07:50 / 16.05.2020
2 192

Зеленский Украинада коронавирусга оммавий тест ўтказишни буюрди

Зеленский Украинада коронавирусга оммавий тест ўтказишни буюрди
Фото: president.gov.ua
Украина президенти Владимир Зеленский мажбурий оммавий тест ўтказиш ҳақидаги қонунни имзолади. У фуқаролар, эпидемияга қарши курашга жалб қилинган шифокорлар, полиция, миллий гвардия ва бошқа муассасалар ходимларини тест қилишни кўзда тутади.
Бу ҳақда Украина президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Қонунга кўра, коронавирус аломатларига ўхшаш касаллик аломатларига эга барча фуқаролар, беморлар билан мулоқот қилганлар, коронавирусга чалинганлар даволанаётган шифохоналар ходимлари, полиция, миллий гвардия ва бошқа муассасаларнинг эпидемияга қарши курашга жалб қилинган ходимлари мажбурий тестдан ўтказилади.

Қонунда бошқа чоралар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, коронавирусга қарши курашга нафақат мутахассис шифокорлар, балки тиббий олийгоҳларнинг интернатурани ўтаётган битирувчилари, тегишли малакага эга бўлмаган тиббий ходимларни жалб қилишга рухсат берилади. Коронавирусдан даволанаётган ёки унга чалингани сабабли изоляцияда бўлганларга улар ойлик маошининг ярми миқдорида нафақа тўланади.

Ҳукумат ва соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус сайтда тестлаш ҳақидаги статистикани, эпидемияга қарши курашга йўналтирилган воситалар ҳақидаги маълумотларни бериб боради.

Украина бош санитар шифокори Виктор Ляшконинг маълум қилишича, оммавий тестлаш соғлиқни сақлаш вазирлигида уни ўтказиш ва олинган натижалардан фойдаланиш алгоритмлари тасдиқлангандан кейин бошланади.

Охирги маълумотларга кўра, Украинада коронавирусга чалинганлар сони 17,3 мингдан кўпроқни, ундан вафот этганлар 476 нафарни ташкил қилмоқда. Касалланганлар орасида 3,4 минг тиббий ходим бор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Украинада коронавирусга оммавий тест ўтказишни буюрди