18:13 / 12.03.2020
2 736

Рубль қулашда давом этмоқда: доллар 75, евро 84 рублдан ошди

Рубль қулашда давом этмоқда: доллар 75, евро 84 рублдан ошди
Фото: REUTERS/Maxim Shemetov/File Photo
12 март куни рубль ва Россия бозорлари сешанба кунги пасайиш ва чоршанба кунги қисқа муддатли барқарорликдан кейин яна қулашда давом этди.

Пайшанба куни эрталаб Москва биржасидаги савдонинг дастлабки дақиқаларида доллар курси 1,1 рублга кўтарилиб, 2016 йил март ойидан бери биринчи марта 74 рублдан ошиб кетди. Кейинги савдолар давомида у ўсишда давом этди ва 75 рублдан ошди.

Eвро дастлабки дақиқаларда бир ярим рублга қимматлашди, сўнгра ўсишда давом этди ва 2016 йил февралидан бери биринчи марта 84 рубллик чегарадан ўтди.

12 март кунидаги очилишда Москва биржаси индекси деярли 4, РТС 6,4 фоиз йўқотди. Россиянинг йирик компаниялари: “Мечель” (-9 фоиз), ОВК (-7,9 фоиз), “Аэрофлот” (-7,6 фоиз), “М.Видео” (-7,2 фоиз) ва “Система” АФК (-6,8 фоиз) акциялари энг кўп “қулади”.

Россия бозорларининг қулаши жаҳон бозорларининг қулаши фонида юз бермоқда. Dow Jones Industrial Average индекси бир сутка ичида 5,86, S&P индекси 4,89 ва NASDAQ индекси 4,7 фоизга пасайди. Осиё ва Европадаги барча йирик фонд индекслари ҳам қулашни бошидан ўтказди.

Коронавирус тарқалиши ҳақидаги янги хабарлар пайдо бўлгач, инвесторларнинг кайфияти кескин тушиб кетди. Сешанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вирус тарқалишини пандемия деб эълон қилди. Бундан ташқари, АҚШ Европадан келган саёҳатчиларнинг мамлакат ҳудудига киришини вақтинча тақиқлади.

Дунё бўйлаб жорий этилаётган чеклов чоралари глобал иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига тобора салбий таъсир кўрсатмоқда, деб изоҳлайди Nordea банки қулаш сабабини.

Шунингдек, Eвропа марказий банки раҳбари Кристин Лагарднинг баёноти ҳам муҳим роль ўйнади. Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари ҳукумати биргаликдаги ҳаракатлар борасида бир қарорга келмаса, ЕИ иқтисодиётидаги вазият 2008 йилдаги сценарий бўйича ривожланиши мумкин. Пайшанба куни Европа марказий банки йиғилиши бўлиб ўтади, унда ставкаларни пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.

ОПEК+ битимининг бекор бўлиши ва нефть бозорида нархлар урушининг эълон қилиниши бозорлар қулашининг яна бир сабаби бўлди. Пайшанба куни Brent нефти нархи 5,22 фоизга тушиб, бир баррели учун 33,92 долларни ташкил қилди. WTI нефти нархи 5,09 фоизга тушиб, 31,3 долларга тенг бўлди.

Ўтган ҳафтада Саудия Арабистони Россия билан нефть қазиб олишни қисқартириш борасида келиша олмади. Россияга жавобан, Ар-Риёд нефть қазиб олишни кўпайтириш ва нархларни туширишга қарор қилди. Бундан ташқари, Ироқ ва Кувайт ҳам нефт нархини туширишга тайёр эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

АҚШ энергетика вазирлигининг мамлакатда деярли икки ойдан бери давом этаётган нефть захираларининг ўсиши ҳақидаги баёноти ҳам нефть нархининг пасайишига таъсир кўрсатди.

Рублга нима бўлади?
"Глобал бозордаги хавотирли кайфият сабабли Россия валютаси учун хатар ўта юқорилигича қолади”, дейилади Nordea банкининг эрталабки шарҳида.

Банкнинг тахминича, рубль фақат вирус тарқалиши секинлашиши белгилари пайдо бўлгандагина барқарорлашиши мумкин. Бу март ойида бўлиши эҳтимолдан йироқ, дея шубҳа билдиради Nordea банки. Шунга қарамай, банк йил ўрталарига келиб, доллар 66 рублга тушишини кутмоқда.

Nordea шунингдек, чет элликларнинг Россия федерал заёмлар облигациялари бозоридан кетиши ҳам рублга босим ўтказишини қайд этмоқда.

"Сезишимизча, Россиядаги вазият қил устида турибди", деб ёзади "Локо-инвест" компаниясининг бош иқтисодчиси Кирилл Тремасов ўз телеграм-каналида. У бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусовнинг ҳозирда бозорда "ҳар қалай ижобий" сценарий юз бераётгани тўғрисидаги гапларини танқид қилган.

"Бундай баёнотлар ҳеч қандай қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмаслигидан хабардор бўлувчи инвесторлар учун қизил матодир", - деб ёзади Тремасов. У ҳукумат иқтисодиёт ва валюта бозорини барқарорлаштириш учун тезроқ чора кўриши кераклигини айтиб ўтган.

Аввалроқ Би-би-си суҳбатлашган таҳлилчилар молия вазирлиги ва марказий банк қўллаб-қувватлаб турса доллар курси 75 рубль атрофида бўлишини кутишаётгани айтилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рубль қулашда давом этмоқда: доллар 75, евро 84 рублдан ошди