00:13 / 29.03.2020
4 217

Коронавирус дунё қалбида меҳр уйғотди (фото, видео)

Коронавирус дунё қалбида меҳр уйғотди (фото, видео)
Фото: Reuters
Кейинги пайтларда дунё ва юртимизнинг турли нуқталаридан келаётган ёқимсиз хабарларни эшитавериб, юрак ҳам олдириб қўйдик. Бутун коинотни тақими остига босишга чоғланиб турган ҳазрати инсон кўзга кўринмас бир вирус қаршисида ожиз келишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?

Халқимиз сабрли, ҳамма нарсадан хайр ахтарадиган халқ. Шунинг учун ҳам «Охири бахайр бўлсин», деган гапни бот-бот такрорлаймиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам, тушкунликка тушмаслик, ишончнинг этагидан маҳкам тутиб, вирусга қарши биргаликда курашишимиз керак.

Зотан, севимли адибларимиздан бири айтганидек, ишонч йўқолса, орзу қолади. Орзу йўқолса, умид қолади. Умид йўқолса, илинж қолади. Илинж йўқолса... Ҳеч нима қолмайди...

Ундай кундан эса Худонинг ўзи асрасин!
Келинг, энди коронавирус эпидемиясидан ҳам бир хайр ахтариб кўрайлик. Ишонинг, дунё миқёсида эпидемиянинг яхши аломатлари ҳам секин-аста кўзга ташлана бошлади:

1. Ҳаво ифлосланиши камайди
Дунё мамлакатлари жон талошида вирусга қарши курашаётган айни бир пайтда атмосферанинг ифлосланиш даражаси сезиларли даражада пасайган. Хитойда ҳам, Италиянинг шимолида ҳам саноат нофаоллиги ва автоуловлар қатновининг узилиши натижасида ҳавони ифлослантирувчи модда – азот диоксиди кескин камайгани айтилмоқда.

Нью-Йорк тадқиқотчиларининг маълум қилишича, асосан автомобиллардан чиқувчи углерод оксиди ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга, автомобиллар қатнови эса 35 фоизга озайган.

NASA
Кўплаб авиакомпаниялар парвозларни бекор қилган, саёҳатлар кейинга сурилган, одамлар масофадан туриб ишлаётган бу дамларда ҳаводаги зарарли газ миқдори тобора камайиб бормоқда.

Бутун дунё лидерлари бир ерга жам бўлиб ҳал қила олмаган глобал иқлим ўзгаришлари янги ва яхши эврилишлар томон юз бурмоқда. Нафсиламрини айтганда, узоқ йиллар мобайнида инсон омилидан азият чекиб, зада бўлган она табиат ва ниҳоят ўзини ўзи қайта тикламоқда.

2. Канал, денгиз, океан сувлари тозаланиб бормоқда
Масалан, Венеция аҳолиси шаҳар бўйлаб ўтган машҳур каналларнинг суви кейинги пайтларда аста-секин тозаланиб бораётганини пайқашди. Италия шимолидаги машҳур сайёҳлик йўналишидаги лойқаланиб турувчи сув оқими сўнгги кунларда шу қадар равшанлашганки, ҳатто энди сув остидаги балиқларни ҳам яққол кўришингиз мумкин...


3. Меҳр-мурувват кучайди
Тан олиш керак, вирус бутун дунёда меҳр-мурувват ҳиссининг янги тўлқинини уйғотди, жумладан, юртимизда ҳам. Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда ночор инсонларга ёрдам беришни кўзда тутувчи турли акциялар сони ортиб бораётгани ва бунда саховатпеша тадбиркорларимиз, фидойи шифокорларимиз, турли давлат ташкилоти ходимлари ва журналист-блогерлар қатори ўзини шу юртнинг бир парчасиман, деб билган барча катта-кичик ёшдаги юртдошларимиз фаоллик кўрсатаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Қаранг, башарият ҳам ўзини ўзи ислоҳ қилишга уринмоқда. Эзгуликка, саховатга, хайр-эҳсон қилишга шошмоқда. Бир-бирига ёруғлик улашмоқда.

Иш ва ҳаётий ташвишларга кўмилиб, ҳатто чап кўксида юрак деган нарса борлигини унутиб қўйган айрим одамлар ҳам ҳаёт ва унинг моҳияти ҳақида чуқур ўйга толиб қолгани бор гап.

Инчунун, Нью-Йоркда шаҳарнинг кекса ва ҳимояга муҳтож одамларига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш учун атиги 72 соат ичида 1300 кўнгилли тўпланди.

Буюк Британияда вирусга қарши юз минглаб одамлар Facebook’даги маҳаллий гуруҳларда бирлашди.

Австралиядаги супермаркетларда махсус «кексалар соати» жорий этилди. Дўкон ва маркетларда кекса ва ногиронларга бемалол харид қилиш имкони яратилди. Ташқарига чиқишга қодир бўлмаган инсонларнинг эҳтиёжи кўнгилли ёшлар томонидан бажо келтирилиши кундалик анъанага айланди.

4. Барча бирлашди

Италияликлар қўшиқ куйлаш флешмобида иштирок этишмоқда
Фото: Zuma/ТАСС
Маиший ташвишлар ва дум-қуйруғи кўринмас дунё ишлари сабаб узилиб қолган инсоний ришталар янгидан боғланди. Нафақат оилалар, балки дунёдаги кўплаб жамоалар ҳам бир-бирига яқинлашди.

Ҳатто мамлакат бўйлаб қатъий карантин чоралари жорий этилган Италияда одамлар ўз уйлари балконларига чиқиб, бир-бирларининг кайфиятларини кўтарувчи қўшиқлар ижро этиб, мусиқа садолари остида қалбан бирлашишди.

Испаниянинг жанубида фитнес бўйича бир мураббий балконда турган ҳолда кўп қаватли уйларда яшовчи қўшниларига машғулотлар олиб бора бошлади.

Кўплаб Европа мамлакатлари қатори Туркияда ҳам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, инсонларга ёрдам бераётган шифокорларни ҳар кун кеч соат 9:00да қарсак, ҳуштак, овозлар жўрлигида баралла олқишлаш анъана тусига кирди.

5. Кул остидаги истеъдод чўғлари оловланди
Ҳозир миллионлаб одамлар вақтларини уйда ўтказаётганликлари сабабли кўпчилик бу имкониятдан унумли фойдаланмоқда. Кул остида сўнай деб қолган истеъдодлар қайтадан оловланмоқда.

Кўплаб ижтимоий медиа фойдаланувчилари мутолаа, ошхона сирлари (италиялик ошпаз Массимо Боттура Инстаграмда «ошхона карантини» деб номланган сериясини ишга туширди), тўқиш ва расм чизиш каби бир қатор севимли машғулотларининг тафсилотларини омма билан баҳам кўришмоқда.

Қўшиқчилар онлайн концертлар беришмоқда.

Ўқитувчилар талабаларини масофадан туриб ўқитишмоқда, ёшларни уйда ижодий иш билан шуғулланишга илҳомлантиришмоқда.

Кўпгина жамоат жойлари ёпиқ бўлса-да, санъат ихлосмандлари Париждаги Лувр ҳамда Ватикан музейидаги машҳур санъат асарларини томоша қилиш учун виртуал саёҳатлар уюштиришмоқда.
Австралиянинг Сидней расадхонаси одамлар учун уйдан туриб тунги осмонни томоша қилишни таклиф қилмоқда.

Кембриж университети эса 18 мингта китоб ва илмий мақолалардан иборат бўлган кутубхона архивини бепул очиб юборди.
Албатта, бу каби мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин.

… Дарвоқе, олим ва мутахассислар коронавусдан сўнг дунё янги даврга қадам қўйиши ҳақида фикр билдиришмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, жисмоний ва руҳий соғлик, инсонлар қалбидаги меҳр-оқибат пойдор бўлиб қолса бас. Қолган ҳамма нарсага вақт ва меҳнат билан эришса бўлади.

Сўзимиз адоғида нима деймиз? Албатта, «Охири бахайр бўлсин», деймиз!

Отабек Тиллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус дунё қалбида меҳр уйғотди (фото, видео)