20:08 / 05 марта 2020
2 143

Хитойда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлиги тахмин қилинди

Хитойда коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқини бошланиши мумкинлиги тахмин қилинди
Фото: Reuters
Хитой ҳукумати томонидан COVID-19 коронавирусига қарши кўрилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда: янги беморлар сонида пасайиш кузатилган, ишлаб чиқариш ва кундалик фаоллик аста-секин қайта тикланяпти. Бироқ бу мамлакатда эпидемиянинг иккинчи тўлқини юзага келишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Гонконг университетининг эпидемиология ва биостатистика кафедраси раҳбари Бен Коулингга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Хитой ҳукумати 20 январдан сўнг янги турдаги коронавируснинг тарқалишига қарши қатор комплекс чораларни кўра бошлади ва бу ростдан ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. Шунга қарамай, иш ва ўқишни қайта бошлаш, нормал транспорт алоқаларини тиклаш, карантин чекловларини олиб ташлаш нафақат ижобий кайфиятни, балки аҳоли учун маълум хавфларни ҳам келтириб чиқаради.

«Хитой март ойининг бошида ўз ҳудудида биринчи тўлқинни ушлаб қолди. Улар нормал фаолиятини қайта тиклаганида иккинчи тўлқин юзага келишидан хавотирдаман», — дейди Коулинг.

Коронавирусга қарши курашнинг ижобий динамикаси фонида Хитой ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб эпидемияга қарши қатъий чораларни амалга оширмоқда.

Агентлик суҳбатдоши хавф ортда қолгани ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини, ҳозирча вируснинг юқиши ёки унинг жиддийлигига оид характеристикаси ўзгаргани ҳақида бирор-бир далил йўқлигини таъкидлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитой ҳудудида 80 409 киши касалликни юқтириб олган бўлиб, вафот этганлар сони Хитойда 3012 кишини ташкил этмоқда. Ўзбекистонда эса коронавирус тарқалганини рад этган ССВ аҳолини касалликдан ҳимояланишга ундовчи SMSлар жўната бошлади.

коронавирус эпидемия
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)