16:31 / 16.07.2020
2 842

Туркманистон президенти ниқоб тақиб балиқ овига чиқди (фото, видео)

Туркманистон президенти ниқоб тақиб балиқ овига чиқди (фото, видео)
Кадр: YouTube
Ҳозирда таътилда бўлган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов балиқ овига чиқиб, қўлга киритган ўлжаларини Копетдағдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига юборди, деб хабар беради «Altyn Asyr» канали.

Эътиборли жиҳати, телевидение мамлакат президентини ҳимоя ниқоби ва қўлқопларда кўрсата бошлаган, ҳатто у табиат қўйнида бўлганида ҳам. Туркманистон ҳудудида коронавирус тарқалганини расман тан олмаган мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ниқоб ҳавода «зарарли чанг тарқалгани» сабаб тақилаётганини маълум қилган.

Бердимуҳамедов кўл бўйига қармоғини қўйиб, туркман ери ва маҳаллий ўсимликларининг ўзига хослиги тўғрисида чоп этилган мақолаларни ўқиб чиққан. Президент ўзининг барча ҳаракатларини — газета ўқишдан тортиб, биноколда атрофни кузатишларигача — ёлғиз бўлса-да, ниқобни ечмаган ҳолда амалга оширган.

Кадр: YouTube
Телерепортажда маълум қилинишича, Бердимуҳамедов ушлаган балиқлар болалар уйининг барча тарбияланувчиларини тўйдиришга етган. Сайрга чиққан болалар ҳам ниқобда кўрсатилган, бино ичида эса — ниқобсиз.

Кадр: YouTube
Эслатиб ўтамиз, март ойида Туркманистон ҳукумати «коронавирус» сўзини ишлатиш, шунингдек, фуқароларга кўчага тиббий ниқобларни тақиб чиқишни тақиқлаган эди.

Аввалроқ Туркманистон пойтахтида тиббий ниқоблар нархи бир ҳафтада 14 баравар ошгани тўғрисида хабар берилганди. Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун 6 июлдан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси бўлиб турибди. У инфекция тарқалиши хавфини баҳолаш учун Туркманистон касалхоналари ва лабораторияларига ташриф буюриши лозим. Мамлакатга мутахассисларнинг кириб келиши билан деярли бир вақтда Туркманистон президенти ва ҳукумати таътилга чиқиб кетган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистон президенти ниқоб тақиб балиқ овига чиқди (фото, видео)