17:50 / 29.08.2020
3 059

Қўл соатининг ўзи 1,2 миллион доллар... Ҳашамат ичида яшаётган давлат раҳбари

Қўл соатининг ўзи 1,2 миллион доллар... Ҳашамат ичида яшаётган давлат раҳбари
Марокашни 21 йилдан бери бошқариб келаётган қирол Муҳаммад VI.
Фото: AFP

Марокаш қироли Муҳаммад VI дунёнинг энг бой ҳукмдорларидан бири саналади. Бир неча миллиард долларлик бисотга эга тождорнинг йиллик «чўнтак» харажатлари 40 миллион доллардан ошади. Қимматбаҳо автоуловлар, серҳашам қасрлар, хизматга шай юзлаб хизматкорлар... Алқисса, зоти олийларнинг дабдабали ҳаёти зарбулмасалга айланиб кетган.

Муҳаммад VI бин Ҳасан 1963 йилда туғилган. 1999 йил июль ойида қирол Ҳасан II вафотидан кейин тахтга чиққан. У мансуб алавийлар сулоласи Марокашни 1666 йилдан бери бошқариб келади.

Қиролнинг мамлакат бўйлаб оз эмас, нақ 12 та саройи бор. Ҳукмдор улардан тўрттасини доимий истифода этади. Аммо қолган 8 та сарой ҳам йил — ўн икки ой соҳиби тахтнинг кутилмаган ташрифига шай туради. Битта қароргоҳнинг кунлик харажати 1,5 миллион доллар…

Қиролнинг пойтахт Работдаги саройи. Фото: «Google Images»
Умуман, Марокаш аҳолиси қирол Муҳаммад VI нинг рисоладагидек ҳаёт кечириши учун йилига 353 миллион доллар тўлайди. «The Telegraph» нашрига кўра, бу Буюк Британия қироличаси Елизавета II учун сарфланаётган маблағдан 18 баравар кўп.

Одатда, зоти олийлари хорижга 300 чоғли хизматкор ва маҳрам дўстлари ҳамроҳлигида сафар қилади. Қиролнинг шахсий гаражида эса «Maybach», «Aston Martin», «Ferrari» ва бошқа ўнлаб қимматбаҳо автоуловлар мавжуд. Ҳикоя қилишларича, ҳар куни эрталаб хос хизматчилар сарой дарвозаси олдига ўнлаб машиналарни келтириб қўйишади, қирол эса кайфиятига кўра улардан бирини танлайди. Серҳашам машиналарини хуш кўрувчи ҳукмдор «Aston Martin» автомобилини қўшимча жиҳозлаш учун Британияга алоҳида учоқда юборган.

Марокашда 34 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маълумотларга қараганда, 5 миллионга яқин марокашлик кунига бир ярим долларлик даромадга қаноат қилиб кун кўради. 1999 йилда мамлакат тахтига чиққан Муҳаммад VI «камбағаллар подшоси» деб аталган эди. Аммо ҳукмдорнинг ҳашаматда, оддий халқнинг эса машаққатда ҳаёт кечираётгани умидлар у қадар оқланмаганини кўрсатади, деб ёзади хориж матбуоти.

Ҳисоб-китобларга кўра, подшоҳ қароргоҳларида боқилаётган уй ҳайвонлари учун йилига бир ярим миллион доллар харжланади. Кийим-кечак учун ҳам маблағ аяб ўтирилмайди. Масалан, Лондондаги бутикдан қиролга 55 минг долларга кашмири пальто харид қилинган.

2020 йил январь ойида қирол саройининг фарроши 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Фаррош аёл ҳар бири 20 минг доллардан кам турмаган ўнлаб соатларни ўғирлашда айбланди. Тўғри, 20 минг доллар каттагина маблағ саналади. Аммо қиролнинг севимли қўлсоати нархи олдида бу маблағ кепак пули бўлиб қолиши аниқ. Гап шундаки, зоти олийларининг тилла ва олмос билан безатилган «Patek Philippe» қўлсоати 1,2 миллионга баҳоланган.

Марокаш қироли дабдабали маркаблардан ташқари яхталарга ҳам қизиқади. Тахтга чиққанининг 20 йиллиги шарафига 88 миллион долларга 70 метрли улкан яхта харид қилган. Бундан ташқари, 62 метрли «El Boughaz» яхтаси ҳам қирол хизматида.

Фарзанд аржуманди, валиаҳд шаҳзода Мулай Ҳасан (17 ёш) билан. Фото: «Reuters»
Таҳлилчиларга кўра, Муҳаммад VI мамлакат тарихида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда ислоҳотларга қўл урган ҳукмдор сифатида ҳам қолади. Айни чоқда, мамлакатда кузатилаётган ишсизлик, қашшоқлик каби муаммолар бой берилган имкониятлар кўплигини кўрсатмоқда.

Собиржон Ёқубов тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)