15:00 / 25.06.2020
2 595

Қозоғистонда яна шаҳарлар ёпилмоқда, пойтахтда пневмония ҳолатлари ҳам ўсмоқда

Қозоғистонда яна шаҳарлар ёпилмоқда, пойтахтда пневмония ҳолатлари ҳам ўсмоқда
Пайшанба куни Нур-Султон шаҳри жамоатчилик соғлиги муҳофазаси бошқармаси раҳбари Сауле Кисикова Қозоғистон пойтахтида коронавирус яна авж олиши фонида пневмония ҳолатлари ҳам ўсаётгани ҳақида маълум қилди.

Сауле Кисикова брифингда маълум қилишича, пневмониядан шикоят қилиб мурожаат қилаётганлар сони одатдаги кунлик 80 ҳолатдан кунига 600тагача етган.

«Ҳар куни шаҳардаги стационарларга коронавирус ва пневмония билан ўртача 350-400 бемор ётқизилмоқда», деган у. Қўшимча қилинишича, Нур-Султонда кунига ўртача 150 киши коронавирусдан зарарланиш ташхиси билан олиб келинмоқда.

«Бир ҳафта ичида беморлар сони (шифохоналарда) икки баробар ошди», деган у.

1,1 миллион киши яшайдиган шаҳардаги давлат поликлиникалари бу ҳафтада бошқа беморлар учун ёпилган, шифокорлар ва тез ёрдам хизматлари ходимлари COVID-19 бўйича чақирувларга жалб этилган.

Ўтган ой охирида фавқулодда режимидан чиққан Қозоғистонда яна карантин чекловлари жорий этилди, савдо марказлари, бозорлар ва хиёбонлар фаолияти тўхтатилган.

24 июнь куни мамлакат марказидаги иккита саноат шаҳри - Кокшетау ва Степногорск ёпилди, ушбу шаҳарларга кириш ва чиқишда блокпостлар ўрнатилди.

«Шаҳарга фақат муайян тоифадаги шахслар кириши мумкин... Соат 22.00дан соат 06.00гача Кокшетау ва Степногорскда аҳоли ва автомашиналар ҳаракати тақиқланади», дейилади Оқмола области бош санитар врачи хабарида.

Россия ва Хитой билан чегарадош бўлган бу мамлакатда май ойи ўрталарида карантин чекловлари юмшатила бошлаганди, аммо шундан кейин вирус устидан назоратни давом эттириш режаси муваффақиятли амалга ошмади.

25 июнь куни ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 31962 ҳолат қайд этилган, шундан 12 677 беморда симптомлар кузатилмаган. Шу вақтгача 136 киши инфекция туфайли вафот этди.

Бу мамлакатда ҳам кунлик ҳолатлар сони ўсиши темпи пасайганди - 31 май куни 450 кишида касаллик аниқланган бўлса, 1 июнь куни янги ҳолатлар сони 263тага тушган, пасайиш 8 июнгача давом этиб, 165тани ташкил этган, шундан кейин кўтарилиш рўй бериб, 12 июнь куни янги ҳолатлар сони яна 300дан ошган. 22 июнь куни эса кунлик ўсиш 500дан ошди, 24 июнь куни 534 кишида вирус аниқланди, 25 июнь куни тонгида яна 520 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонда яна шаҳарлар ёпилмоқда, пойтахтда пневмония ҳолатлари ҳам ўсмоқда