00:30 / 07.07.2020
2 054

Қозоғистон тараққиётининг уч босқичи: Назарбоевнинг хизмати нималардан иборат?

Қозоғистон тараққиётининг уч босқичи: Назарбоевнинг хизмати нималардан иборат?
Фото: Tengrinews.kz
Бугун, 6 июль куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 80 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Туркиянинг Anadolu Agency нашри Назарбоевнинг мамлакат тарихида тутган ўрни ҳақида материал эълон қилди.

90-йилларнинг бошларидан Нурсултон Назарбоев давлат ривожланишининг барча соҳаларида тезкор ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқди ва миллий модернизацияни муваффақиятли амалга оширди. У ўзининг ривожланиш формуласини «аввал иқтисод, кейин сиёсат» деб белгилади. Бошқача қилиб айтганда, демократик институтларни ривожлантириш учун биринчи навбатда иқтисодий жиҳатдан ривожланиш керак эди. Бугунги кунда ушбу тажриба «Назарбоев модели» ёки «Қозоғистон йўли» сифатида ҳам танилган. Ушбу моделнинг асосини эса пухта ва изчил ислоҳ қилинган давлат тузилмаси ташкил этади. Агар Қозоғистоннинг ўттиз йиллик ривожланиш тарихини умумлаштирадиган бўлсак, мамлакат биринчи президентининг саъй-ҳаракатларини учта асосий ислоҳот ва ривожланиш босқичи сифатида тавсифлаш мумкин.

Модернизациянинг биринчи босқичи
Қозоғистондаги биринчи модернизация 90-йилларнинг бошларида юз берди. Бу даврнинг мақсади давлат бошқаруви тизимини қайта қуриш, бозор иқтисодиётининг асосларини яратиш ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув эди. Ушбу даврда Қозоғистон иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда «уч томонлама ўтиш»ни амалга оширди. Қозоғистон демократияни давлат аппаратининг сиёсий ривожланиши учун намуна сифатида танлади. 1995 йилда янги конституция асосида ижро, қонунчилик ва суд ҳокимиятларининг бўлинишига асосланган сиёсий тизим ўрнатилди ва қонун устуворлигининг пойдевори қўйилди. Давлат чуқур иқтисодий ўзгаришларни амалга оширди ва бозор иқтисодиётининг асосий механизмларини яратди. Давлат ноаниқлик муҳитида барқарорликни таъминлади ва жамиятда этник ва диний ҳамжиҳатликни сақлаб қолди.

Қозоғистон ўзини тинчликсевар мамлакат, деб эълон қилди ва СССРдан мерос қолган тўртинчи йирик ядро арсеналидан воз кечди. Ёш давлат жаҳон ҳамжамияти аъзоси сифатида халқаро миқёсда тан олинган дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Ушбу жараёнда Қозоғистон кутилмаган ҳаракат билан давлатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқди. Нурсултон Назарбоев 1997 йилда «Қозоғистон-2030 стратегияси»ни эълон қилди. Собиқ совет иттифоқи давлатлари ўз олдидаги энг долзарб ижтимоий, иқтисодий ва ички сиёсий муаммолар билан андармон бўлаётган бир пайтда Қозоғистоннинг биринчи президенти ўз мамлакатини ўттиз йилдан кейинги уфққа қарашга ундади.

Модернизациянинг иккинчи босқичи
Қозоғистоннинг иккинчи модернизацияси 1990-йилларнинг охирида бошланган ва 2010-йиллар ўрталарида якунланди. Бу даврда энди давлат сифатида шаклланиб, оёққа туришни ўрганган Қозоғистон 90-йиллар бошларида олиб борилган қатъий ислоҳотлар самарасини кўра бошлади. Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида иқтисодиёт барқарор ўсишга эришди. Мамлакатда замонавий давлат институтлари ва ўрта синф шаклланди. Ислоҳотлар натижасида жамиятнинг фаровонлиги ошди.

90-йиллар бошида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 700 долларни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу рақам 12 минг долларга етди. Шу сабабли, Жаҳон банки Қозоғистонни ўртача даромадли мамлакатлар қаторига киритди. Қозоғистон 1998 ва 2008-2009-йиллардаги инқироздан жиддий зарар кўрмасдан чиқиб олди. Ушбу ҳолат ёш давлатнинг иқтисодий қудратини намойиш этди ва давлат тузилмасининг мустаҳкамлигини исботлади.

Иккинчи модернизация давридаги Қозоғистоннинг яна бир муҳим ютуғи мамлакат пойтахтининг Остонага (ҳозирда биринчи президент номи билан аталаётган Нур-Султон шаҳри) кўчирилиши ва қайта қурилиши эди. Янги пойтахт давлатнинг ривожланиши жараёнида юзага келган бир қатор стратегик муаммоларни ҳал қилди ва янги тарихий давр тимсолига айланди. 2012 йилда Қозоғистон дунёдаги энг рақобатбардош 50 мамлакат қаторига кирди. Ўша йилларда Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон-2050» стратегиясини эълон қилди. Мақсад эса бир неча ўн йил ичида дунёнинг 30та илғор мамлакатларидан бирига айланиш эди.

Модернизациянинг учинчи босқичи
Назарбоев 2017 йилда учинчи модернизация даврини эълон қилди. Қозоғистон энди ўсиш потенциалини намоён қилиб улгурганди. Назарбоев олиб борган сиёсат туфайли Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 22 миллиард доллардан 184 миллиард долларга кўтарилди. Ишбилармонлик фаолияти шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилган ҳаракатлар натижасида мамлакат Жаҳон банкининг бизнесни юритиш қулайлиги индекси (Doing Business) кўрсаткичи бўйича 2005 йилда 86-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда 25-поғонага кўтарилди.

Ривожланишнинг ушбу янги мақсадига эришиш учун жамият олдида масъул бўлган профессионал давлатни яратиш лозим эди. Ушбу янги даврнинг устуворликлари орасида иқтисодиётни самарали ривожлантириш, чет эл сармояларини жалб қилиш, инновацион саноатлаштириш, ижтимоий модернизация ва халқ бирлигини ҳимоя қилиш вазифалари мавжуд. Ушбу даврда миллий ривожланиш «маънавий янгилаш»нинг махсус дастури бўйича инсон капиталини ривожлантиришга асосланади.

Мақсадлари бир-бирига зид бўлмаган модернизация қилишнинг ушбу уч босқичи яхлит янгиланиш ва ривожланиш жараёнини шакллантирди. Барқарор давлат тузилиши ва кучли президентлик тизими мамлакатда ислоҳотларни амалга оширишга имкон берди. Умуман олганда, замонавий Қозоғистон 90-йилларда яшаш учун курашни ортда қолдириб, энг ривожланган давлатлар қаторида ўз ўрнини эгаллаш учун глобал мусобақага киришди.

Назарбоев томонидан «кўп векторлик» деб белгиланган ташқи сиёсатнинг мувозанатли услуби туфайли Қозоғистон хавфсизлиги таъминланди ва мамлакат халқаро ҳамжамиятнинг обрўли аъзосига айланди. Биринчи президентнинг халқаро майдондаги ғоялари ва ташаббусларининг аксарияти амалга оширилди. Қозоғистон глобал ядро хавфсизлиги минтақасидаги муҳим давлатлардан бирига айланди. Тинчликпарварлик сиёсати ва Тоғли Қорабоғ, Эрон ядровий инқирози, Украина, Сурия ва бошқа мамлакатлардаги можароларни ҳал қилишда маълум натижаларга эришди.

Қозоғистоннинг тинчликка йўналтирилган сиёсати мамлакатнинг Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ), Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти (ИҲТ), 2017-2019 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ва бошқа халқаро ташкилотларга раислик қилишига ҳисса қўшди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи Назарбоевнинг Евроосиё ғоялари асосида яратилди. Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлди ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш туфайли Шарқ ва Ғарб ўртасидаги транспорт ва савдо йўлаклари бўйича марказий мамлакатга айланди.

Назарбоев бошчилигидаги уч босқичли модернизация даври натижасида Қозоғистон ўзига хос «вақт портлаши»ни амалга оширди. Бошқача айтганда, мамлакат бир сиёсий-тарихий даврдан янги даврга, бир иқтисодий тизимдан бошқасига муваффақиятли ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон тараққиётининг уч босқичи: Назарбоевнинг хизмати нималардан иборат?