07:30 / 23.05.2020
1 084

Аланна Армитаж: «Пандемия Европа кексаларга нақадар эътиборсиз эканини кўрсатиб қўйди»

Аланна Армитаж: «Пандемия Европа кексаларга нақадар эътиборсиз эканини кўрсатиб қўйди»
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий идораси директори Аланна Армитаж Kun.uz`га тақдим этган мақоласида пандемия даврида Европанинг кекса ёшдаги аҳолиси мураккаб вазиятга тушиб қолгани, уларнинг ижтимоий ҳимояси долзарб аҳамият касб этаётгани ҳақида [leech=https://zamin.uz/index.php?do=go&url=aHR0cHM6Ly9rdW4udXovbmV3cy8yMDIwLzA1LzIyL3BhbmRlbWl5YS15ZXZyb3BhLWtla3NhbGFyZ2EtbmFxYWRhci1ldGlib3JzaXotZWthbmluaS1rb3JzYXRpYi1xb3lkaS1hbGFubmEtYXJtaXRhag%3D%3D]сўз юритади[/leech].

Аланна Армитаж
Бутун Европа бўйлаб, Испаниядан тортиб Сербиягача, қариялар уйлари COVID-19 инфекциясининг қизғин ўчоқларига айланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, узоқ муддатли шундай муассасаларда истиқомат қилувчи одамлар Европада коронавирусдан вафот этганларнинг қарийб ярмини ташкил этмоқда.

Вируснинг дунё бўйлаб одамлар ҳаётига чек қўйиши ҳақидаги юракни ҳаяжонлантирадиган статистик маълумотлар орасида мана шу рақам менинг диққатимни жалб қилди. Ушбу рақам бизнинг кўз ўнгимизда рўй бераётган тасаввур қилиб бўлмайдиган фожиани ёритмоқда, аммо негадир бу ҳолат ҳайратланарли даражада жамоатчилик эътиборини унчалик жалб қилмаяпти.

Статистика бўйича, парвариш қилинадиган интернатларда яшайдиган кекса одамлар умумий аҳолининг жудаям кам қисмини ташкил қилади – масалан, Европада киши бошига қариялар уйида истиқомат қиладиган одамлар сони энг кўп бўлган мамлакат – Германияда, кексалар сони аҳолининг деярли 1 фоизини ташкил қилади холос. Бу эса, вирус туфайли келиб чиқадиган ўлим ҳолатлари орасида аҳолининг қариялар уйларида яшовчи қисми ҳаддан ташқари кўпиртириб кўрсатилгани тўғрисида тушунча беради.

Умуман олганда, кекса одамларга пандемия жуда ёмон таъсир қилади. Уларда COVID-19 туфайли оғир касалликка чалиниш хавфи юқори ва ўлимнинг 95 фоизи 60 ва ундан катта ёшдагилар орасида содир бўлмоқда. Бу эса аҳолисининг аксарият қисмини ёши улуғ одамлар ташкил қиладиган минтақа – Европа ўз ҳудудларида пандемияни мана шундай катта вайрон қилиш кучи билан бошидан кечираётганининг сабабларидан биридир.

Ўз навбатида, кекса одамлар нафақат соғлиқни сақлаш тизимидаги хизматлар, балки вирус тарқалишининг олдини олиш чоралари таркибидаги жисмоний масофаланиш (номувофиқ тарзда ижтимоий масофаланиш деб номланади) бўйича ҳам жиддий муаммоларга дуч келишмоқда. Бу омиллар уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига номутаносиб таъсир кўрсатмоқда, чунки улар ўзлари ишонган ва кутган кўпгина хизмат турларидан, ёрдам ва ғамхўрликлардан маҳрумдир.

Табиийки, қариялар уйларида яшайдиган кексалар аҳолининг эътибордан четда ва қаровсиз қолган, энг ҳимоясиз қатлами қаторига киради.

Атрофида ўз яқинларисиз, баъзан етарлича молиялаштирилмаган ва зиммасига ҳаддан зиёд кўп иш юклатилган муассасалар томонидан минимал даражада парвариш қилинадиган ҳолда ёлғизликда вафот этаётган қариялар ҳақида даҳшатли ҳикояларни эшитмоқдамиз.

Ҳозирги кунда қариялар уйларида юз бераётган фожиалар моҳиятан битта, аммо бу бизнинг кексаларга кўрсатадиган эътиборимиз нақадар муваффақиятсиз эканини ҳам ифодалайди. Пандемия бу муваффақиятсизликка енгил нажот бўлди, аммо аслида бу ҳолат COVID -19 билан бошланмади.

Муаммо шундаки, Европа давлатлари тез кексаймоқда – ҳар тўрт кишидан бирининг ёши аллақачон 60 ёшдан ўтди.

Жамиятлар ўз сафларида тобора ўсиб бораётган кекса авлод вакилларининг фаровонликда яшаши, соғлиғини мустаҳкамлаши, ўз жамоалари ва ҳамжамиятларида фаол ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиш мақсадида саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бироқ, барибир кўплаб кекса одамлар бепарволик, қашшоқлик, ижтимоий четланиш ва яккаланиш машаққатларини бошдан кечирмоқдалар – бу муносабат пандемия туфайли янада оғирлашмоқда.

Балки бундан ҳам ачинарлиси, жамоатчиликнинг уларга кексайиб, аҳамиятсиз, ҳатто «ортиқча юк» бўлиб қолганликлари ҳақидаги кўп сонли маданий кесатиқларга қоришган муомаласидир.

Умид қиламизки, бу инқироз ва унинг минглаб ёши улуғ одамларга етказадиган даҳшатли таъсири жамиятда қарияларга бўлган муносабатимиз ва диққат-эътиборимизни яхшилашимизда бурилиш нуқтаси бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) бу йўналишда ўз ҳамкорлари – ҳукумат ва фуқаролик жамиятидаги шериклари билан ҳамжиҳатликда нафақат пандемия пайтида, балки доимий равишда қарияларни қўллаб-қувватлаш учун янада кўпроқ саъй-ҳаракатларни давом эттиришни мақсад қилган.

Шу билан бирга, кекса ёшлиларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини ва улар интеграциялашган ҳолда ҳамда ўз жамоаларида иштирок этишларини таъминлаш борасидаги фаолият янада кучайтирилади.

Ҳозир, кўплаб давлатлар инқирозни қандай қилиб имкониятга айлантириш мумкинлигини кўриб чиқмоқдалар. Буни амалга ошириш учун улар томонидан тўртта муҳим қадам мавжуд:

1. COVID-19га жавобан амалга оширилаётган ҳаракатлар мажмуасида кекса одамларни ҳимоя қилишни устувор ўринга қўйиш. Бунга қарияларнинг тенг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини қўллаб-қувватлаш тўғрисида аниқ оммавий хабарлар юбориш ва жамоат мажбуриятлари оддий хизмат доирасидан ташқарига чиқишини намойиш қилиш ҳам киради.

Хизматларнинг узлуксизлигини таъминлаш, уларга ғамхўрлик қилаётганларни қўллаб-қувватлаш, изоляция қилинган одамларга етиб бориши учун рақамли технологиялардан фойдаланиш - инқироз оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

2. Кекса одамларни тинглаш. Ушбу инқирозга жавобан ва келажак учун сиёсатни ишлаб чиқишда биз катта тажрибага эга бўлган ёши улуғ инсонларнинг гапларига қулоқ тутишимиз даркор.

3. Оммавий нутқ ва амалиётда одамнинг ёшига урғу беришга қарши кураш. Ушбу инқироз даврида янада кўпроқ юзага келган кенг тарқалган камситиш ва салбий стереотипларга нисбатан муросасозлик бўлмаслиги лозим.

Зеро, авлодлараро бирдамлик ва ҳамжиҳатликка асосланган инсоний ғояни илгари суриш ва бу борада ёши улуғлар қўшган қимматли ҳиссалар ижтимоий меъёрлар ва муносабатларни ўзгартиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

4. Ёш меъёрларини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ва стратегик механизмларни ҳамда бюджет харажатларини қайта кўриб чиқиш. Энди инқироздан четга назар ташлаб, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик ва ижтимоий таъминот каби соҳаларда нималарни ўзгартириш кераклигини кўриб чиқиш вақти келди, шунда давлатлар тезкор демографик ўзгаришларнинг оқибатларини енгиш баробарида, кекса ёшдаги аҳолининг ҳуқуқ ва танловларини таъминлай оладиган шароитда бўлади.

Ўз фикримизда собит бўлайлик: инқироз пайтида жуда кўп кексаларнинг ўлими муқаррар эмас эди. Бу муваффақиятсизлигимизнинг тўғридан-тўғри натижаси – уюшмалар, муассасалар ва маданиятлар томонидан кекса авлод ҳаёти ва фаровонлиги учун тенг эътибор ва аҳамият бермаслигимиз оқибатидир.

Биз ўтмиш хатоларидан сабоқ олишимиз ва жамиятнинг муҳим устунлари сифатида: ўқитувчи ва мураббий, васий ва кўнгиллилар, ҳикоянавислар ва ижодкорлар, маданият тарқатувчилар ва биз баъзан одатий деб ҳисоблайдиган ҳуқуқлар учун курашчилар сифатида кекса авлоднинг ўрни тан олинадиган ва қариялар қўллаб-қувватланадиган барча ёш вакиллари жамиятини яратишга жиддий қарашимиз керак.

Ёши улуғлашаётган Европада биз ўз қобилиятлари, истеъдодлари ва бошқа ҳиссалари билан аҳолининг тўртдан бир қисмини эътибордан чиқариб ташлашимиз мумкин эмас. Кексаларга бошқалар каби бир хил ҳуқуқ ва қадр-қиммат билан муомала қилинишини таъминлаш нафақат ахлоқий шарт, балки ҳамма – ҳам қариялар, ҳам ёшлар учун муваффақият омилидир.

Аланна Армитаж,
БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Шарқий Европа ва
Марказий Осиё бўйича минтақавий идораси директори
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)