган карантин ҳақида изоҳ бериб.

Хитойнинг марказидаги она шаҳрига Ухандан қайтиб келган 21 ёшли талабага қўшни қишлоққа бобосининг дафн маросимига боришга рухсат берилмаган, ваҳоланки у вирус авж олган ҳудуддан қайтганига карантин учун мўлжалланган 14 кундан кўпроқ вақт ўтган.

Унинг шахсий маълумотлари интернетда тарқатилган ва унга таҳдидли қўнғироқлар бошланган. Қиз улардан бирини эслайди: «Нега бизнинг шаҳарга қайтиб келдинг, уханлик ит».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фактларни яшириш ва чақув учун тўлов: Хитой коронавирусга қарши қандай курашмоқда?