
SERGEI KARPUKHIN/TASS
Россияда сўнгги бир кун ичида коронавирус юқтирганлар сонида жиддий ўсиш кузатилди ва айни вақтда беморлар сони 93 кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова маълум қилди.
Россияда 16 март куни яна 30 кишида касаллик аниқланган (улардан 20 нафари Москвада), бунгача 63 кишида вирус тасдиқланганди.
Голикованинг сўзларига кўра, 93 нафар бемордан 86 нафари - вирусни хорижда юқтирган, қолган ҳолатлар мамлакат ичкарисида вирус тарқалиши оқибати бўлган. Бош вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, тўрт киши соғайиб кетган.
«79 киши стационарда қолмоқда, улардан 57 нафари енгил формада касалланган, алоҳида белгилар йўқ», деган у
Шу билан биргаликда, бугун Санкт-Петербургда қарийб 240 киши коронавирус юқтиришда гумонланиб шифохоналарга ётқизилган.
Москва шаҳри мэри Сергей Собянин шаҳарда оммавий тадбирларни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги фармонини имзолаган. Унга кўра 10 апрелга қадар шаҳарда 50дан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас.

SERGEI FADEICHEV/TASS
Бундан ташқари, 21 мартдан 12 апрелга қадар шаҳардаги барча мактаблар ва боғчалар ёпилади. Шунингдек, жамоат транспорти ҳайдовчилари йўловчиларга чипта сотиши тақиқланади.
Фармонга кўра, Хитой, Эрон, АҚШ ва Европанинг исталган давлатидан келувчилар икки ҳафта муддатга карантинга жойлаштирилади. Иш берувчилар иҳоталаниши керак бўлган ишчиларига ишга чиқишга рухсат бериши тақиқланади.
Юқорида саналган давлатлардан келганларнинг ўзларидан ташқари улар билан бир жойда яшовчи бошқа кишилар ҳам изоляция қилинади.
Европа Иттифоқи ҳам ёпилиши мумкин

Италияда коронавирус қурбонлари сони 2000 нафарга яқинлашган / GETTY IMAGES
Европа Иттифоқи ўз ҳудудини хорижликлар учун ёпишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Лейен маълум қилган.
Дастлабки чекловлар 30 кунга киритилади, кейинчалик бу муддат узайтирилиши мумкин.
Бундай чекловлар доимий асосда Европа Иттифоқи ҳудудида яшовчи хорижликлар, ЕИ фуқароларининг оила аъзолари, шунингдек, дипломатлар ва тиббиёт ходимлари учун тааллуқли бўлмаслиги мумкин. Шунингдек, январь ойида ЕИни расман тарк этган Буюк Британия фуқаролари ҳам тақиқ остида бўлмайди.
Ўтган ҳафтада ЕИнинг кўплаб давлатлари ўзаро чегараларда чекловлар ўрната бошлаганди. Бугундан қатор давлатларда коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилмоқда.
Хусусан, Греция ўз ҳудудига кирувчи барча хорижликлар учун 14 кунлик карантин жорий этди, Венгрия ўз чегараларини бутунлай ёпиб қўйди, Руминия, Сербия, Босния ва Герцеговина ҳамда Арманистонда коронавирус туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Чехия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб карантин эълон қилди.
АҚШ
АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ўзининг навбатдан ташқари йиғилишида федерал фондлар бўйича мақсадли ставкалар диапазонини 0-0,25 фозига қадар тушириш бўйича қарор қабул қилди.
Федерал захира тизими иқтисодиёт «яқинда рўй берган воқеаларни бошдан кечириб бўлгани, шунингдек, максимал бандлик ва нарх барқарорлиги мақсадларига интилаётганига ишонч ҳосил қилгунига қадар» ставкаларни нолга яқин даражада ушлаб туришни режалаштирган.
Федерал захира тизими иқтисодиётни коронавирус таъсиридан ҳимоя қилиш учун бир қатор қўшимча чораларни эълон қилган. Унга кўра, яқин ойларда у АҚШ давлат облигацияларидаги портфелини камида 500 миллиард долларга, Ginnie Mae, Fannie Mae ва Freddie Mac каби ярим давлат агентликлари томонидан чиқариладиган ипотека облигациялари портфелини эса камида 200 миллиард долларга оширади. Ҳозирда ФЗТ баланси 2,5 триллион доллардан ортиқ давлат облигацияларини ва 1,37 триллион долларлик агентликларга тегишли ипотека қоғозларини ўзи ичига олган. Шундай қилиб, ғазначилик облигациялари портфели 3 триллион долларга қадар, ипотека қоғозлари эса — тахминан 1,6 триллион долларга ошади. Шу билан бирга, ФЗТ активлари 4,3 триллион доллардан 5 триллион долларга қадар ошиб, рекорд натижани қайд этади (бундан олдинги рекорд 2015 йилнинг январида қайд этилган).
Қўшма Штатларда 50 нафардан кўпроқ киши иштирок этадиган барча тадбирларни бекор қилиш тавсия этилган. Айни вақтга келиб америкаликларнинг 4060 нафарида вирус аниқланган, сўнгги бир кунда ўсиш 380 нафар. Шу вақтгача 73 киши тузалди, 71 киши вафот этди.
Бошқа мамлакатлар
Испания. Душанба кунидан бу мамлакат карантин ҳолатига ўтди. Одамлар уйларидан бесабаб чиқиши тақиқланган, улар фақат ишга, шифокорга ёки озиқ-овқат маҳсулотлари хариди учун чиқишлари мумкин. Мамлакат бош вазири Педро Санчес ҳам карантинда - унинг рафиқаси вирус юқтириб олган.
Буюк Британия. Ҳукумат бугундан ҳар куни бош вазир Борис Жонсон ва бошқа юқори мартабали амалдорлар иштирокида матбуот анжумани ўтказади ва аҳоли коронавирусга қарши кўрилаётган чоралар тўғрисида хабардор этиб борилади.
Лекин олимларнинг очиқ хатида (фаннинг турли соҳаларига мансуб бўлган 229 нафар мутахассис томонидан ёзилган - улар орасида эпидемиолог йўқ) ҳукуматнинг пандемияга жуда секинлик билан реакция кўрсатиши танқид остига олинган, бу хат айни вақтга келиб 250 мингдан ортиқ имзо йиққан.
Австрия фуқаролари ўз ҳудудига кириши тақиқланган давлатлар рўйхатини кенгайтирди, бу рўйхатдан Россия, Буюк Британия, Нидерландия, Украина каби давлатлар ҳам ўрин олган. Саналган давлатлардан келувчилар 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.
Эронда коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари кескин ошди: расмий маълумотларга кўра, сўнгги бир кунда 129 киши вафот этди ва қурбонлар сони 853 нафарга етди. 14 мингдан ортиқ киши зарарланган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги эронликларга уйларини тарк этмаслик ва барча сафарларини кейинроққа қолдиришни тавсия этмоқда.
Ирландияда барча паблар ва барлар ёпилган. Авлиё Патрик кунини нишонлаш бекор қилинган. Бундай чоралар камида 29 мартга қадар амалда бўлади.
Германияда бугундан мамлакат ҳудудига киришда қатъий чекловлар ўрнатилди - бу айниқса Австрия, Швейцария ва Франциядан келувчиларга тааллуқли. Бавария ерида фавқулодда ҳолат жорий этилган. Берлинда 50дан ортиқ киши иштирок этадиган тадбирлар бекор қилинган. Барлар, кинотеатрлар, клублар, спортзаллар ёпилган. Ресторанлар ҳозирча ишламоқда. Кельн шаҳрида ҳам шу каби чоралар қўлланган.
ЖССТнинг қайғули прогнози
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий вакили Тарик Язаревич яқин ҳафталар ичида Европада коронавирус оқибатида вафот этаётганлар сонида ўсиш кузатилиши ҳақида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бир қатор давлатлар ҳали пандемиянинг дастлабки боқичида турибди. У Италияда вафот этганларнинг аксарияти бундан икки-уч ҳафта олдин касалликка чалинганини таъкидлади.
Италияда коронавирус тез тарқалиши шароитида беморларнинг бошқалар билан алоқасини кузатиш қийинлашган.
Вирус Африкада ёйила бошлади

Сўнгги маълумотларга кўра, Африканинг Бенин, Сомали, Танзания ва Либерия давлатларида ҳам коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолатлари тасдиқланган.
Танзанияда 15 март куни Бельгиядан қайтиб келган 46 ёшли аёлда вирус аниқланган, у Европага сафари давомида Швеция ва Германияда ҳам бўлган.
Бенинда Буркино-Фасонинг 49 ёшли фуқаросида вирус аниқланди - у 21 февраль куни ўз мамлакатидан чиқиб, кейинги 11 кун давомида Бельгияда бўлган, 4 март куни ўз ватанига қайтган, 12 март куни эса Бенинга учиб келган.
Либерияда вирусни юқтирган илк одам Атроф-муҳит муҳофазаси агентлиги раҳбари Натаниель Блама бўлди. У шу кунларда Швейцарияда бўлиб қайтганди.
Сомалидаги илк ҳолат эса Хитой билан боғлиқ - ўтган ҳафтада 4 нафар сомалилик Хитойдан қайтганидан кейин коронавирус юқтиришда гумонланиб текширилганди.
Айни вақтда Африкада вирусдан энг кўп жабрланган давлат Миср бўлиб турибди - 150 кишида вирус аниқланган, 2 киши вафот этган. Миср 19 мартдан дунёнинг барча давлатлари билан авиаалоқаларни тўхтатмоқчи.
Бундан ташқари, Жанубий Африка Республикаси (64 ҳолат), Жазоир (54 ҳолат, 4 ўлим), Марокаш (29 ҳолат, 1 ўлим), Сенегал (24 ҳолат), Тунис (20 ҳолат), Гана (6 ҳолат), Эфиопия (5 ҳолат), Руанда (5 ҳолат), Камерун (4 ҳолат), Кот-д-Ивуар (4 ҳолат), Кения (3 ҳолат), Намибия (2 ҳолат) ва Судан (1 ўлим), Конго (1 ҳолат), Экваториал Гвинея (1 ҳолат), Мавритания (1 ҳолат), Того (1 ҳолат) ва Габонда (1 ҳолат) вирус аниқланган.
16 март ҳолатига кўра, бутун дунёдаги 140га яқин давлатда коронавирус юқтирганларнинг жами сони 180 мингга яқинни ташкил қилмоқда, 78 мингдан ортиқ киши соғайган, 7 мингдан ортиқ киши вафот этган (4 фоизга яқин).
Вирусдан энг кўп жабр чекаётган давлатлар:
Хитой (80880 ҳолат, 3213 ўлим)
Италия (27980, 2158)
Эрон (14991, 853)
Испания (9428, 335)
Ж. Корея (8236, 75)
Германия (6924, 14)
Франция (5423, 127)
АҚШ (4060, 71)
Швейцария (2221, 18)
Б.Британия (1543, 36)
Нидерландия (1413, 24)
Норвегия (1313, 3)
Швеция (1103, 7)
Бельгия (1058, 5)
Австрия (1018, 3)
Дания (914, 4).
Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилди. Айни вақтга келиб бундай беморлар сони 8 нафарни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонга коронавирус учта рейс орқали кириб келди.
Биринчиси, 11 март куни Париж-Тошкент рейси. Бу рейс орқали учган шифокор аёл Ўзбекистонда ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, набираси ва қариндошига вирус юқтириб улгурди.
Иккинчиси, 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс.
Учинчиси, 14 март куни Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг аҳволи ҳозирча қониқарли даражада эканини маълум қилган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг