03:25 / 28.04.2020
2 266

Қозоғистон президенти мамлакатда касалликнинг энг юқори чўққиси ҳали тўлиқ ўтмаганини маълум қилди

Қозоғистон президенти мамлакатда касалликнинг энг юқори чўққиси ҳали тўлиқ ўтмаганини маълум қилди
Фото: Tengrinews
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда коронавирус билан касалланишнинг энг юқори чўққиси ҳали тўлиқ ўтмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

«Эришилган натижалар билан тинчланиб бўлмайди. Вазият ҳали ҳам жуда жиддий. Коронавирус бутун дунёга ҳужум қилишда давом этмоқда. Касалланганлар сони уч миллион кишига яқинлашмоқда ва бу рақам ўсади. Пандемиянинг иккинчи тўлқини кутилмоқда. Қозоғистонда касалланишнинг энг юқори чўққиси тўлиқ ўтмади. Ҳали ҳам вазиятнинг назоратдан чиқиш хавфи сақланиб турибди», — дея таъкидлаган Қозоғистон президенти.

Тўқаевнинг айтишича, мамлакатнинг баъзи ҳудудларида, хусусан, Олмаотада кўп сонли шифокорлар ва тиббий ходимлар коронавирусга чалинган. Шу сабабли, тиббий ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бундан буён эҳтиёт чораларига амал қилинмаса, инфекциянинг бошқа ўчоқлари пайдо бўлиши мумкин. Карантин чораларининг бирданига олиб ташланиши касалликнинг янги тўлқинини юзага келтириши мумкин, касалланиш хавфини паст баҳолаш мумкин эмас.

Аввалроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини 11 майгача узайтиришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда коронавирус тарқалиши муносабати билан 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган. 11 апрель куни эса мамлакат президенти фавқулодда ҳолат режимини апрель ойининг охирига қадар узайтиришга қарор қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон президенти мамлакатда касалликнинг энг юқори чўққиси ҳали тўлиқ ўтмаганини маълум қилди