23:45 / 12.03.2020
4 540

Хитой коронавирусни енгди ва энди Европага ёрдам бермоқчи. Сўнгги маълумотлар

Хитой коронавирусни енгди ва энди Европага ёрдам бермоқчи. Сўнгги маълумотлар
Шанхайдаги тиббий ниқоблар заводи / Qilai Shen / Bloomberg / Getty Images
Хитойда коронавирус тарқалиши ва у келтириб чиқарган Covid-19 касаллиги ўзининг авж палласини ортда қолдирган. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси гигиена ва соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитасининг расмий вакили Ми Фэнга асосланиб Синьхуа агентлиги хабар тарқатди.

Пайшанба куни мамлакатда коронавирусга чалинишнинг 19та янги ҳолати қайд этилган, чоршанба куни бу кўрсаткич 15та эди, шундан 6 ҳолатда Хитойдан ташқарида вирус юқтирилган, 8 ҳолат Хубэй провинциясида аниқланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда ўтган йил декабридан буён вирусга чалинганларнинг жами сони 80 796 нафарга етган. Шундан фақат 14 801 киши ҳозирда ҳам шифохоналарда қолмоқда, 62 826 киши эса бутунлай соғайиб кетган - бу жами беморларнинг 77,7 фоизидир. Вирус қурбонларри 3169 кишини ташкил этган. Мамлакатда ўртача ўлим ҳолати 3,9 фоизни ташкил этган.

Айни вақтда жами беморларнинг 14 427 нафари (97,27 фоизи) Хубэй провинциясида, шундан 13462 киши (жами беморларнинг 90,5 фоизи) провинция маркази - эпидемия ўчоғи бўлган Уҳан шаҳридаги клиникаларда даволанмоқда.

Хитойнинг Хубэйдан ташқаридаги бошқа ҳудудларида коронавирус қурбонлари сони 113 кишини ташкил этди, ўлим ҳолати 0,86 фоизлик кўрсаткични қайд этди, Хубэйда бу кўрсаткич 4,5 фоизга, Уҳанда эса 4,86 фоизга тенг бўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа кўплаб экспертлар, шунингдек журналистлар Хитой ҳукуматининг эпидемияга қарши курашдаги ҳаракатларини, жумладан, қатъий карантин чораларини олқишламоқда.

Италияда дўконлар ёпилди

Италияда озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчи дўконлардан бошқалари ёпилди / EPA
«Италияда эпидемиологик вазият ҳозирда жуда оғир. Италия Хитойнинг эпидемияга қарши муваффақиятли тажрибасини синчковлик билан ўрганмоқда. Италия тиббий товарлар ва ускуналар етишмаётгани сабабли қийинчилик сезмоқда ва Хитой бу ўткир масалани ҳал қилишда ёрдам беришига умид қилмоқда», дейди Италия ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майо хитойлик ҳамкасби Ван И билан телефон суҳбатда.

Хитой томони Римга мутахассислар гуруҳи юборилиши ва Италияга тиббий ниқоблар ва бошқа ускуналар кўринишида гуманитар ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. «Биз эпидемияни биргаликда енгишимиз зарур», деган Ван И.

Италия айни вақтда Covid-19 коронавирусидан зарарланганлар ва вафот этганлар сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринни банд этган: 12 462 киши вирус юқтирган ва 827 киши вафот этган. Ҳолатлар кундан кунга ўсиб бормоқда: чоршанба куни вирус юқтиришнинг янги 2313 ҳолати ва 196 ўлим қайд этилганди. Шу билан бирга, 1045 бемор соғайиб кетган.

Италия ҳар миллион кишига энг кўп даражада коронавирус бемори тўғри келаётган давлат ҳисобланади - 206,1. Соғлиқни сақлаш тизими бор имкониятлари даражасида ишламоқда.

Италияда мисли кўрилмаган чеклов чоралари кўрилган. Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар ва дорихоналардан бошқа савдо муассасалари ёпилган. Бош вазир Жузеппе Контенинг маълум қилишича, бу қарор бугундан кучга кирди ва 25 мартга қадар амалда бўлади.

Шунингдек, барлар, ресторанлар, сартарошхоналар ҳамда аксар офислар ёпилмоқда. Уйларга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш тақиқланган.
Бутун мамлакатда мактаблар, спорт заллари, тунги клублар ва бошқа кўнгилочар масканлар аввалроқ карантин чоралари доирасида ёпилганди.

АҚШ Европага ёпилди

Getty Images
АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанбага ўтар кечаси миллатга мурожаатида Covid-19 коронавируси тарқалиши сабабли Америка 13 март кунидан Европа мамлакатларидан келувчилар учун 30 кунга вақтинчалик тақиқ ўрнатишини маълум қилди. Тақиқ Буюк Британия учун истисно қилинади.

Шунингдек, Ирландия, Болгария, Хорватия ва Руминия ҳам рўйхатда йўқ. Журналистларнинг аниқлашича, ушбу мамлакатларда Дональд Трамп оиласининг гольф майдонлари, меҳмонхона ва бошқа дам олиш масканлари мавжуд.

Маълум қилинишича, ҳукумат коронавирусдан зарар кўрган компанияларга молиявий ёрдам кўрсатади - корхоналарга кам фоизли заёмлар тақдим этилади, бу эса «вирус оқибатида юзага келган иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтишга» ёрдам беради.

Бундан ташқари, яқин вақтлар ичида инфекцияга чалинган, карантин ҳолатида бўлган ёки бошқа беморларга ғамхўрлик қилаётган фуқароларга молиявий имтиёзлар бериш учун «мисли кўрилмаган» чоралар кўрилади, шунингдек, Covid-19 туфайли таътилга чиққан ходимлар учун ҳақ тўлаб берилишини ваъда қилинган.

12 март ҳолатига кўра, АҚШда 1377 киши вирус юқтирган, 38 киши вирус қурбони бўлган.

Россия Италия учун ёпилди

SERGEI BOBYLEV/TASS
Россия вақтинчаликка Италия фуқароларига мамлакатга киришни тақиқлайди. Бу тақиқ Италия орқали келувчи бошқа хорижликларга ҳам тааллуқлидир.
Россия ҳукумати фармойишига кўра, тақиқ 13 март кунидан кучга киради.

Шу кунларда Россия ҳукумати коронавирус туфайли 13 март кунидан Италия, Франция, Испания ва Германия билан авиақатновларда чекловлар ўрнатиши маълум қилинганди. Фақат бир йўналиш қолган - Рим. Бу шаҳарга фақат «Аэрофлот» самолётлари парвоз қилади.
Бошқа авиакомпаниялар доимий рейсларни тўхтатади. Улар Италиядан россиялик туристларни чартер рейслар орқали ташиши мумкин.

Россияда 12 март куни яна 6та янги ҳолат қайд этилди ва жами беморлар сони 34 нафарга етди. Қурбонлар йўқ.
Москвада тўрт кишига, Калининград ва Краснодар ўлкасида бир нафардан беморга коронавирус ташхиси қўйилган.

Уларнинг барчаси шу кунларда вирус авж олаётган давлатларда бўлишгани аниқланган. Улар айнан қайси давлатларда бўлишганига аниқлик киритилмаган.
Шу вақтга қадар Италиядан қайтиб келган россияликларда вирус аниқланганди.

Трюдо дунёдан ёпилди

Канада телеканаллари мамлакат бош вазири Жастин Трюдо карантинга олингани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, Трюдонинг рафиқаси Софи Трюдо Буюк Британиядан қайтганидан сўнг унда коронавирус аломатлари сезилган. Шифокорлар тезда биринчи хонимдан анализ олиб тест натижаларини кутмай бош вазирдан ҳам анализ олишган. Трюдонинг шифокорлари унга маълум вақт давомида карантинда бўлишни тавсия қилган.

«Бош вазир карантинда бўлган вақтида мамлакат раҳбари лавозимидаги ишларни давом этиради ва уйдан ишлайди. У кўрсатмаларни телефон орқали бериб боради», дейилади хабарда.

Трюдода коронавирус аломатлари аниқланмаган, аммо хавфсизлик нуқтайи назаридан президент администрацияси шундай қарорга келган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Канадада 122 кишида коронавирус аниқланган, 1 ўлим ҳолати қайд этилган.

Германия хавф остида

Reuters
Германия канцлери Ангела Меркель мамлакатнинг 70 фоиз аҳолиси коронавирус юқтириб олиши мумкинлигидан огоҳлантирди - бу 58 миллион киши деганидир.

«Вирус Европада, у мавжуд ва биз буни англаб етишимиз керак. Бу бизнинг бирдамлигимиз, соғлом ақлимиз ва бир-биримизга ғамхўрлигимиз учун синовдир. Умид қиламанки, биз унга қарши тура оламиз», - деган у.

Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат биринчи навбатда вирусга чалинишга мойил бўлган кексалар ва касалманд кишиларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради.

Меркель хонимнинг қайд этишича, бюджет қўмитаси коронавирусга қарши кураш учун 1,1 миллиард доллар ажратишни режалаштирган.
12 март ҳолатига кўра, Германияда вирусдан зарарланганлар сони 2355 нафарга етган, 4 киши вафот этган.

Том Ҳэнкс вирус юқтирган

Фото: EPA
Ҳолливуднинг машҳур актёрларидан бири Том Ҳэнкс ва унинг рафиқаси Рита Уилсон коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди. Бу маълумот актёрнинг ўзи томонидан тасдиқланган.

«Салом, дўстлар. Рита ва мен ҳозир Австралиядамиз. Биз ўзимизни бироз ҳорган, шамоллаган ҳис қилдик ва баданда оғриқ пайдо бўлди. Ритани гоҳи гоҳида титроқ тутмоқда. Барчасини тўғри қилиш учун бизни коронавирусга текширишди ва натижа ижобий чиқди», деб ёзган актёр твиттерда.

Энди улар қанча талаб этилса, шунча вақт карантинда қолишади ҳамда ўз соғлиқлари ҳақида барчани хабардор қилиб туришади.
Улар бироз аввалроқ режиссёр База Лурманнинг Элвис Пресли ҳақидаги филми съёмкаларида иштирок этиш учун Австралияга боришганди.

Жаҳондаги вазият
Сўнгги маълумотларга кўра, вирус дунёнинг 120га яқин давлатига тарқалган, жами 130 308 кишида вирус юқиши ҳолати аниқланган, қурбонлар сони 4757 нафарни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 68 678 киши соғайиб кетган.

Getty Images
Жанубий Кореяда сўнгги бир сутка ичида коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 114та янги ҳолат қайд этилган. Айни вақтда бу мамлакатда коронавирус беморлари сони 7869 нафарга, қурбонлар сони эса 66 нафарга етган.

Вирус эпидемиясининг яна бир ўчоғи Эронда 10075 киши касалланган, (+1075) 429 киши вафот этган (+75). Эрон ҳукумати Халқаро валюта жамғармасига (ХВЖ) коронавирус эпидемияси туфайли 5 миллиард доллар беришни сўраб, мурожаат қилган.

Испания (3003 ҳолат, 84 ўлим) ва Францияда (2355 ҳолат, 48 ўлим) ҳам ҳолат оғирлашиши давом этмоқда.

Швейцария (867 ҳолат, 6 ўлим), Норвегия (713 ҳолат), Швеция (635 ҳолат, 1 ўлим), Дания (615 ҳолат), Нидерландия (614 ҳолат, 5 ўлим) ва Буюк Британияда (590 ҳолат, 10 ўлим) вирус кенг тарқалмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой коронавирусни енгди ва энди Европага ёрдам бермоқчи. Сўнгги маълумотлар