08:23 / 22 марта 2020
2 067

Коронавирусга йўлиққан ва уни енгган 60 ёшли шифокор ҳикояси

Коронавирусга йўлиққан ва уни енгган 60 ёшли шифокор ҳикояси
Фото: Daily Mail
COVID-19 коронавирусини юқтириб, даволаниб чиққан 60 ёшли британиялик шифокор Клер Герада касаллик аломатлари ҳақида Daily Mailга гапириб берди.

Шифокорнинг сўзларига кўра, у Нью-Йоркда коронавирусни юқтирган, аммо уйига қайтганидан сўнг касаллик белгилари пайдо бўлган. Аёл якшанба куни Британияга учиб келади, душанба куни ишга чиқади ва сешанба куни эрталаб чарчаганини ҳис қилади.

«Эрталаб қуруқ йўтал билан уйғондим. Аввалига йўтал енгилроқ эди ва мен буни узоқ парвоз туфайли деб ўйлагандим», деди у.
Аммо сўнг, у томоғида кучли қуруқлик сезиб, қаттиқ оғриқ турганин айтади.

«Гўё кимдир менинг томоғимга пичоқ санчгандек эди», дея қўшимча қилди Герада.
Кейин, унинг сўзларига кўра, ҳарорати кўтарилади, иситма ва титроқ бошланади.

«Мен бу коронавирус эканлигини англадим, чунки аввал ҳеч қачон бундай оғир касал бўлмаганман ва одатий грипп мавсуми ҳам тугаганди», деди шифокор.
Герада анализлар топширади ва ўзини изоляция қилишга қарор қилади.

Унинг сўзларига кўра, аҳволи тезда ёмонлашган: бир неча соатдан кейин аёл иштаҳасини йўқотади, бундан ташқари, барча таомлар қандайдир металл таъмга эга эди. У овқатни зўрлик билан ютишга мажбур бўлади ва томоғидаги қуруқлик туфайли чой ўрнига лимонли сув ичади. Герада қайд этган яна бир аломат бу – бурундаги яралар эди. У томоғини ҳам шундай яралар қоплаганини тахмин қилади.

Шифокорнинг айтишича, уни жудаям уйқу босган. У ҳеч қачон ўзини бунчалик ёмон ҳис қилмаганини айтади.
«Мен видео кундалик юритишни жуда хоҳлардим, лекин ҳатто телефонни қўлга олиш ҳам менга жуда оғир туюларди», дейди аёл.

Ҳароратни пасайтириш учун у кунига уч марта иккитадан парацетамолли таблетка қабул қилган. Жума куни чиққан анализ натижалари COVID-19 ташхисини тасдиқлади. Бироқ, бу вақтда аёл ўзини яхши ҳис қила бошлаганди – унинг ҳарорати пасайиб, йўтали тўхтади. Шанба куни унинг иштаҳаси қайтади. Душанба куни (асоратлар бошланганидан бир ҳафтача ўтиб) у тузалиб кетганини ҳис қилади, аммо шифокорлар буюрганидек, ҳафтанинг охирига қадар изоляцияни давом эттиришга қарор қилади.

Герада коронавирус билан касалланганларнинг аксарияти тузалиб кетишига ишонади. Унинг таъкидлашича, у коронавирус қурбонларининг кўпчилиги турли бошқа касалликлардан азият чекаётганлардир.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг тарқалишини пандемия деб тан олганди. ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда 234 мингдан ортиқ одам коронавирусни юқтирган, уларнинг тўққиз мингдан ортиғи вафот этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)