06:00 / 06.08.2020
2 139

Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда яшаётган юзлаб ўзбекистонликлар ёрдам сўрамоқда

Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда яшаётган юзлаб ўзбекистонликлар ёрдам сўрамоқда
Шох-шабба ва чойшаблардан қилинган чайлалар, қуёш тиғи остида қолган ҳомиладорлар, болалар ва беморлар, инсон яшай олмайдиган шароитда яшашга мажбур юзлаб инсонлар. Бу манзара даҳшатли уруш вақтида эмас Россияда, дейди Mash Youtube-канали бош муҳаррири Сергей Титов. У Самара областидаги Россия-Қозоғистон чегарасида жойлашган мигрантлар вақтинчалик лагерларида бўлиб, у ердаги ҳолат билан танишган.

Маълумот берилишича, Самара ва Оренбург областлари чегарасида коронавирус пандемияси сабабли ишсиз қолган ва ватанга қайтишга уринган 800га яқин ўзбекистонликлар чегаралар очилишини интизорлик билан кутишмоқда. Улар жазирама қуёш нурлари остида, чўлда кун кечиришмоқда.

Мана, 25 кундан буён очиқ осмон остида ётибмиз. Бўш далани видеога олиб, бу ерда мигрантлар қолмаган деб айтишяпти. Лекин бу ёлғон. Илтимос, бизга ёрдам беринглар. Касалларимиз бор, болаларимиз иссиқда ётибди, раҳмингиз келсин”, дейди улар.

Мухбирнинг сўзларига кўра, мигрантлар лагери яқинидаги Большая Черниговка қишлоғи аҳолиси бундай вазиятга тайёр бўлмаган бўлса-да, уларни тушунишга ҳаракат қилмоқда.

Большая Черниговка масжиди имоми Гумар Галиуллиннинг айтишича, мигрантлар учун озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармонлар йиғиб олиб бориб берилган.

Тўртинчи марта ана шундай ёрдамни олиб борганимизда, улар “бизга маъмурият ёрдам беришни бошлади, биздан ҳам муҳтожроқ бўлганларга ёрдам кўрсатинглар” дейишди”, дейди имом.
Лавҳада шунингдек, ҳали бир ёшга тўлмаган гўдаги бўлган аёллар, саломатлиги оғир аҳволда бўлганлар ҳам ўз фикрларини билдирган.

Айтилишича, ҳар куни ватанга поездда олиб кетиш учун лагерда ётганларнинг рўйхати тузилган. Уларни Самара шоҳбекатига олиб боришган. Аммо поездга рўйхатдагилар эмас, балки белгиланганидан кўпроқ пул тўлаганлар чиқарилган, буларни эса яна қайтариб чўлга олиб келиб ташлашган.

Айни пайтда мигрантлар учун алоҳида лагерь бунёд этилган, аммо уларнинг сўзларига кўра, бу ерда ҳам шароит ҳаминқадар. Электр токи йўқ, чой қайнатишга шароит йўқ.
Қайтиб Россияга ишлагани бормайман. Соғлигимни йўқотиб бўлдим”, дейди суҳбатдошлардан бири.

Аввалроқ Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланиб турган 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар учта йўловчи поезди орқали Тошкентга олиб келингани хабар қилинганди.

Ўзбекистонликларнинг Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланиши май ойида ҳам кузатилган, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Қозоғистон ваколатли органлари билан келишган ҳолда, 1100 нафар фуқарони автобусда мамлакат ҳудудига олиб келганди. Ўшанда расмийлар мазкур амалиёт истисно тариқасида фақат бир мартагина амалга оширилаётганини таъкидлашган эди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда яшаётган юзлаб ўзбекистонликлар ёрдам сўрамоқда