06:26 / 24.04.2020
2 506

Дерматологлар COVID-19’нинг навбатдаги аломатини аниқлашди: «ковидли бармоқлар»

Дерматологлар COVID-19’нинг навбатдаги аломатини аниқлашди: «ковидли бармоқлар»
Фото: pixabay.com
Янги коронавируснинг қамров ҳалқаси кенгайиб борар экан, кундан кунга олимлар COVID-19нинг янги хусусиятларини кашф қилиб боришмоқда. Бироқ ҳали унинг яширин сирлари жуда кўпга ўхшаяпти, деб ёзади Republica'га таяниб Kun.uz нашри.

Американинг ABC News телеканали хабарига кўра, медиклар ғалати, бироқ SARS-CoV-2 юқтирганликни кўрсатувчи аломат — теридаги ўзгаришларга дуч келишган.

Борган сари етакчи дерматологларнинг катта қисми COVID-19 билан касалланганликда гумонланаётган ва тасдиқланган ташхисга эга пациентларда турли тошмалар ва бошқа тери касалликлари белгисига эътибор қаратишмоқда.
Уларнинг тахминича, инсон териси касаллик чоғида организмда нималар рўй бериши ҳақида «сўзлаб» бериши мумкин.

Италиялик врачлар бу ҳақда март ойидаёқ билдиришган эди. Уларнинг маълумотларига кўра, коронавирус юқтирган ҳар бешинчи пациентда тери билан боғлиқ муаммолар кузатилган.

Энг кўп учраган ҳолат — тўқ қизил тошмалар.
Дематологлар ҳамжамиятида норасмий «ковидли бармоқлар» (оёқ бармоқлари назарда тутилган, COVID toes) термини муомалага кирган, бу билан улар бармоқларнинг алоҳида қисмларида ранг ўзгаришини тасвирлашган (нафақат оёқда, қўлда ҳам).

Италияликлар америкалик экспертларни ушбу аломатдан хабардор қилгач, улар АҚШда бундай ҳолатларни тобора кўпроқ учрата бошлашган.

ABC News кўрсатувидан скриншот
Кўпинча қизил тошма (гарчи «ковидли бармоқлар» ҳолатида тўқ қирмизи, ҳаттоки кўк ранглар ҳақида гап боради) совуққа реакция сифатида баҳолашмоқда, дея таъкидлайди Пенсилвания университети қошидаги касалхонанинг дерматология профессори Миша Розенбах. Бироқ тери рангининг ўзгариши об-ҳавога асло боғлиқ эмас.

«Биз совуқдан бундай кўкаришга қишда дуч келишимиз мумкин, лекин асло баҳорнинг авж палласида эмас, — деган ABC News’га Шимолий-ғарбий университет дерматология кафедраси мудири Эми Поллер. — Энди бу ҳам худди COVID-19 сингари кенг тарқалганидан, биз уларнинг ўртасида боғлиқлик бор деб ўйлашга мажбур бўлмоқдамиз».

Бундай тусдаги тошмалар инфекционист экспертларни ҳам ҳайрон қолдирмоқда.
«Бундай жойларга тегиниш оғриқ ва ачишиш ҳиссини туйишга сабаб бўлади», – деб ҳикоя қилади Пенсилвания университети қошидаги тиббиёт мактаби инфекционисти Эббинг Лаутенбах.

Қизиғи шундаки, бу аломат кўпроқ COVID-19 учун анъанавий бўлган белгилар намоён бўлмайдиган инсонларда, айниқса болалар ва ёшларда кўпроқ учрайди. Лекин бу аломатлар айнан қайси ёш гуруҳларига хослигини аниқлаш учун кўпроқ тадқиқотлар ўтказилиши керак, дейишмоқда барча экспертлар.

Бундан ташқари, тошма қизамиқ ва эшакеми каби касалликларда учрайдиган кўринишда экани, айнан COVID-19 билан боғлиқ бўлмаслиги, дори-дармонларга ёки бошқа вирусли инфекцияларга реакция бўлиши мумкинлиги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Тадқиқотчилар ҳамон COVID-19нинг аломатларсиз ҳолатларини ўрганишга уринишмоқда. Эслатиб ўтамиз, COVID-19нинг анъанавий аломатларига кўпинча юқори ҳарорат, қуруқ йўтал, ҳолсизлик кирар эди; аммо сўнгги ҳафталарда таъм ва ҳид билиш сезгиларининг йўқолиши, буйрак билан боғлиқ муаммолар ва тромбоз каби ғайриоддий кўринишлар ҳам топилган.

Назариялардан бирига кўра, барча касалликларда ҳам аломатлар бўлади, лекин уларни врачлар бир қарашда аниқлай олмайди. Эҳтимол, тери билан боғлиқлик улардан бири бўлиши мумкин.

Экспертлар «ковидли бармоқлар»нинг иккита эҳтимолли сабабини илгари суришмоқда: доктор Лаутенбахга кўра, биринчиси — оёқ соҳасида тўпланган шамоллаш реакцияси. Иккинчиси — тромблар бўлиши мумкин.

«Қисқасини айтганда, ҳеч ким аниғини билмайди», — дея хулосалайди у.

Доктор Розенбахга кўра, оёқ ва қўл бармоқларидани тошмалардан ташқари дерматологлар ретикуляр асфиксия (livedo reticularis, тўрсимон ливедо) га эътибор қаратишлари керак — у айрим COVID-19 пациентларида учраган, қон томирлари зарарланганида пайдо бўладиган тўқ қирмизи тусдаги тўрсимон чизгиларга ўхшайди.

Нью-Йоркдаги Вайл Корнелл номидаги медицина коллежи дерматологи Жоанна Ҳарп критик ҳолатдаги COVID-19 пациентларида турли жойларда — қўллар, оёқлар ва сонларда турли тери касалликлари авж олганини кузатган — бундай тошмалар коронавирус юқтирган баъзи инсонларда тромб ҳосил бўлиш даражаси юқорилиги билан тушунтирилади.

«Ҳозирча бу инсонларда тобора кўпроқ тромблар пайдо бўлишига айнан нима сабаб бўлгани охиригача равшан эмас, лекин фаразлардан бирига кўра, вирус айрим пациентларда иммун тизимини ҳаддан зиёд қўзғайди. Керагидан ортиқ фаол бўлган иммунитет тромблар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин», — дейди врач.

Массачусетс умумий профилдаги шифохонасининг реанимация бўлими раҳбари Сюзан Уилкокс ҳам ўзининг энг оғир ковид беморлари танасида тўқ қирмизи тошмаларга дуч келган. У уларга шиддатли пурпура (purpura fulminans) деб ташхис қўйган. Уилкокснинг сўзларига кўра, бундай тошма вирус юқтириш натижасида қон томирлар ичида қоннинг интенсив ивиши, қўл-оёқлар бармоқларида, шунингдек бурунда микротромблар пайдо бўлиши билан характерланади.

COVID-19нинг янги потенциал аломатини тадқиқ этишни тезлаштириш учун Америка дерматологлар академияси ишчи гуруҳи бутун жаҳондаги пацентлар устидан кузатувларни рўйхатга олиш учун онлайн реестрни ишга туширди. Массачусетс умумий профилдаги шифохонаси дерматологи Эстер Фрименнинг берган маълумотига кўра, реестрда аллақачон 130та ҳолат қайд этилган.

Нима бўлганда ҳам, дерматологлар учун COVID-19 ва уларнинг кузатувлари ўртасида сабаб-оқибат алоқаларини ўрнатишда энг катта муаммо — коронавирус учун тестларнинг етарли эмаслиги бўлиб турибди. Терисида тошмалар пайдо бўлган ва бошқа аломатларга эга инсонларни ҳозирча COVID-19га қарши текширишмаяпти, дейди доктор Поллер.

Эббинг Лаутенбахнинг фикрича, «ковидли бармоқлар»га эга инсонларда тест манфий бўлади, чунки ҳали вирус бошланғич ривожланиш босқичида бўлади. Лекин бундай инсонлар ўзларини уйда изоляция қилиб, бошқа аломатлар ривожланиши устидан синковлик билан кузатув олиб боришлари керак, дея тавсия қилади у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дерматологлар COVID-19’нинг навбатдаги аломатини аниқлашди: «ковидли бармоқлар»