
Фото: “AFP”
Япония бош вазири Синдзо Абэнинг рафиқаси Акиэ Абэ жамоатчилик танқидлари остида қолди. Бунга эса «биринчи хоним»нинг коронавирусга қарши кураш доирасида жорий этилган ўз-ўзини иҳоталаш тартибига риоя этмагани сабаб бўлди.
Кунчиқар ўлка ҳам бир неча ойдан буён COVID-19 офатига қарши курашиб келмоқда. Маълум бўлишича, пандемия сабаб ҳатто мамлакатдаги мактаблар ёпилган бир вақтда ҳукумат раҳбарининг рафиқаси 50 кишилик гуруҳ билан Оито музофотидаги ибодатхонага сафар қилган. Хонимнинг ушбу хатти-ҳаракати кескин қораланган. Жамоатчилик «биринчи хоним»ни мамлакатдаги вазият қанчалар таҳликали эканидан бехабарликда айблаган.
«Мактаблар дарвозасига қулф урилган, болаларимиз тўрт девор ичида ўтирган бир пайтда Абэ хонимнинг кўнгиллари сафар тусаб қолибди! Бу япон халқига ҳурматсизликдир!» деган мазмунда эътирозлар қолдирилган ижтимоий тармоқда.
Бундан аввалроқ интернетда Абэ хонимнинг чаппар уриб гуллаган сакура дарахти ёнида тушган сурати тарқалган, ўшанда ҳам карантин чоралари сабаб хиёбонларга бора олмай уйда ўтирган аҳоли бу ҳолни кескин танқид қилган эди.
Пировардида, Синдзо Абэнинг ўзи шундоқ ҳам яхши бўлмаган рейтинги янада пасайди. Мухолифлари бош вазирни коронавирусга қарши курашда сусткашлик қилишда айбламоқда. Ҳукумат раҳбари 7 апрель куни мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Танқидчиларга кўра, бундай кескин чораларни аввалроқ кўриш керак эди.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп ҳам коронавирусга қарши кураш бўйича белгиланган чораларни писанд қилмасликда айбланмоқда. Маълум бўлишича, Қўшма Штатлар коронавирус офатига қарши курашда жон олиб жон бераётган бир паллада Иванка Трамп турмуш ўртоғи Жаред Кушнер (дарвоқе, у ҳам президентнинг маслаҳатчиси мақомига эга!) ҳамда уч фарзанди билан Пасхани нишонлаш учун Вашингтондан Нью-Жерсига борган. Мамлакатда COVID-19 инфекциясидан вафот этганлар сони 37 мингдан ошди. Дастлаб коронавирус хатарига у қадар жиддий қарамаган Дональд Трамп ҳам эндиликда аҳолини карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Шундай мушкул паллада Иванка хонимнинг саёҳатга боргани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

Фото: “Google Images”
Карантин чекловларини писанд қилмаган арбоб хонимлар сафида Буюк Британия бирлашган қироллигида анча таниқли бўлган Кэтрин Калдервуд ҳам бор.
Апрель ойи бошида журналистлар томонидан Шотландия соғлиқни сақлаш вазири К.Калдервуд карантин талабларини бузиб, оиласи билан шаҳар ташқарисидаги дала-ҳовлида дам олиб келгани фош қилинди. Пандемия даврида барчага ибрат бўлиш ўрнига, масъулиятсизларча саёҳатга чиққан вазирни жамоатчилик ҳам, ҳукумат ҳам кечирмади. Ушбу ҳолат матбуотда ёритилишидан қисқа фурсат ўтиб, Калдервуд хоним лавозимидан бўшатилди.
С.Салим
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар