19:40 / 03.09.2020
929

Қирғизистонлик оқин президент Сўранбай Жээнбековга коррупция ҳақида қўшиқ куйлаб берди (видео)

Қирғизистонлик оқин президент Сўранбай Жээнбековга коррупция ҳақида қўшиқ куйлаб берди (видео)
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистонда хизмат кўрсатган артист, импровизатор-оқин Аали Туткучев 31 август куни Мустақиллик куни муносабати билан ташкил этилган байрам концертида мамлакат президенти Сўранбой Жээнбеков ва бошқа юқори мартабали амалдорлар қаршисида чиқиш қилди. Kloop нашрининг ёзишича, оқин қўмуз (торли мусиқа чолғуси) жўрлигида қирғиз халқининг мустақиллик учун кураши ва коронавирусга қарши бирдамлиги тўғрисида қўшиқ куйлаган.

Бундан ташқари, у коронавирус оқибатида вафот этган таниқли санъат намоёндалари, сиёсатчилар ва дин вакилларини санаб ўтган.
Шу билан бирга, Аали Туткучев ўз чиқишининг асосий қисмини мамлакатдаги муаммоларга — божхона хизматидаги, суд тизими ва сайловлардаги коррупцияга бағишлаган.

У халқдан яширинча ўғирлаётганларни, «таниш-билиши» йўқларни ҳақорат қилишлари, божхонадаги постларнинг кўплиги, саводсизларнинг сочдан ҳам кўплиги тўғрисида куйлаган.

Оқин ўз чиқишида муаммони бартараф этиш учун давлат ташкилотлари фаолиятини рақамлаштиришни таклиф этган.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
2019 йилда Қирғизистон ҳар йили Transparency International халқаро ташкилоти томонидан тақдим этиладиган Коррупция индексида 180 та ўриндан 126-поғонани банд этган. Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қозоғистон юқорироқ ўринни эгаллаган — 113-ўрин. Ўзбекистон ва Тожикистонга 153-ўрин, Туркманистонга эса 165-ўрин насиб этган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)