20:53 / 22.04.2020
2 547

Саакашвили яна сиёсатга қайтмоқда. Зеленский унга мансаб таклиф қилган

Саакашвили яна сиёсатга қайтмоқда. Зеленский унга мансаб таклиф қилган
Фото: ARKHIP VERESHCHAGIN/TASS
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили яна Украина сиёсатига қайтиши мумкин. Украина президенти Владимир Зеленский унга бош вазирнинг ислоҳотлар бўйича ўринбосари бўлишни таклиф қилган. Бу ҳақда Саакашвили фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган.

«Президент Зеленскийдан ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосари бўлиш таклифини олганим мен учун шараф. Бош вазир билан ҳукуматда ишлашим масаласини муҳокама қилдик.
Мамлакат учун мураккаб бўлган даврда таклифга масъулият билан ёндашаман. Бизни иқтисодда, умуман, ҳаётда қийинчиликлар кутмоқда. Ҳозир қарор чиқаришда ва ислоҳотларда ҳар қачонгидан қатъиятлироқ бўлишимиз керак
», деб ёзди Саакашвили.

Ўз вақтида Украинанинг Одесса области губернатори бўлиб ишлаган Саакашвилининг постидан у таклифни қабул қилганини билиш мумкин.

«Слуга народа» партиясидан сайланган депутат Александр Качурнинг айтишича, Саакашвилининг номзоди чиндан ислоҳотлар бўйича бош вазир ўринбосари лавозимига кўриб чиқилган. Зеленскийнинг расмий вакиллари бу хабарларга муносабат билдиргани йўқ.
Украина нашрларининг ёзишича, Саакашвилини бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласи жума куниёқ кўриб чиқилиши мумкин.

Владимир Зеленский 2019 йил Саакашвилига Украина фуқаролигини қайтарганди. Унинг фуқаролиги 2017 йилда собиқ президент Петро Порошенко томонидан бекор қилинган. Сайловолди дастурида ҳам Зеленскийдан Саакашвили борасида фикрларини сўрашганди ва у Грузия собиқ президентини Европада демократияни таъминлаш учун курашган, коррупцияга қарши курашда тажрибаси бор, деб мақтаганди.

Саакашвили 2014 йил Украинадаги ислоҳотларни, хусусан, Майдан воқеаларини қўллаши ортидан Порошенко унга Украина фуқаролигини берганди. У аввалига президент маслаҳатчиси, 2015 йилдан эса 1,5 йил давомида Одесса губернатори бўлиб ишлаган. Порошенко билан келишолмай қолгач, ишдан кетган ва фуқаролиги ҳам бекор қилинганди.

Фуқаролиги бекор қилингач, Саакашвилига 2021 йилгача Украинага кириш тақиқланди. Аммо у 2018 йил Киевда қўлга олинади. Шундан сўнг сиёсатчи самолётда Польшага жўнатиб юборилади. 2015 йилда Саакашвили Украина фуқаролигини олгач, Грузия фуқаролигидан маҳрум қилинган. 2004-13 йилларда 8 йил давомида Грузия президенти бўлган Саакашвилига мамлакатда қатор айбловлар эълон қилинган. Аммо кўплаб грузияликлар Саакашвили олиб борган ислоҳотлар вақтида мамлакатда ҳаёт тарзи яхшиланганини айтишади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саакашвили яна сиёсатга қайтмоқда. Зеленский унга мансаб таклиф қилган