10:24 / 26.06.2020
2 389

Бассейнда ниқоб коронавирусдан ҳимоя қиладими?

Бассейнда ниқоб коронавирусдан ҳимоя қиладими?
Японияда сузиш бўйича мураббийларнинг хавфсиз ишлаши учун ниқобларга талаб ошмоқда. Бассейнда ниқобнинг нима кераги бор, деган саволга бассейн учун ниқоб ихтирочиси, «Rockin'Pool» компанияси президенти Дзюнъя Нисигава жавоб берди.

Японияда чекловлар олиб ташланишининг илк босқичида бассейнларни ҳам очишга рухсат берилди. Спорт ишлари агентлигига кўра, бассейн суви орқали коронавирус инфекциясини юқтириш эҳтимоли ниҳоятда кам. Шунга қарамай, бассейнлар, аниқроғи, сузиш бўйича мураббийлар учун махсус ниқоблар ишлаб чиқишга зарурат туғилди.

«Бассейн суви таркибида кучли бактерицид таъсирга эга натрий гипохлорити бўлганлиги боис сув орқали коронавирус юқмайди. Бироқ инфекциянинг ҳаво-томчи орқали юқиш хавфи сақланиб қолмоқда. Спортнинг бошқа турларидан фарқли ўлароқ сузишни ўргатиш ва машғулотлар вақтида мураббий ва ўрганувчилар ёнма-ён, юзма-юз туришади, устига-устак, қўл ва оёқ ҳаракатларини кўрсатиш, тўғрилаш керак бўлади. Шу боис улар орасидаги масофа жуда яқин бўлади. Шунингдек, нафас машқлари ва нафас олиш техникасини тушунтириш вақтида мураббий ва ўрганувчилар бир-бирига қарама-қарши турган ҳолда қўлларини ушлаб туришади: нафас чиқарганда майда тупук зарралари оғиздан-оғизга тушиши мумкин», — деди Нисигава.

Бунда оддий ниқоб тўғри келмайди — у сувда ҳўл бўлиб қолади, устига-устак, ўрганувчилар мураббийнинг юз ифодасини кўришмайди — бу эса, Нисигаванинг фикрича, «ўрганиш самарадорлиги учун ниҳоят муҳим саналади».

«Машғулотлар сифатини пасайтирмаган ҳолда коронавирус тарқалишига қарши самарали ва ишончли усул ўйлаб топиш ҳақида бош қотира бошлаганимда хаёлимга шаффоф ниқоблар келди», — деди «Rockin'Pool» компанияси раҳбари. Машғулот учун шаффоф ниқоблар яна бир вазифани бажаради — ота-оналарга бассейнда фарзандларини ҳимоя қилиш учун самарали чоралар кўрилганини кўрсатиб беради. Ҳозир айрим бассейнларда 30 фоизгача болалар касалликни юқтириб олишдан қўрқиб машғулотларга қатнамай қўйишган ёки умуман сузишни ташлашган.

Биринчи босқичда компания ойига 2 мингта ниқоб ишлаб чиқарди. Бироқ талаб ошгач, 20 мингта ниқоб ишлаб чиқаришга киришди. Япониядаги 1200 та бассейн ва сузиш клубларидан буюртмалар келиб тушган. АҚШ, Австралия, Хитой, Сингапур, Гонконгдан ҳам талаблар тушмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бассейнда ниқоб коронавирусдан ҳимоя қиладими?