20:16 / 23.07.2020
5 386

Ўзбек йигитлари Россияда қаҳрамонга айланишди (видео)

Ўзбек йигитлари Россияда қаҳрамонга айланишди (видео)
Фото: «CentralAsia»
Россиянинг Подольск шаҳрида 4-қават балконидан тушиб кетган 2 ёшли боланинг жони омон қолди. Уни ўзбекистонлик коммунал хизматчилари адёл ёрдамида тутиб олишди, деб ёзади «CentralAsia».

Бола балкондан ошиб тушган ва оёқлари билан деворнинг туртиб чиққан жойига тирмашган. Шу ҳолатда балконнинг ташқи томонида 20 дақиқа осилиб турган. Сўнг қўллари толиққанидан очилиб, пастга тушиб кетган. Бу вақтда 21 ёшли она уйда ухлаётган бўлган. Полициянинг аниқлашича, у ғирт маст бўлган.

Коммунал хизматчилари андижонлик Бекмурод Турдалиев ва Шербек Солиев ўша куниёқ Подольск қаҳрамонларига айланишди. Улар ишлаётган компания раҳбарияти боланинг халоскорларини мукофот пули билан тақдирлашга ваъда берди.

— Йигитлар майсани кесишаётганди. Сўнг менга қўнғироқ қилиб, 4-қаватнинг балконида бир бола осилиб турганини ва бақираётганини айтишди. У тинмай йиғлаб, онасини чақирарди: «Она, она!». 3-қаватда яшайдиган аёл бизга адёл олиб чиқиб берди. Биз пастда адёлни ёзиб, 20 дақиқа кутдик. Бу вақтда бечора бола қўлида осилиб турар ва тинмай кўз ёши тўкарди. Сўнгра ҳолдан тойди, шекилли, қўллари очилиб кетди ва тўппа-тўғри адёлга келиб тушди, — дея сўзлаб берди Бекмурод Турдалиев. — Адёлни беш киши ушлаб турдик. Шу уйда яшовчи 16 ёшли рус йигит ҳам бизга ёрдамлашди. Бола роса бақириб йиғлади, лекин онаси эшитмади ёки ёнига чиқишни хоҳламади. Болани ушлаб олганимизда, ерга тушириб юбормасликка ҳаракат қилдик. Шунинг учун шикастланмади.

Боланинг қутқарувчиси Бекмурод ўзини таништирар экан, 10 йилдан бери Подольскда яшашини, шу вақтгача маҳаллий ҳудудни тартибга солиш гуруҳида ишлаганини гапириб берди. У — кўп болали ота, унинг 6 ёшли ўғли ва уч нафар қизи, жумладан, эгизаклари бор. Оиласи ҳам у билан бирга Подольскда бўлган. Фақат январда яқинларини кўриб келиш учун ватанига кетишган ва карантин туфайли қолиб кетишган. Энди улар ўз отаси билан фахрланиб юрадиган бўлишди.

Маълум бўлишича, болакайнинг онаси Наталья Ш. 21 ёшда, у ёлғиз она, унинг яна бир ёшли ўғли ҳам бор. Полиция юз берган воқеадан сўнг анча пайтгача унинг квартирасига кира олишмаган. Фавқулодда ҳолатлар хизмати ёрдамида эшикни бузиб киришганида, иккинчи болакай онасининг ёнида бўлган. Текширув ишлари тугагунга қадар болалар онасидан олиниб, шифохонага ётқизилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)