15:12 / 07.05.2020
2 961

АҚШ ҳукумати сув тошқинида аҳолига қандай тавсиялар беради?

АҚШ ҳукумати сув тошқинида аҳолига қандай тавсиялар беради?
Фото: Getty Images
АҚШ жамияти тажрибасида маҳаллий даражада фавқулодда ҳолатни эълон қилиш тез учрайди. Бу кўпинча табиий офатлар ва аҳоли турмушига етказилган талафотлар билан боғлиқ. Бундай вазиятда, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун алоҳида ва қатъий белгиланган протокол ишга тушади.

АҚШ ҳукумати хизматлари ҳақида маълумот берувчи расмий порталда фавқулодда ҳолат эълон қилинган пайт ҳаракатланиш режаси батафсил тушунтирилган. Унда табиий офатга қарши туриш чоралари, фожиа юз берганда моддий ёрдам олиш ва тирик қолган аҳолининг турмушини яхшилаш бўйича ҳаракатлар режаси очиқланган.

Тайёргарлик кўриш босқичи
АҚШда асосан довул, сув тошқини, зилзила ва жиловланмаган ёнғиндан ҳимояланиш учун аҳолига огоҳлантириш берилади. Масалан, сув тошқини нима экани, қайси омилларга кўра пайдо бўлиши ва воқеалар ривожланиши ҳақида халқчил тушунча портал орқали тақдим этилади.

Фото: Getty Images
АҚШда айнан сув тошқинлари юзага келиши мумкин бўлган ҳудудларнинг махсус харитаси тайёрланган. Риск ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли аҳвол ўзгаришини реал режимда кузатиб туриши мумкин. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат эълон қилиниши муносабати билан уяли алоқа воситаси орқали хабар олиш имконияти мавжуд. Ушбу хабарнома телефон ўчирилган бўлса-да, эгасини огоҳлантиради.

Эвакуация қилинган аҳоли яшаш жойи / Getty Images
Эвакуацияга отланган аҳоли аввалдан бошпана учун ечим ўйлаб қўйиши қаттиқ тавсия қилинади. Кўпинча эвакуация қилинган аҳоли бошпанасиз шахслар яшайдиган шелтерга келтирилади, шу туфайли яшаш жойга яқин бўлган шелтер ҳақида маълумотга эга бўлиш керак. Шунингдек, улар ҳар доим уйда фавқулодда зарур ашё, тиббий дармон ва кийимлар билан тўлдирилган ​халта бўлишидан огоҳлантирилади. Энг зарур ҳужжатлари сув ўтмайдиган идишда сақланиши лозим.

Фавқулодда зарур ашёлар / Getty Images
Сув тошқини кўп юз берадиган ҳудудда истиқомат қилувчи уй хўжаликларига суғурта сотиб олиш тавсия қилинади. Бу турдаги суғурта билан Тошқинлардан суғурталаниш миллий дастури шуғулланади.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинганда
«Сув тошқини хавфи пайдо бўлганда, сувга яқинлашманг. Сузманг ва сув остига шўнғиманг. Тошқиннинг 15 см баландликка кўтарилиши сизни ерга йиқитиши мумкин, у 30 смга етиб, тезлиги ошса, машинани ҳам ўз жойидан қўзғатиши мумкин. Сув оқими устидан ўтказувчи кўприклардан фойдаланманг.

Агар мутасаддилар эвакуация зарурлигини айтса, талабни бажаринг. Агар атрофингизни сув тошқини ўраб олса, юқори қаватга кўтарилинг. Ўша жойда қутқарувчилар сизни топгунча қолинг», – дейилади тавсиялар бўлимида.

Яшаш жойидан кўчирилган аҳоли маҳаллий расмийлар билан алоқада бўлиши, янги турар жойи ва манзили бўйича яқин кишиларга хабар бериши сўралади. Об-ҳаво маълумотларини тарқатувчи миллий радио тўлқинини тинглаш ёки маҳаллий янгиликлардан хабардор бўлиш тавсия қилинади.

Сув тошқини ичида қолган шахснинг ҳаракатланиши қатъиян рағбатлантирилмайди. Машинада ҳаракатланиб кетаётган одам сув тошқинига дуч келса, транспорт устига чиқиб олиши сўралади.

Якуний босқич
Аҳоли фақат маҳаллий ҳокимият рухсати билан уйга қайтиши мумкин. Яшаш жойига қайтган киши сув тошқинида келиб қолган денгиз ва ёввойи ҳайвонларни учратишга тайёр бўлиши лозим. Электр энергиядан фойдаланишда эҳтиёткорлик талаб этилади.

Бошпанасини йўқотган аҳоли яшаш жойига яқин жойлашган шелтерда вақтинча қолиши мумкин. Даромадини йўқотган, жамғармага эга бўлмаган аҳоли ҳукуматдан қисқа муддатли молиявий кўмак олишга ҳақли бўлади. Уларга D-SNAP дастури орқали овқатланиш ва тоза ичимлик сувини сотиб олиш учун пул берилади. Маблағ миқдори штатлар бўйича тасдиқланган минимум яшаш харажатларидан кам бўлмаслиги керак.

Getty Images
Табиий офатдан сўнг, Америка ҳукумати, аввало, почта манзилини қайта тасдиқлашни сўрайди. Негаки, ҳукумат аҳоли билан почта орқали юбориладиган хатлар билан мулоқот қилади. Йўқотилган ҳужжатларни тиклаш, пул олиш ҳуқуқини берадиган талон ҳам почта орқали юборилади. Шу туфайли, уй эгаси почта идорасида реал яшаш манзили ҳақида маълумотномани текшириши керак. Барча керакли ҳужжатларни қайта олиш учун онлайн ариза топшириш имконияти бор.

Табиий офатдан сўнг, аҳолига моддий ёрдам бериш уч хил кўринишда амалга оширилади: ишчи ва кичик бизнес эгаларини қўллаб-қувватлаш, бошпана ва овқат билан таъминлаш ҳамда тўғридан-тўғри пул маблағларини тарқатиш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аҳоли даромади ва турмушига табиий офат туфайли зарар етишини асослантириб бериши керак. Бу банк ҳисобварағидаги маблағ, иш жойидан олинган маълумотнома, уй-жойининг айни пайтдаги шароити бўйича тайёрланган хулоса билан тасдиқланади.

Риск ҳудудида яшовчи аҳоли солиқ мажбуриятларидан озод этилади, қолаверса, банк билан муносабатларини тартибга солиш учун давлат томонидан банкларга субсидия тариқасида кўмак берилади. Шу билан аҳоли банк олдидаги мажбуриятидан озод бўлади ё муддатлар кечиктирилади.

Маҳаллий бюджет тушумини тўлдириш, ижтимоий биноларга етказилган зарарни қоплаш учун федерал ҳукумат молиявий кўмак ажратади, аммо бу ёрдам пули зарарнинг ярмини қоплаши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳукумати сув тошқинида аҳолига қандай тавсиялар беради?